Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қимматли қоғозларни сотиб олишда ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланилади
“СКнинг 378-моддасига янги 22 ва 23-моддаларнинг киритилиши муносабати билан қуйидаги саволларга жавоб беришингизни илтимос қиламиз:
1. Компания ходимларининг акцияларига эгалик қилиш (ESOP) режасини қандай кўринишда қабул қилиши керак? Бу қандай ҳужжатда ёзилган бўлиши керак?
2. Ходимларнинг пул маблағларини брокерлик счётига ўтказиш қандай ички ҳужжат билан бирга кечиши керак?
3. ESOP доирасида оммавий жойлаштириш чоғида ходимларнинг компания акцияларини сотиб олишга йўналтириладиган пул маблағлари ШИСга ўтказилиши керакми ёки улар одатдаги брокерлик счётига (ДЕПО счёти) ўтказилиши мумкинми?
4. Агар акцияларни жойлаштириш муддати 1 йилни ташкил этса, ходимлар ҳар ойда муайян суммани оммавий жойлаштириш чоғида компаниянинг акцияларини сотиб олишга ажратма қилишлари мумкинми?
5. “Тўловларни ўсиб бормайдиган тартибда тўлаш” шарти нимани англатади?
6. ШИСдан пул маблағларини ечиб олиш қандай содир бўлади – инвесторларда у очилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан сўнг пул маблағларини қисман ечиб олиш имконияти бўладими?”
Buxgalter.uz Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВдан саволларга жавоб беришини илтимос қилди:
– 1. Қуйидаги даромад турларига ЖШДС солинмайди :
- акциялар оммавий жойлаштирилганда корхоналар ходимларининг ўз ойлик иш ҳақидан ва унга тенглаштирилган тўловлардан ошмайдиган, ушбу корхоналар ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режаси доирасида акцияларни сотиб олишга йўналтирилган маблағлари;
- солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағига йўналтириладиган қисми, қуйидаги шартларда:
– солиқ даври давомида жами МҲЭКМнинг 100 бараваригача бўлган миқдорда;
– тўловлар ўсиб бормайдиган тартибда тўланганда ва бир йўла тўланадиган тўловларни шартноманинг амал қилиш муддати бошланган кундан эътиборан 12 ой ичида қайтариб олмаслик шарти билан. Ушбу шартлар бузилган ёхуд шартнома муддатидан олдин бекор қилинган ва пул маблағлари тўлиқ ёки қисман қайтарилган тақдирда, қайтариладиган маблағларга тўлов манбаида солиқ солиниши лозим.
Ҳозирги вақтда акциялар оммавий жойлаштирилганда корхоналар ходимлари корхона томонидан жорий қилинган ўз ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режаси (ESOP) доирасида уларга ушбу акцияларни сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуқни тақдим этишни назарда тутувчи қонун қабул қилинмаган . Шу боис, корхонангиз акцияларга эгалик қилиш режасини корхонанинг ички ҳужжати (буйруқ, низом ёки бошқа ҳужжат) билан тасдиқлашга ҳақли.
2. Ходимларнинг пул маблағларини брокерлик счётига ўтказишни тартибга соладиган ички ҳужжатлар: буйруқ, низом, ўтказиш учун реестр, тўлов топшириқномалари ва бошқа ҳужжатлар.
3. ESOP доирасида оммавий жойлаштириш чоғида ходимларнинг компания акцияларини сотиб олишга йўналтириладиган пул маблағлари қандай счётга ўтказилиши кераклиги ҳақидаги масала брокерлик ташкилоти билан тузилган шартнома билан тартибга солинади.
4. Агар акцияларни жойлаштириш муддати 1 йилни ташкил этса, ходимлар ҳар ойда муайян суммани оммавий жойлаштириш чоғида компаниянинг акцияларини сотиб олишга ажратма қилишга ҳақли. Бунда ЖШДС бўйича имтиёзли сумма уларнинг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ошмайди.
5. “Тўловларни ўсиб бормайдиган тартибда тўлаш” шарти ҳозирча қонунда белгиланмаган, бироқ “ўсиб бормайдиган тартиб” ҳар бир кейинги тўлов олдингисидан ошмаслиги кераклигини кўзда тутади.
6. Шахсий инвестиция счётидан пул маблағларини ечиб олиш тартиби ишлаб чиқилаётган қонунда белгиланиши керак.
Акциялар эмиссияси, акциядорлар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда қуйидагиларга амал қилинг:
- “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ;
- “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонун .