Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2024 йил учун молиявий ҳисоботни қандай қоидаларга асосан тузиш керак
Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби стандартлари давлат тилига таржима қилиниши давом этмоқда. Шу билан бирга, уларнинг баъзилари БҲМСнинг олдинги версиясидан сезиларли даражада фарқ қилади. Бошқалари эса унчалик фарқ қилмайди, лекин ўзгаришлар барибир мавжуд.
Янги 1-сон БҲМС «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш ва ҳисоб сиёсати» 2025 йил 1 январдан кучга киради. Савол туғилади - 2024 йил учун молиявий ҳисоботни тузишда қайси БҲМСга асосланиш керак? 2024 йилда қабул қилинганмига ёки эскисигами?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
Экспертларнинг муҳим тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Бу жуда долзарб савол бўлиб, унга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий тушунтиришини олиш истардик.
Янги 1-сон БҲМС 2025 йил 1 январдан кучга киради. Молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатлари - хўжалик юритувчи субъект тоифасига қараб 15 февраль ёки 25 март. Биз молиявий ҳисоботни янги стандарт амал қила бошлаганда топширамиз. Лекин шу билан бирга, корхонанинг барча маълумотлари 2024 йил давомида, олдинги стандарт амал қилган пайтда шакллантирилган.
Янгиланган 1-сон БҲМС олдингисидан фарқ қилади. Масалан, янги стандартда ҳисоб сиёсатига ўзгартиришлар киритиш учун асос молиявий ҳисоботда маълумотларни янада ишончли тақдим этишга ёрдам берадиган ўзгаришлар ҳисобланиши айтилган . Илгари бундай мезон йўқ эди. Шунингдек, умумий тамойиллар «кўрсаткичларнинг таққосланувчанлиги» тушунчаси ва қуйидаги қоидалар билан тўлдирилган:
1) янги стандартларни ишлаб чиқиш ва мавжудларини ўзгартириш натижасида таққосланадиган маълумотларни тақдим этиш талабларининг ҳажми камайтирилиши мумкин. Янги ва қайта кўриб чиқилган стандартлардаги ўтиш қоидалари стандартни биринчи марта қўллашда таққосланадиган маълумотларни тақдим этишни талаб қилмаслиги ҳам мумкин ;
2) айрим ҳолларда жорий давр билан таққослаш учун таққосланадиган маълумотларни қайта таснифлаш имконсиз бўлиши мумкин. Масалан, олдинги давр маълумотлари қайта таснифлаш имконсиз бўладиган тарзда тўпланган бўлиши мумкин, бу эса амалда маълумотларни ўзгартиришга имкон бермайди. Бундай ҳолларда таққосланадиган суммаларнинг мумкин бўлган тузатишлари тавсифи очиб берилиши керак .
Янги стандартлар кўпроқ ҳисобнинг аниқлиги ва ишончлилигига қаратилган. Ва бу қисмда илгари амалда бўлган БҲМСлар бўйича ҳисобда ўзгартириш ва аниқлаштиришлар талаб қилиниши мумкин. 2024 йил учун барча маълумотларни қайта кўриб чиқиш керак эмасми?
Эътибор беринг: янги 1-сон БҲМС бошқа БҲМСларга, шу жумладан 2024 йилда қабул қилинган ва аллақачон кучга кирган БҲМСларга ҳаволалар ўз ичига олади. Бу ерда ҳам номувофиқликлар бўлиши мумкин, чунки йилнинг бир қисмида ҳамма бир қоидалар бўйича, бошқа қисмида эса - ўзга қоидалар бўйича ишлаган.
Агар бу йил қабул қилинган барча стандартлар янги БҲМСлар бўйича ҳисоб ва ҳисобот 2025 йил 1 январдан юритилишини белгилайдиган нормани ўз ичига олганда, саволлар туғилмасди. Молиявий ҳисобот эса ҳисобот даврида маълумотлар шакллантирилган БҲМС қоидалари бўйича тузилади.
Юзага келган вазиятда эса бухгалтерлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий тушунтиришисиз иш қила олмайдилар, чунки бундай масалаларни бухгалтер ўз ихтиёрига кўра ҳал қилиши жуда хавфли.
Buxgalter.uz тавсия этади:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади