Қандай қилиб хизматлар импортида ҚҚС бўйича ҳисоботни топшириш ва солиқни тўлаш керак

preview

Хизматлар импортига бир томонлама ЭҲФ тақдим этиш мажбурияти мавжудми? Ҳисобварақ-фактуралар тўғрисидаги низомда ушбу саволга жавоб йўқ.

Пировардида зарар кўрмаслиги учун солиқ тўловчи ўзини қандай тўғри тутиши кераклигини солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди.

 

Амалиётчи экспертларнинг тушунтиришларини тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

2022 йил 11 сентябрдан бошлаб ишлар, хизматлар импортига бир томонлама ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш имконияти чекланган. Шу пайтдан бошлаб ушбу операцияларга бир томонлама ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш керак эмас.

Ишлар, хизматлар импортини акс эттириш, шу жумладан СКнинг 266-моддаси қоидаларига риоя қилган ҳолда ҚҚСни ҳисобга олишга қабул қилишни тақдим этиш автоматлаштирилган.

Ахборот тизими тўлов топшириқномалари (коди 29) ва ҚҚС бўйича ҳисобот (пакет коди 10001_5) маълумотлари асосида чет эллик шахслар томонидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш бўйича тегишли ҳисоб-китобларни амалга оширади.

Барчаси, шу жумладан ҚҚСни ҳисобга олишга қабул қилишни тақдим этиш қоидалар бўйича ўтиши учун солиқ тўловчи – хизматлар импортини олувчи:

  • 10001_5 шакл бўйича ҚҚС бўйича ҳисоботни топшириши ва 29 коди бўйича солиқни тўлаши;
  • 10006_37 шакл бўйича ҚҚС бўйича ҳисоботни топшириши лозим. Агар ижобий фарқ мавжуд бўлса, уни 1 коди бўйича тўлаш керак. Агар салбий фарқ мавжуд бўлса, бу бюджетдан суммаларни қайтариш ҳуқуқини беради.

СКнинг 273-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботини ўзлари солиқ ҳисобида турган жой бўйича ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этишлари ва ҚҚСни солиқ ҳисоботи тақдим этишнинг сўнгги муддатидан кечиктирилмаган муддатда тўлашлари шарт.

Техник хусусиятлар туфайли ҚҚСни ҳисобга олиш нуқтаи назаридан ўзига хос жиҳатлар мавжуд. Сиз кўрсатиб ўтилган ҳисоботларни қачон топширишингиз, солиқни қачон ва қандай миқдорда тўлашингизга кўп нарса боғлиқдир. Мисолларда кўриб чиқамиз.

 

1-вазият: "Рисоладагидек"

Сиз хизматлар импорти амалга оширилган солиқ даври якунлангунга қадар солиқ ҳисоботини топширдингиз ва солиқни тўладингиз ва бунда ҳисоб-китоб жуда аниқ амалга оширилган. Яъни сиз Солиқ кодекси нормалари бўйича ҳисоб-китоб қилишда қанча тўлашингиз керак бўлса, шунча тўлайсиз. Бу рисоладагидек вазият.

Бу ҳолда солиқ тўловчининг манфаатларига ҳам, давлатнинг манфаатларига ҳам зиён етмайди.

 

2-вазият: "Солиқ тўловчига яхши"

Солиқ тўловчи ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1 дан 20 кунигача бўлган муддатда солиқни тўлиқ тўлади.

Мазкур вазиятда ҳисобга олиш ҳисобот даврида тақдим этилиши, пуллар эса ғазнага фақатгина кейинги ҳисобот даврида келиб тушиши маълум бўлади. Бундай вазият бюджетда яхши тарзда акс этмайди, солиқ тўловчининг манфаатларига эса зиён етмайди.

 

Лекин амалиётда кўпинча солиқ тўловчи у ёки бошқа сабабга кўра солиқни ортиқча тўлаган ва унда ижобий сальдо қолган ёки солиқни тўлиқ тўламаган ва унда бюджет олдида қарзи қоладиган вазиятлар бўлади. Кузатувларимнинг кўрсатишича, бундай вазиятлар солиқ тўловчи учун яхши оқибатларга эга бўлмайди.

 

3-вазият: "Беҳуда ортиқча тўлайсиз"

Сиз солиқни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1 дан 20 кунигача бўлган муддатда тўладингиз.

Бу ҳолда шуни кўзда тутингки, дастур шундай тарзда созланганки, у кейинчалик сизнинг сальдони кўрмайди. Яъни сизнинг ҚҚС бўйича ортиқча тўловингиз кейинчалик ўзаро ҳисоб-китобларда ҳисобга олиш имкониятисиз осилиб туради.

 

4-вазият: "Ҳисобга ололмайсиз"

Сиз солиқни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 1 дан 20 кунигача бўлган муддатда тўлиқ тўламадингиз, яъни давлатга қарз бўлиб қолдингиз.

Бу ҳолда ҳисобга олишни ҳисоб-китоб қилишда дастур сиз ҳақиқатда тўлаган суммадан келиб чиқишини кўзда тутинг. Бунда сиз эртами-кечми барибир сўндирадиган солиқнинг қолган қисмидан сизда ҳисобга олишни қабул қилиш имконияти бўлмайди.

 

Регуляторга таклиф

Хизматлар импортига бир томонлама ҳисобварақ-фактуралар бекор бўлган пайтдан эътиборан 9 ойдан кўп вақт ўтганига қарамай, белгиланган муаммолар ҳал қилинмай қолмоқда. Назаримда, вазиятдан чиқишнинг иккита йўли мавжуд:

  • солиқ органларининг ахборот тизимлари ҳисоб-китобларни амалга оширадиган формулаларни қайта ишлаш лозим, лекин нимагадир ҳануз бу амалга оширилмаган,

ёки

  • солиқ органларининг ахборот тизимларини қўшимча созлашни талаб қилмайдиган вариант – бу Солиқ кодексини тўлдиради. Хизматлар импорт қилинган тақдирда солиқ ҳисоботи ва солиқни тўлаш хизматлар импорти содир бўлган ҳисобот даври якунлангунга қадар амалга оширилиши кераклигини ёзиш лозим.

 

Хулоса

Бугунги кунда солиқ тўловчи учун энг мақбул вариант – хизматлар импорти амалга оширилган ой якунлангунга қадар ҳисоб-китобни топшириш ва солиқни тўлаш ҳисобланади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади