Чет эл юридик шахси Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмасдан, маҳаллий маркетплейсларда савдо қилиши мумкинми

preview

“Чет эл компанияси рўйхатдан ўтмасдан, балки Ўзбекистонда ходимларни ёллаб ва уларни масофадан туриб ишлайдиганлар сифатида расмийлаштириб, Ўзбекистондаги маркетплейслар орқали маҳаллий ва импорт қилинган товарларни сотмоқчи.

Шундай ишласа бўладими ёки Ўзбекистонда ЯТТ ёки юридик шахсни очиш керакми?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори  Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Агар сиз Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтмаган бўлсангиз, Ўзбекистонда электрон тижорат билан шуғуллана олмайсиз.

 

“Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун қуйидагиларни электрон тижорат соҳасидаги сотувчилар деб белгилайди :

  • электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана ёки улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Сотувчи электрон тижоратни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан амалга оширишга ҳақли .

Шу тариқа, товарларни Ўзбекистондаги маркетплейс орқали сотиш Ўзбекистонда юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг амалга оширилади.