Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этиш қандай расмийлаштирилади
Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этишда ҳаммаси осон: балансларни моддалар бўйича қўшасиз ва ҳаммаси тайёр бўлади, деб ўйлашади кўпчилик. Аслида ҳам шундайми?
Қўшиб юборишда ҳужжатларни қандай тўғри расмийлаштириш керак? Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этиш қандай солиқ оқибатларига сабаб бўлади ва қайта ташкил этилаётган корхоналар солиқ текширувидан ўтказилиши керакми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “ADM ACCOUNTING SOLUTIONS” консалтинг компанияси таъсисчиси, аудитор Дарина АБУХОВИЧ жавоб беради.
Қўшиб юборишда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади
Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этишда иккита ёки бир нечта компаниялар (уларни тушуниш осон бўлиши учун – олдинги корхона деб атаймиз) алоҳида юридик шахс сифатида фаолият юритишни тўхтатадилар ва битта янги ташкил этилган корхонага бирлашадилар. Янги корхона ўз фаолиятини тугатган компанияларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Бу шуни англатадики, унга юридик шахслар – олдинги корхоналарнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтказилади .
Иккита корхонани қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш Давлат хизматлари маркази орқали расмийлаштирилади.
Корхонани қайта ташкил этишда қуйидаги ҳужжатларни расмийлаштириш лозим:
1. Иштирокчиларнинг қайта ташкил этиш тўғрисида баённомаси (таъсисчилар қарори). Ягона иштирокчига эга жамиятда у қарорни якка тартибда қабул қилади .
Баённомада қуйидаги жиҳатларни назарда тутинг:
- инвентаризация ўтказиш муддатларини;
- ҳуқуқий ворисга берилаётган мол-мулкни баҳолаш усулини;
- қайта ташкил этилаётган корхона соф фойдасини тақсимлаш тартибини;
- янгидан ташкил этилган корхонанинг устав капиталининг миқдорини ва уни шакллантириш тартибини;
- АЖ учун – қайта ташкил этиладиган жамият акцияларини ҳуқуқий вориснинг акцияларига конвертация қилинишининг тартибини.
2. Манфаатдор шахсларни хабардор қилиш. Ўз контрагентларингизни бўлғуси қайта ташкил этиш тўғрисида хабардор қилишингиз лозим. Хабарнома таъсисчилар баённомаси расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 кун давомида юборилади.
3. ОАВ ёки my.gov.uz сайтида қайта ташкил этишнинг бошланиши ҳақида эълон бериш;
4. Мол-мулкни инвентаризациядан ўтказиш далолатномалари. Инвентаризацияни ўтказинг. Инвентаризация ялпи тарзда ўтказилиши керак, сабаби нафақат мол-мулкнинг ҳақиқатда мавжудлигини, балки контрагентлар билан ҳисоб-китобларни ҳам тасдиқлаш лозим. Шунингдек, мол-мулк учун барча ҳуқуқни ўрнатувчи ҳужжатларнинг (шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) мавжудлигини текширинг. Улар сизга қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириш, шунингдек ҳисобга олиниши (тузатиш киритилиши) лозим бўлган ҚҚСни аниқлаш учун талаб қилинади;
5. Якуний молиявий ва солиқ ҳисоботи – Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига янги вужудга келган корхона ҳақидаги ёзув киритилгунга қадар шакллантирилади. Ушбу босқичда бухгалтер барча даромадлар ва харажатлар счётларини ёпади, молиявий натижани аниқлайди, соф фойдани қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада белгиланган мақсадларга йўналтиради;
6. Топшириш далолатномалари – уларни тузинг, тасдиқланг. Топшириш далолатномаларига бошланғич ҳужжатлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ёйилмаси, суд даъволари, инвентаризация далолатномалари, бюджет билан ҳисоб-китоблар, молиявий ҳисобот ва ҳоказони ўз ичига оладиган барча ҳисобга олиш ҳужжатларини илова қилиш лозим;
7. Қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома. Қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома ва қабул қилиш-топшириш далолатномаларини тасдиқлаш қўшиб юборишда иштирок этаётган барча корхоналар иштирокчиларининг қўшма йиғилишида амалга оширилади;
8. Корхона-ҳуқуқий вориснинг таъсис ҳужжатлари;
9. Барча таъсисчилар қўшма йиғилишининг баённомаси;
10. Янги корхона давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб шакллантириладиган корхона-ҳуқуқий вориснинг кириш ҳисоботи.
Компанияларни қўшиб юборишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади
Фойда солиғи
Олдинги корхона томонидан қайта ташкил этиш тугаган санага қадар олинган ва ҳуқуқий ворисга ўтказиладиган мол-мулк ва номулкий ҳуқуқлар қиймати даромад деб эътироф этилмайди .
ҚҚС
Юридик шахс қайта ташкил этилаётганда унинг мол-мулкини ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларга) ўтказиш солиқ солиш объекти ҳисобланмайди .
Айланмадан олинадиган солиқ
Олдинги корхона томонидан қайта ташкил этиш тугаган санага қадар олинган ва ҳуқуқий ворисга ўтказиладиган мол-мулк ва номулкий ҳуқуқлар қиймати даромад деб эътироф этилмайди .
Шу тариқа, олдинги корхонада активлар ва мажбуриятларни ўтказиш уларнинг чиқиб кетиши сифатида қаралмайди ва реализация ҳисобланмайди, даромад деб эътироф этилмайди.
Бир қарашда, қайта ташкил этишда солиқлар юзага келмайди. Аммо амалиётда қайта ташкил этишни ўтказиш вақтида солиқ мажбуриятлари пайдо бўладиган вазиятлар юзага келади.
Қайта ташкил этишни ўтказиш вақтида солиқ оқибатлари таъсисчилар баённомаларида ва қўшиб юбориш шартномасида кўрсатилган корхоналарни қўшиб юбориш шартларига боғлиқ бўлади. Уларни ҳар бир алоҳида ҳолатда кўриб чиқиш лозим. Улардан бир нечтасини кўриб чиқамиз.
Таъсисчилар ТМҚни бозор қийматида ўтказадилар. ТМҚнинг бозор қиймати олдинги корхонанинг балансида кўрсатилганига қараганда юқори. Баённома асосида ТМҚни қўшимча баҳолаш амалга оширилади.
ТМҚни қўшимча баҳолаш бухгалтерия ҳисобида бошқа даромад счётига олиб борилади.
Бошқа даромад фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда жами даромад таркибига киритилади.
Ҳуқуқий вориснинг устав капитали қайта ташкил этилган корхоналар устав капиталларининг суммасидан кўп.
Таъсисчилар қўшиб юбориш тўғрисидаги шартномада тақсимланмаган фойда устав капиталини кўпайтиришга йўналтирилишини белгилашди.
Таъсисчининг улуш (пай, ҳисса) қийматининг ошиши тарзида олинган даромадлари тақсимланмаган фойда УФни кўпайтиришга йўналтирилган тақдирда солиқ солиш мақсадларида дивидендлар деб эътироф этилади .
Шу тариқа, устав фондини тақсимланмаган фойда ҳисобига кўпайтиришда дивидендлардан олинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш бўйича мажбурият юзага келади.
Мол-мулкни ўтказишда ҚҚСни ҳисобга олиш
Олдинги корхона ҚҚС тўловчиси ҳисобланади, ТМҚни ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхона-ҳуқуқий ворисга ўтказади, деб фараз қиламиз. Бу ҳолда олдинги корхона ҳисобга олинган солиқ суммасига тузатиш киритишни амалга ошириши керак , яъни ҳисобга олиш суммасини камайтириши, ҚҚС суммасини эса ўтказиладиган мол-мулк қийматига киритиши ёки харажатларга олиб бориши керак.
Шундай вазият бўладики, қайта ташкил этилаётган корхонада ўтказилаётган мол-мулк бўйича “кирувчи” ҚҚС ҳисобга олинмаган, корхона-ҳуқуқий ворис эса ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлади. Ҳуқуқий ворис ҚҚСни ҳисобга олиши мумкинми? Ушбу саволга жавоб бериш учун Солиқ кодексига мурожаат қиламиз.
“Юридик шахс қайта ташкил этилганда, қайта ташкил этиш шаклидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга қўйилган ва (ёки) ушбу шахс томонидан товарларни (хизматларни) олишда (олиб киришда) тўланган, лекин у томонидан ҳисобга олиш учун қабул қилинмаган солиқ суммаси белгиланган тартибда ушбу юридик шахснинг ҳуқуқий ворисида, агар ҳуқуқий ворис солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳисобга олиниши лозим” .
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки: қайта ташкил этишда ҚҚС тўловчиси бўлган корхона-ҳуқуқий ворис олдинги корхонадан олинган, бироқ ҳисобга олинмаган ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин.
ҚҚСни ҳисобга олиш суммасини аниқлашда корхона-ҳуқуқий ворисда фақат охирги 12 ой ичида олинган ТМҚ бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олиниши мумкин . ҚҚС тўловчисидан ҚҚСни тўламайдиганга ТМҚни топширишда ҚҚСга тузатиш киритиш суммасини аниқлашда ҳам шу қоида ишлайди.
Биз солиқ мажбуриятлари юзага келишига олиб келадиган бир нечта эҳтимолий вазиятларни кўриб чиқдик. Аслида улар анча кўп бўлиши мумкин. Ҳаммаси таъсисчиларнинг қарорлари ва шартномада кўрсатилган корхоналарни қўшиб юбориш шартларига боғлиқдир.
Қайта ташкил этилаётган корхоналар солиқ текширувидан ўтказиладими
Олдинги корхонани қайта ташкил этишда уни солиқ текширувидан ўтказишга келсак, унинг ўтказилиши назарда тутилмаган .
- Қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишни қандай ўтказиш ҳақида – “Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этиш қандай ўтказилади” тавсиясида батафсил ўқинг.
Тавсияда:
– қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишда ҳаракатлар кетма-кетлиги;
– қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этишни ўтказиш учун қандай ҳаракатлар амалга оширилади;
қўшиб юбориш тўғрисидаги шартнома қандай тузилади;
топшириш далолатномаси қандай тузилади;
янги корхона автоматлаштирилган тизим ёрдамида қандай қайта рўйхатдан ўтказилади;
янги корхона ташриф буюрган ҳолда қандай рўйхатдан ўтказилади;
қайта ташкил этилаётган корхоналарнинг якуний ҳаракатлари;
– олдинги корхоналарнинг шартномалари бўйича қандай ишлаш керак;
янги корхонанинг ходимлари билан меҳнат шартномалари;
– янги корхонадаги узоқ муддатли активларнинг амортизацияси;
– қайта ташкил этилган корхоналар солиқларини тўлаш бўйича янги корхона мажбуриятлари.
Амалиётчи юристлар маслаҳатлари – қуйидаги тавсияларда:
– “Ташкилотни қайта ташкил этилиши тўғрисида бухгалтерлар нималарни билиши зарур”;
– “Қўшиб юбориш шаклидаги қайта ташкил этишнинг юридик жиҳатлари”.