Ижарадан олинган даромадларни ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида қандай акс эттириш керак

preview

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китоби шаклида янги 070-сатр “Мол-мулкни ижарага беришдан солиқ суммаси” пайдо бўлди. 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб ушбу тўловлар солиқнинг шахсий ҳисобварағида 186-коди билан ҳисобга олинади. 

Янгиликларни “Норма” ва buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– Ушбу сатрнинг пайдо бўлиши – узоқ кутилган ҳодиса! У пайдо бўлгунга қадар барча сумма солиқнинг шахсий ҳисобварағида 46-коди билан акс эттирилган, бу тубдан нотўғри эди: 46-коди билан солиқ республика бюджетига келиб тушади, мол-мулкни ижарага беришдан солиқ суммаси эса – маҳаллий бюджетга келиб тушади.

Бу турли тушунмовчиликларга олиб келган. Хусусан, мен ДСИнинг ёш тажрибасиз инспектори солиқни тўлаган солиқ тўловчидан, нима учун унда республика бюджетига ортиқча тўлов, маҳаллий бюджетга эса – қарздорлик юзага келганлигини аниқлаштираётган вазиятга гувоҳ бўлганман.

Энди эса солиқ ҳисоб-китоблари шакллари ва ШҲ ахборот берувчи бўлди ва қўшимча тушунтиришларни талаб қилмайди.

Хатолар бўлмаслиги учун солиқ агентлари қуйидагиларга кўникишлари лозим, 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб:

1) ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тўлдиришда мол-мулкни ижарага беришдан солиқ суммасини ажратиш ва Ҳисоб-китобнинг 070-сатрида кўрсатиш зарур;

2) солиқ ҳисоботини топширишда энди қуйидагилар автоматик тарзда шакллантирилади:

  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларидан олинадиган солиқ коди (186);
  • тегишли ғазна ҳисобрақами;

3) ушбу солиқ турини тўлаш учун my.soliq.uzдаги шахсий кабинетда “Юридик шахсларнинг солиқларини тўлаш” бўлимига кириш ва “Солиқ турларини янгилаш”га босиш лозим;

4) агар солиқ тўловчи ҳисобот тақдим этмаган ҳолда солиқ тўлашни хоҳласа, мазкур солиқ кодини (186) очиш учун у рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига мурожаат қилиши лозим (боғланиш учун телефон рақамлари “Юридик шахсларнинг солиқларини тўлаш” бўлимида мавжуд).

Бунда, агар ЖШДС ҳисоб-китобининг 070-сатрини e-ijara.uz маълумотлари асосида автоматик тарзда тўлдириш функционали жорий этилса, солиқ маъмуриятчилиги тизимини анча қулай қилиш ва амалий жиҳатдан яхшилаш мумкин, деб ҳисоблайман.

 

Агар янгиликларни ҳисобга олмаган ҳолда тўлаган бўлсангиз

Кўплар билмасдан, кимдир эса – солиқ шакллари ўзгартирилгунга қадар ушбу янгиликларни ҳисобга олмаган ҳолда солиқни тўлашган. Натижада уларда ҳозир солиқнинг 46-коди бўйича ортиқча тўлов, 186-коди бўйича эса – боқимонда юзага келган. Вазиятни қандай тузатиш мумкин? Бу ерда вариант иккита:

1. Шахсий кабинет орқали солиқни 46-кодидан 186-кодига ўтказиш учун ариза беринг. Бу – энг тўғри ечим, лекин нима учундир аризанинг электрон шаклида 186-коди мавжуд эмас. Ўйлайманки, бу – вақтинчалик ва солиқчилар яқин вақтда мазкур техник камчиликни бартараф этишади.

2. Солиқни яна бир марта 186-кодига тўланг, 46-кодида эса ортиқча тўлов қолсин. Навбатдаги тўловда ушбу ҳолатни ҳисобга олинг ва 46-кодига солиқни ортиқча тўловни чегирган ҳолда тўланг. Шу тариқа ҳаммаси тенглашади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади