2025 йил 1 майдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради

preview

Ўғитларни маркировкалаш, коммунал хизматлар тарифларининг ошиши, ҳисобрақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва солиқ текширувларининг янги шартлари... Бизни 1 майдан кутаётган бу ва бошқа ўзгаришлар ҳақида buxgalter.uz нинг анъанавий ойлик шарҳида ўқинг:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Ўғитлар ва пестицидларни рақамли маркировкалаш бошланади

1 майдан Ўзбекистонда ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини маркировкалаш бошланади. Биринчи босқичда бу фақат бешта компанияга тегишли бўлади. Бир йилдан сўнг эса – 2026 йил 1 майдан – ўғитлар ва пестицидларни рақамли маркировкалаш барча айланма иштирокчилари учун мажбурий бўлади. Бу 08.04.2025 йилдаги 203-сон ВМҚда назарда тутилган.

2. Электр энергияси ва табиий газ тарифлари оширилади

Уларни 1 апрелдан оширишни ваъда қилишган эди, лекин фақат ҳозир оширилмоқда.

Корхоналар ва жисмоний шахслар учун амалдаги тарифларни маълумотномамизда кўринг:

 

3. Ҳисобрақамлар бўйича операциялар суд қарорисиз тўхтатиб турилиши мумкин

Бунинг учун тадбиркорлик субъекти солиқ қонунбузарлигини содир этганини тан олиши керак . Акс ҳолда, бундай чора фақат суд тартибида қўлланилиши мумкин.

 

4. Солиқ базасини пасайтириш фактлари бўйича текширувлар ҳақида олдиндан хабар берилмайди

Текширувлар бошланишидан камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби қуйидаги солиқ текширувларига нисбатан қўлланилмайди :

  • солиқ базасини яшириш (пасайтириш) фактлари билан боғлиқ;
  • «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» дастури иши натижалари бўйича ўтказиладиган текширувлар.

 

5. Юқори хавф даражасига эга маҳсулотлар мувофиқлигини рўйхатга олиш соддалаштирилади

Бундай маҳсулотлар учун сертификатлаштириш органларида мувофиқлик декларациясини рўйхатдан ўтказиш керак бўлмайди. 1 майдан бошлаб барча зарур ҳаракатлар (декларацияларни тузиш ва ҳисобга олиш) корхоналар томонидан Техник жиҳатдан тартибга солиш ахборот тизими орқали амалга оширилади .

 

6. Креатив индустрия паркининг резидентлари учун солиқ имтиёзлари

 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январгача креатив парк резидентлари ижтимоий солиқ ва ЖШДСни 50% га камайтирилган ставка бўйича тўлайдилар.

Шунингдек, бу даврда улар товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан олинган даромад суммасидан қатъи назар, айланмадан олинадиган солиқни тўлаш ҳуқуқига эга. Ёки – ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли .

Эътибор беринг: бу нормани Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилгандан сўнг қўллаш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Креатив индустрия паркининг фаолияти қоидалари ва ундаги резидентлик шартлари «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги Қонунда белгиланган.

 

7. Давлат бизнесни йириклаштиришни рағбатлантиришни бошлайди

2025 йил 1 майдан бошлаб «ўзини-ўзи банд қилган шахс – якка тартибдаги тадбиркор – кичик бизнес – ўрта бизнес – йирик корхона» занжири асосида тадбиркорлик субъектларини йириклаштиришни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш бошланади . Уларга мувофиқ:

  • ўзини-ўзи банд қилган шахсни якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи олинмайди;
  • ўз фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган тадбиркорларга қуйидаги миқдорларда гаровсиз кредитлар ажратилади:

– 50 млн сўмгача – Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида;

– 150 млн сўмгача – Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлашнинг комплекс дастури доирасида;

  • бир йил давомида ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига ҚҚСни қайтариш тезлаштирилган тартибда (7 кунлик муддатда) амалга оширилади.

 

8. Аёл-тадбиркорлар «Hamroh» дастурида иштирок этиши мумкин бўлади

«Hamroh» қўллаб-қувватлаш дастури доирасида :

  • 50 млн сўмгача грантни аёлларга «яшил» лойиҳалар ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, камида 5 нафар аёл учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашган минг нафар тадбиркор-устоз олади;
  • 100 млн сўмгача гаровсиз кредитни ижобий кредит тарихига эга бўлган аёллар олиши мумкин;
  • аёл-тадбиркорлар томонидан кредит маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган ускуналар етказиб берилгунига қадар кафилликни «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ тақдим этади.

 

9. Вилоят аҳамиятига эга шаҳарларда «ифлос» ишлаб чиқаришларни очиш таъқиқланади

Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек, вилоят марказларида қуйидаги йўналишлар бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш таъқиқланади :

  • асбест ва цемент, шлам ва шлаклар ишлаб чиқариш;
  • тери-ошлаш, паррандачилик фабрикалари;
  • юқори самарали чанг тутиб қолувчи ва газни тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмасдан ҳар қандай кўмир турини ёқишни назарда тутадиган ишлаб чиқариш;
  • қора ва рангли металлургия, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган шиша ишлаб чиқариш;
  • I ва II хавфлилик даражаси синфига кирувчи чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.

Эслатиб ўтамиз!

Компенсация тўловлари субъектлари атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш даражасига кўра 4 тоифага (I–IV) бўлинади. Бу фаолият турларининг барчаси Рўйхатда белгиланган.

 

10. Ҳар қандай маҳсулотни ҳам «Ҳалол» белгиси билан маркировкалаш мумкин бўлмайди

«Ҳалол» талабларига мос келадиган маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги янги Низом «Ҳалол» белгиси билан фақат Ислом мамлакатларининг стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулотлар ва хизматларни маркировкалаш мумкинлигини назарда тутади. Товар ёки хизматнинг бу талабларга мувофиқлигини ишлаб чиқарувчининг аризаси бўйича сертификатлаштириш органи текширади .

 

11. Сув транспортига янги талаблар кучга киради

1 майдан бошлаб табиий ва сунъий сув ҳавзаларида қуйидаги сув транспортидан (ички ёнув двигателли ва электромоторли) фойдаланиш мумкин бўлмайди :

  • тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланмаган;
  • миллий GPS-мониторинг ва навигация тизимига уланмаган.

Сув транспорти воситаларининг максимал рухсат этилган ҳаракатланиш тезлиги – соатига 40 км, кемалар турадиган жой чегараларида ва аҳоли пунктлари чегараларида – соатига 20 км, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида – соатига 5 км белгиланади.

 

12. Товарларни божсиз олиб кириш бўйича янги меъёрлар кучга киради Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун нотижорат мақсадларда товарларни божсиз олиб кириш меъёрлари белгиланади :

  • ҳаво транспорти орқали – 1 000 АҚШ долларигача;
  • темир йўл ва дарё транспорти орқали – 500 АҚШ долларигача;
  • автомобиль (пиёда) чегара ўтиш пунктлари орқали – 300 АҚШ долларгача;
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – 200 АҚШ долларигача;
  • халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 АҚШ долларигача.

 

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text207975_2025_yil_1_maydan_uzbekistonda_nimalar_uzgaradi