Янги қоидалар бўйича ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси қандай тўхтатиб турилади

preview

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (05.12.2023 й. 644-сон ВМҚ). Ўзгартиришлар ҚҚС маъмуриятчилигини соддалаштиради ва Президентнинг 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сон қарори ижроси юзасидан киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Қарор билан ҚҚС-гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинди, бундан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлган ҳолатлар мустасно. Гувоҳнома фақат сотилаётган товарлар номенклатураси харид қилинган товарлар номенклатурасига мувофиқ келмаса, тўхтатиб турилиши мумкин.

Ушбу ўзгартиришлар ҚҚС тўловчилар учун нималарни ўзгартириши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:


Қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар ҳақидаги материалларни тезкор тарзда ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. 10-бандда “солиқ хавфи ҳолатларининг” сўзлари “амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари” сўзлари билан алмаштирилди.

Янги таҳририда 10-банд бундай кўринишга эга: “Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти солиқ органлари томонидан мониторинг қилиб борилади ва мониторинг давомида амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари аниқланиши қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб қўйишга асос бўлади”.

Муаллиф шарҳи:

– Ҳар қандай солиқ тўловчилар “ҳолларда” формулировкаси остига тушиши мумкин, бундан улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар мустасно. Яъни ҳар қандай ишлаб чиқарувчи бир номенклатурадаги товарларни харид қилади, бошқа номенклатурадаги товарларни реализация қилади. Масалан, сут харид қиламан, қайта ишлайман, творогни реализация қиламан. Ёки ғишт ва цемент харид қиламан, бинони сотаман.

Янги формулировка остига тушадиган барча субъектлар текширувчиларга номенклатуранинг бундай трансформацияси корхонанинг бутун иши мақсадининг натижаси эканлигини исботлашга тайёр туришлари керак.

 

2. 19-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисобланди.

Низомнинг янги таҳририда энди қуйидаги норма мавжуд эмас: “Солиқ тўловчининг солиқ хавфи гуруҳларидан бирига киритилганлиги тўғрисидаги хабарнома гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилишидан беш иш куни олдин юборилади”.

Муаллиф шарҳи:

– Бундай қарор ҳозирги вақтда номенклатуранинг мувофиқ келмаслиги ҚҚС-гувоҳномасини тўхтатиб туриш учун ягона мезон ҳисобланиши билан боғлиқ. Аммо Низомнинг янги таҳрирдаги 10-бандини ҳисобга олган ҳолда солиқчилар номенклатуранинг трансформацияси – бу ишлаб чиқариш натижаси эканлигини кўрмаган тақдирда солиқ тўловчига тезкор тарзда жавоб бериш учун вақт бериш лозим. Ёки солиқчиларда олдиндан харид қилинаётган ва сотилаётган товарлар  номенклатурасидаги тафовут – улар учун ҳаракатлар тури билан шартланган муқаррар ҳодиса ҳисобланадиган ташкилотлар рўйхати бўлиши керак.

 

3. 31-банд энди қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаганлиги ҳолатлари аниқланганда қабул қилиниши мумкин.

Бунда гувоҳноманинг амал қилиши кўпи билан 30 кун муддатга тўхтатиб турилади ва ушбу муддатда камерал ҳамда сайёр солиқ текширувлари натижасига кўра ушбу банднинг биринчи хатбошисидаги ҳолатлар ўз тасдиғини топмаганда, гувоҳноманинг амал қилиши қайта тикланади”.

Муаллиф шарҳи:

– Низомнинг янги таҳрирдаги 31-банди низоли вазиятларга сабаб бўлиши мумкин.  Норматив ҳужжатда қатъий ва аниқ формулировкалар бўлиши керак. “қарор ... қабул қилиниши мумкин” формулировкаси. Ушбу формулировкадан мансабдор шахс ҚҚС-гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиб турмаслик ҳақида ўзи мустақил равишда қарор қабул қилишга ҳақли эканлиги ҳақида хулоса қилиш мумкинки? Агар солиқ органи номувофиқликни аниқласа, у қарор қабул қилиши керак.

Аниқлаштиришни талаб қиладиган яна битта формулировка: “камерал ҳамда сайёр текширувлар натижаларига кўра”. Давлат тилидаги ҳужжатда шундай дейилган. Бу шуни англатадики, номувофиқликка доир ҳолатларнинг мавжудлиги иккала текширув – камерал ва сайёр текширувлари натижаларига кўра белгиланиши керак. Аммо айнан бир хил асослар бўйича қайта текширувлар қонун ҳужжатларида тақиқланган.

Шунингдек, Низомда 30 иш куни ўтгач ҚҚС-гувоҳномасини тиклаш қандай содир бўлиши айтиб ўтилмаган: автоматик тарздами (яъни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор ҳақиқий эмас деб ҳисобланадими) ёки солиқ органи мансабдор шахсининг илгари Гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорини бекор қилувчи қарори қабул қилинадими?

 

Хулоса

Кўрганимиздек, Низомнинг янги формулировкаларида қўшимча тушунтиришларни талаб қиладиган саволлар қолган. Уларни ҳеч бўлмаганда Солиқ қўмитасининг расмий тушунтиришлари шаклида олишни истардик.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади