Барқарорлик рейтингидаги баҳо имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар тақдим этилишига қандай таъсир қилади

preview

Президентнинг навбатдаги 24.05.2024 йилдаги ПҚ-193-сон қарори юридик шахсларга субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар уларнинг Барқарорлик рейтингидаги баҳосидан келиб чиққан ҳолда қандай берилишини белгилади. Аммо солиқ маслаҳатчилари ва бухгалтерларда яна саволлар қолмоқда. Ҳужжатда қабул қилиниши белгиланган кейинги НҲҲ ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ ва Божхона қўмиталарининг расмий тушунтиришлари бу саволларга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Аниқлаштиришни талаб қиладиган айрим масалаларни солиқ маслаҳатчилари “Ergasheva tax protection” СМТ директори Гулнора ЭРГАШЕВА ва “ICONSULTANT” СМТ директори Иродахон АББОСХОНОВА белгилашди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Президентнинг 24.05.2024 йилдаги “Тадбиркорлик субъектларига субсидиялар, имтиёзлар ва преференцияларни тақдим этиш тартибларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-193-сон қарори – бу Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар тақдим этишнинг янги қоидалари белгиланаётган навбатдаги ҳужжат.

Юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлганларга илгари тақдим этилган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялар билан Buxgalter Pro маълумотномасида танишиш мумкин – «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тоифаси асосида бериладиган преференциялар ва рағбатлантиришлар».

Шундай қилиб, ПҚ-193-сон қарор билан шундай тартиб ўрнатилмоқда, унга мувофиқ солиқ ва божхона имтиёзлари Барқарорлик рейтинги даражасидан келиб чиққан ҳолда имтиёзнинг амалдаги миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

  • ААА – 100 %; 
  • АА – 90 %;
  • А – 80 %;
  • BBB – 70 %;
  • BB – 60 %;
  • В – 50 %.

Шунингдек белгиланишича, янги ташкил этилган, яъни рўйхатдан ўтганига 6 ой бўлмаган юридик шахслар ва 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона имтиёзларини 100% миқдорида олади.

Тадбиркорлик субъектининг рейтинги пасайган тақдирда – юридик шахс қўллаб-қувватлаш чораларини яна 3 ой давомида олишда давом этади.

Рейтингдаги баҳо юқорилаган тақдирда, қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги ойдан бошлаб янгиланган рейтинг даражасига мувофиқ миқдорларда тақдим этилади.

ПҚ-193-сон қарор билан жорий этилаётган қоидалар илгари жорий этилганларга татбиқ этилмайди.

 

Биз эски имтиёзларни йўқотамизми ва қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш тартиб-таомиллари қандай бўлади?

Гулнора ЭРГАШЕВА:

ПҚ-193-сон қарор чиққанидан кейин қуйидаги каби саволлар тез-тез берила бошлади: “Компаниямизда имтиёз ва “В” рейтинги мавжуд, энди ушбу имтиёзнинг фақат 50 фоизини қўллай олишимиз маълум бўладими?”. Йўқ, ПҚ-193-сон қарор чиққанидан кейин илгари тақдим этилган имтиёзлар, преференциялар ва субсидияларни ҳеч ким олиб қўймайди ва камайтирмайди, улар амал қилишда давом этади. Аксинча, унинг чиқиши билан рағбатлантиришлар рўйхати кенгаймоқда.

Янги қарор нима ҳақида? Мисол учун, менда “В” рейтингига эга солиқ маслаҳатчилари ташкилоти мавжуд. ПҚ-193-сон қарор чиққунига қадар биз барча солиқларни Солиқ кодексида белгиланган тўлиқ миқдорда тўлаганмиз. Энди эса мен уларни 50 фоиз миқдорида тўлаш ҳуқуқига эга бўламан. Фақат мен қайси солиқларни 50 фоиз миқдорида тўлашим мумкинлиги ҳозирча ноаниқ. Ушбу саволга жавобни кейинги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда оламиз.

Ўйлайманки, ПҚ-193-сон қарорда назарда тутилган рағбатлантиришлар қуйидагиларга тааллуқли бўлмаслиги керак:

  • билвосита солиқлар (ҚҚС, акциз солиғи);
  • солиқ тўловчи солиқ агенти сифатида ҳисоблаб чиқарадиган ва тўлайдиган солиқлар (ЖШДС, ижтимоий солиқ).

Бундан ташқари, 24.05.2024 йилдаги ПҚ-193-сон қарорда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тартибини белгилаш лозим. Иккита вариантнинг эҳтимоли катта. Биринчиси: солиқ тўловчи солиқни тўлиқ миқдорда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши керак, сўнгра давлат қарорда белгиланган меъёрлар остига тушадиган қисмини унга қайтаради. Иккинчи вариант анча қулай кўринади: солиқ тўловчи ПҚ-193-сон қарор меъёрларини ҳисобга олган ҳолда солиқни ҳисоблаб чиқаради ва дарҳол тўлайди.

 

ЭҲФ ва НКМда имтиёзни қандай қўллаш керак ва преференциялар деганда нима тушунилади?

Иродахон АББОСХОНОВА:

24.05.2024 йилдаги ПҚ-193-сон қарор меъёри талай саволлар туғдиради, унга асосан агар рейтинг:

  • пасайса – имтиёзлар 3 ой давомида амал қилади;
  • юқориласа – имтиёзлар кейинги ойдан амал қилади.

Солиқ тўловчига ҚҚС ва фойда солиғи бўйича имтиёз бериладиган ва ушбу меъёрни қандай қўллаш мутлақо тушунарсиз вазиятларга иккита мисол келтирамиз:

1. Компанияга ҚҚС бўйича имтиёз берилган. Компаниянинг рейтингдаги “ВВВ” баҳосига асосан имтиёз 70 фоиз миқдорида қўлланилади.

Мазкур ҳолатда ЭҲФ ёки НКМ чекида ҚҚС бўйича имтиёзни 70 фоизга, 30 фоизга эса ҚҚСни акс эттириш лозимми?

2. Компанияга фойда солиғи бўйича имтиёз берилган. Компаниянинг рейтинги:

  • апрелда – “АА”, имтиёз 90 фоиз миқдорида қўлланилади,
  • майда – “BBB”, 70 фоиз,
  • июнда – “ААА”, 100 фоиз.

Ушбу вазиятда фойда солиғи бўйича солиқ даври календарь йил эканлигини ҳисобга олган ҳолда, иккинчи чоракда имтиёзни қандай миқдорда қўллаш лозим?

Шунингдек, “преференциялар” деганда нимани тушуниш лозимлигини тушунтириш ҳам мақсадга мувофиқдир. Хусусан, ҳукумат томонидан муайян йўналишлар ёки соҳалар учун алоҳида енгилликларни назарда тутувчи турли ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Масалан, банк соҳасида пасайтирилган фоиз ставкалари бўйича “имтиёзли” кредитлар ажратиш, ижара муносабатлари соҳасида – фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ва ҳоказо. Уларни преференциялар деб ҳисоблаш лозимми?

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 


Имтиёзлар Имтиёзлар Имтиёзлар /uz/publish/doc/text200175_barqarorlik_reytingidagi_baho_imtiezlar_preferenciyalar_va_subsidiyalar_taqdim_etilishiga_qanday_tasir_qiladi