Ҳақиқий эмас деб топилган битим бўйича тузатилган ЭҲФ тақдим этиш мумкинми

preview

«2023 йил май ойида қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича «А» компанияси «Б» компаниясидан олди-сотди шартномаси бўйича кўчмас мулк объектини қабул қилди. «Б» компанияси 2023 йил май ойида ҚҚС ҳисобга олинган ЭҲФ тақдим этди. 2024 йил март ойида суд қарори билан битим ҳақиқий эмас деб топилди. Ушбу қарор чиқарилгунга қадар «А» ер солиғи, мулк солиғини тўлаган ва бинони сақлаш бўйича барча харажатларни қоплаган. 2024 йил июль ойида мулк ҳужжатлари (кадастр) қайтадан «Б» компаниясига расмийлаштирилди. Ҳозир у «А» компаниясига тузатилган (корректировка) нолли ҳисобварақ-фактура тақдим этишни таклиф қилмоқда. Бу тўғрими?».

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси, «ICONSULTANT» Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА шарҳлаб берди:

Экспертнинг муҳим тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ қонунчилигида ҳақиқий бўлмаган битим қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида махсус қоидалар йўқ. СК нинг 257-моддаси ёки 2020 йил 14 августдаги 489-сон ВМҚда битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда сотувчида илгари ҳисобланган ҚҚСни тузатиш даври ва тартиби тўғридан-тўғри белгиланмаган.

СК нинг 14-моддасига кўра солиққа тортиш мақсадида солиқ тўловчи амалга оширадиган барча битимлар ва бошқа иқтисодий муносабатлар юридик расмийлаштириш усули ёки шартнома номидан қатъи назар, уларнинг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак. Агар битимлар ёки бошқа иқтисодий муносабатларнинг барча иштирокчилари улар тузган келишувларнинг барча шартлари ва талабларини бажарсалар, солиққа оид бўлмаган муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларнинг айрим бузилишлари солиқ тўловчи олган даромадларни ёки у кўрган харажатларни (зарарларни) солиққа тортиш мақсадида тан олишни рад этиш учун асос бўла олмайди.

Яъни, умумий қоидага кўра, ҚҚС бўйича солиққа тортиш базаси битимлар эмас, балки ҳақиқий ҳаракатлар - нарсаларни топшириш, пул тўлаш, хизмат кўрсатиш бўлиши керак.

Агар битим амалда бажарилган бўлса, унинг хўжалик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик нормаларига мос келмаслиги солиққа тортиш учун аҳамиятга эга эмас.

СКнинг умумий қоидаларига кўра, "А" компанияси, агар у амалда олинган товарлар (хизматлар) учун тўланган ёки тўланиши керак бўлса, "кирувчи" ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли. СКнинг 266-моддасига кўра реализация бўйича битим ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда харидорда илгари ҳисобга олинган ҚҚСни тузатиш тартиби тўғридан-тўғри назарда тутилмаган.

Агар солиққа тортиш учун муҳим бўлган юридик фактлар содир бўлган бўлса (мулк олинган ва ҚҚС амалда бюджетга тўланган бўлса), солиқ тўловчилар умумий қоидага кўра уларнинг солиқ оқибатларини ўзгартира олмайдилар. Шартноманинг ўзи ҳақиқий эмас деб топилиши "Б" компаниясини бундай битим бўйича айланмадан ҚҚС тўлашдан озод қилмайди ва "А" компаниясини "кирувчи" ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Бундан ташқари, агар кадастр маълумотларига кўра олди-сотди бўйича дастлабки битим бўйича объектга мулк ҳуқуқи у ҳақиқий эмас деб топилгунга қадар "А" компаниясига тегишли бўлган бўлса, бундан келиб чиқадики, суд қароридан сўнг мулкка бўлган мулк ҳуқуқи яна "Б" компаниясига ўтган. "А" ҳам тасдиқланган бирламчи ҳужжатлар асосида "ўз" мулкини сақлаш бўйича харажатларни (солиқлар, мулкни қўриқлаш, фойдаланиш харажатлари ва бошқалар) қоплаган.

Фуқаролик кодекси нормаларидан келиб чиқиб, битим ҳақиқий бўлмаганда томонларнинг ҳар бири битим бўйича олинган ҳамма нарсани бошқа томонга қайтариши, агар буни иложи бўлмаса - унинг қийматини пулда қоплаши шарт, агар битимнинг ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилмаган бўлса. Яъни, агар объект "А" компанияси томонидан сотилган ёки бузиб ташланган бўлса, у "Б" компаниясига унинг қийматини тўлаган бўлар эди.

Шундан келиб чиқиб, мулкни қайтариш мажбурияти хўжалик ҳаётининг янги факти (воқеаси) сифатида улар юзага келган солиқ даврида (мулкни қайтариш, битим ҳақиқий эмас деб топилиши муносабати билан реституция даврида) баҳоланиши керак деган хулосага келиш мумкин. Ва ҳақиқий бўлмаган битим бўйича солиқ мажбуриятларини қайта ҳисоблаш икки томонлама битимни тиклаш амалга оширилгандан сўнг - томонлар битим бўйича олган барча нарсани бир-бирига қайтариш даврида амалга оширилиши мумкин.

Бу ҳолда ушбу операцияни ҚҚС мақсадида мулкни реализация қилиш деб тан олиш керак. Ва "А" компанияси "Б" компаниясига битимни тиклаш амалга оширилган санада (мулкка бўлган мулк ҳуқуқи қайтарилган санада) ЭҲФ ёзиб бериши мумкин. Бошқа вариантлар - имконсиз, чунки акс ҳолда бир вақтнинг ўзида бир нечта солиқлар: ҚҚС, ер ва мулк солиғи бўйича масалани ҳал қилиш керак бўлади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /uz/publish/doc/text202187_haqiqiy_emas_deb_topilgan_bitim_buyicha_tuzatilgan_ehf_taqdim_etish_mumkinmi