Ўзбекистон бухгалтерлари сунъий интеллект кундалик ишларида уларни алмаштирса, нима қилишмоқчи

preview

Ўзбекистон сертификатланган молия мутахассислари уюшмаси (ACFP) ва buxgalter.uz томонидан 1 500 нафардан зиёд бухгалтерларни сўровдан ўтказиш чоғида ушбу ва бошқа саволларга жавоблар олинди.

 

Материалларимизни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Сунъий интеллект (СИ) кўплаб касбларни, шу жумладан бухгалтер касбини ўзгартиради. ACFP ва buxgalter.uz бухгалтерларни ушбу ўзгаришларга нисбатан кутилмалари ва хавотирлари, келажакка режалари юзасидан сўровдан ўтказди.

 

Сиз иш вақтида кўпроқ нима билан банд бўласиз?”

Ушбу саволга жавоблар касбнинг жорий ҳолатини тавсифлайди. Аксарият бухгалтерлар – 1 352 нафарнинг 80,2 %и – улар ишининг асосий қисми кундалик вазифалар билан боғлиқлигини кўрсатишди: маълумотларни киритиш, ҳужжатларни тўлдириш, ҳисоботларни тузиш ва юбориш, турли ҳисоб-китоблар ва солиштиришлар. Бу – СИ ёрдамида осон автоматлаштириш мумкин бўлган бухгалтернинг анъанавий функциялари. Респондентларнинг фақатгина 10,2 %и компаниянинг фойдасини ошириш бўйича маълумотларни таҳлил қилишади ва тавсиялар тайёрлашади. Ва фақат 9,6%и компаниялар раҳбарларига бизнес молиясини қандай бошқариш юзасидан маслаҳатлар беришади. Ушбу функциялар юқори даражадаги профессионалликни, танқидий мулоҳазани, таҳлил қилиш лаёқатини ва бизнес-жараёнларини тушунишни талаб қилади, бу уларнинг яқин келажакда СИ томонидан автоматлаштирилиши эҳтимолини камайтиради.

 

“Сиз нима деб ўйлайсиз, сунъий интеллект сизни иш жойингизда алмаштира оладими?”

Иккинчи саволга жавоб беришда бухгалтерлар тахминан иккита тенг гуруҳга бўлинишди. Респондентларнинг 46,2 %и (1 582 нафардан) ўз иш жойларининг сақланиб қолинишига ишончи комил. 44,6 %и СИда таҳдидни кўришмоқда – саволга жавоб берувчиларнинг 9,1% – уларни у тўлиқ алмаштириши мумкин деб, 35,4% эса –қисман  алмаштириши мумкин деб ҳисоблайдилар. Респондентларнинг 9,2%и ушбу саволга жавоб беришга қийналишди.

 

“Сиз сунъий интеллект ишингизнинг катта қисмини бажара олиши юзасидан ишончли далилларни олдингиз, деб фараз қиламиз. Сиз яқин бир-икки йилда қандай чоралар кўрган бўлардингиз?”

Эҳтимол, учинчи савол энг синовли савол бўлди. Бухгалтерларнинг катта қисми – 1 614 нафардан 54 %и – “СИ молия соҳасида алмаштира олмайдиган функцияларни бажариш учун ўқийман ва малакамни ошираман”деб жавоб беришди. Қолганларнинг жавоблари “касбимни ўзгартираман”дан – 12,2%, “ҳеч нарса қилиш керак эмас, бўлганича бўлсин” – 14,8 %, “ҳали бу ҳақда ўйлаб кўрмадим”гача – 19 % ўзгаради.

Умуман олганда, бухгалтерларни сўровдан ўтказиш респондентлар бухгалтерия касбида ўзгаришлар бўлиши муқаррарлигини тушунишлари ва ривожланишга тайёрликларини намойиш қилишларини кўрсатади. Бунинг учун эса уларда кўплаб имкониятлар мавжуд, шу жумладан Ўзбекистон сертификатланган молия мутахассислари уюшмаси (ACFP), Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (Ўз БАМУ) ва Ўзбекистон бухгалтерлари федерацияси (ЎБФ) сертификатлаш дастурлари.