ПФ-195-сон Фармон бўйича имтиёзлар: солиқ тўловчилар учун ўзига хос жиҳатлар

preview

Президент томонидан 2023 йил 16 ноябрдаги ПФ-195-сон Фармон имзоланди, у билан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида ҚҚС бўйича имтиёз берилган.

Имтиёздан фойдаланишга ҳақли бўлган солиқ тўловчилар нималарни инобатга олишлари муҳимлигини – “ICONSULTANT” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Ирода АББОСХОНОВА шарҳлаб беради:

 

Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисобот бўйича янги материалларни ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Президентнинг ПФ-195-сон Фармони:

  • бюджет ташкилотлари,
  • давлат корхоналари,
  • ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилмани ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва жалб  қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан (бундан тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган маблағлар мустасно) тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмани, шунингдек уларнинг импортини 2028 йил 1 январга қадар ҚҚСдан озод қилишни назарда тутади.

 

Имтиёз қачон амал қилишни бошлайди

ҚҚС бўйича имтиёзлар фақатгина улар Солиқ кодексида назарда тутилган тақдирда қўлланиши мумкин . Шу боис Кодексга ўзгартиришлар киритилишини кутиш ва шундан кейин ҚҚС бўйича имтиёзни қўллаш лозим.

Олдиндан нима ҳақида қайғуриш лозим

Олдиндан қуйидагилар ҳақида қайғуриш ва эсдан чиқармаслик керак:

  • кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишга тузатиш киритиш.

СКнинг 269-моддасига асосан, агар у бўйича ҚҚС илгари ҳисобга олиш учун қабул қилинган (ёки бюджетдан қопланган) товар (хизмат) ҚҚСдан озод қилинган айланма учун фойдаланилса, “кирувчи” (ёки қопланган) ҚҚС суммасига тузатиш киритилиши (ёки бюджетга қайтарилиши) керак;

  • шартнома шартлари тўғрисида.

Юқорида кўрсатилган контрагентлар билан шартномаларни инвентаризациядан ўтказинг. Қуйидагиларни аниқланг:

– қайси шартномалар имтиёзни қўллаш шартларига мувофиқ келади (давлат қарзи, ижтимоий ёки инфратузилмавий лойиҳа);
– сўнгра контрагентлар ҚҚСдан озод қилиш оқибатида шартнома нархини камайтиришга талабгор бўлиши мумкин бўлган шартномаларни.

Эътибор беринг
Шуни инобатга олиш лозимки, шартнома нархини ҚҚС ставкасига камайтириш унчалик тўғри бўлмайди, чунки ҳисобга олинмаган “кирувчи” ҚҚС суммаси, катта эҳтимол билан, бундай турдаги шартномага тўғри келадиган харажатларни оширади.

 

Солиқ маслаҳатчисининг фикри: солиқ тўловчилар учун янги топшириқ

Биринчидан, имтиёз вақтинчалик – 2028 йилнинг 1 январига қадар саналади. Шундан сўнг бундай лойиҳалар бўйича яна ҚҚС тўлаш ва ҚҚСни бюджетдан қоплаш механизмини йўлга қўйиш зарурияти юзага келади. Муқаррар нарсанинг нима учун кечиктирилиши унчалик тушунарли эмас?

Иккинчидан, имтиёзни нотўғри қўллаш хавфи товарни (хизматни) бюджет ташкилоти, давлат корхонаси ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга реализация қилувчи солиқ тўловчи зиммасига юклатилади. Бу ерда топшириқ бошланади:

1. Солиқ тўловчи лойиҳа давлат қарзи ҳисобидан амалга оширилаётганлиги ёки йўқлигини аниқлаши керак;

2. Молиялаштириш манбаси:  ХМТ ёки ХҲМТ?

3. Буюртмачини тўғри идентификация қилиш. Масалан, сотиб олувчи бюджет ташкилоти ҳисобланадими ёки йўқми (амалиётда ҳатто бу масалада низолар юзага келади);

4. Ижтимоий лойиҳа амалга оширилаяптими ёки инфратузилмавий лойиҳами?  Ижтимоий соҳа ва  инфратузилма нима эканлигини аниқлаштиринг;

5. Барча шартномани амалга ошириш чоғида буюртмачини идентификация қилиш борасида уни кузатиб бориш лозим. Масалан, шартнома тузилганидан сўнг буюртмачининг устав фондидаги давлат улуши 45 фоизгача пасайиши мумкин ва шунда ҚҚС бўйича имтиёз қўлланмайди. Яъни, шартномада олдиндан нархни ўзгартириш имкониятини назарда тутиш керак.

Хулоса: назаримда, бу солиқ тўловчиларни жазолашнинг иккита рисоладагидек имконияти билан навбатдаги имтиёз: қўлламасангиз – 20 фоиз жарима ; имтиёзни қўлласангиз – имтиёзни қўллаш шартларига мувофиқ келиш борасида солиққа доир низони кутинг.

Шахсий фикримга кўра, ҚҚС бўйича ҳеч қандай имтиёзларни бермаслик, балки ҚҚСни қоплашнинг бюджет жараёнларини йўлга қўйиш рисолагидек иш бўлади. Боз устига, буни ҳар қандай ҳолда 2028 йилдан амалга ошириш керак бўлади.