2026 йил май ойида Ўзбекистонда нималар ўзгаради

preview

Бу сафар кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар унчалик кўп эмас. Шунга қарамай, улар бор ва уларни ҳисобга олиш керак.

Шундай қилиб, 2026 йил май ойидаги асосий янгиликлар шарҳи buxgalter.uz сайтида:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

1. Технологияларни тижоратлаштириш мақсадида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ҳузурида «spin-off» корхоналар ташкил этилади

Бундай корхоналар Реестрга киритилади ва агар уларда бир вақтнинг ўзида учта шарт бажарилса, солиқ имтиёзларини қўллашлари мумкин:

1) устав фондининг камида 25 фоизи олий ўқув юртлари ёки илмий ташкилотларга тегишли бўлса;

2) илмий тадқиқотга асосланган маҳсулот (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаси мавжуд;

3) ишлаб чиқарилаётган товар таъсисчиларнинг илмий ишланмаларига асосланган бўлса.

2. Саноат корхоналарида чанг-газ ва сув тозалаш ускуналарини ўрнатиш бошланади

Вазирлар Маҳкамаси ва Савдо-саноат палатасига 2026 йил 1 майдан 1 декабрга қадар Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига киритилган корхоналарда «яшил» технологиялар, чанг-газ тозалаш қурилмалари, автоматик мониторинг станциялари, энергия самарадор ускуналар ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш режасини тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш топширилди.

Таъсир кўрсатишнинг I-IV тоифасига мансуб фаолият турлари Рўйхатда белгиланган.

3. Ўзбекистонда маҳсулотлар учун сифат стандартлари ихтиёрий бўлади

2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар қандай даражадаги амалдаги стандартларни қўллаш ихтиёрий тус олади (бунда маҳсулот хавфсизлиги талабларини белгиловчи техник регламентлар мажбурий бўлиб қолади, – таҳририят эслатмаси).

Ўзбекистонда халқаро (минтақавий, хорижий) стандартларни қабул қилишнинг халқаро амалиёти жорий этилмоқда, уларнинг расмий рўйхати миллий стандартлар даражасида шакллантирилмоқда.

4. Ўғитлар ва пестицидларни рақамли маркировкалаш муомаланинг барча иштирокчилари учун мажбурий бўлади

2026 йил 1 майдан бошлаб ўсимликларни ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган минерал ўғитлар ва кимёвий моддаларни мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилади – бу муомаланинг барча иштирокчилари (ишлаб чиқариш, импорт, чакана савдо, улгуржи савдо) учун амал қилади.

Ўғитлар ва пестицидларни муомалага киритиш:

  • Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун – мажбурий рақамли маркировкалаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ЭҲФни расмийлаштириш ва кейинчалик тегишли маълумотларни «Asl belgisi» тизимида акс эттириш орқали амалга оширилади.

Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларга ЭҲФни қандай расмийлаштириш ҳақида тавсияда ўқинг;

  • импорт қилинган товарлар учун – Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кирилаётган ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг БЮД ва рақамли маркировкалаш кодлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган импорт тўғрисидаги электрон хабарнома асосида амалга оширилади.

Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар билан ишлайдиган барча тадбиркорлик субъектлари aslbelgisi.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари шарт. Шунингдек, улар «CRPT TURON» МЧЖ билан шартнома тузишлари керак.

5. «А» ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувларига мораторий муддатлари тугайди

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 майдан 2026 йил 1 майгача:

  • «А» ва ундан юқори тоифадаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно);
  • ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҚҚС суммасини қоплаш (маблағларни қайтариш) ҳам текширувларсиз бир кун муддатда амалга оширилди.

6. Президентнинг Виртуал қабулхонаси ишида янги усуллар жорий этилмоқда

1 майдан бошлаб:

  • Президент виртуал қабулхонасининг ахборот тизимига келиб тушган мурожаатлар бўйича вақт назорати режими ўрнатилади. Кўриб чиқишнинг белгиланган муддати тугаган мурожаатлар автоматик равишда ижро этиш учун юқори турувчи давлат органига ўтказилади;
  • мурожаатлар қабул қилинганда «шошилинч», «одатдаги», «маслаҳат талаб қиладиган» тоифаларга ажратилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар 3 иш куни мобайнида юқори турувчи органлар томонидан қайта ўрганиб чиқилади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари учун – Қонунчилик палатаси ва Сенат олдида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича;  ҳокимлар, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари учун – Сенат ёки халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳар чоракда ҳисобот бериш тартиби жорий этилади;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари Халқ қабулхоналари билан биргаликда жойларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ёритиши, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича эътирозларни ўрганиши шарт – бу уларнинг фаолияти самарадорлиги кўрсаткичларида ўз аксини топади.

 

7. Алимент бўйича қарздорларга бўйича қўшимча чекловлар қўйилади

Алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, уни тўлиқ қопламагунча айрим йирик битимларни амалга оширишни, молия-кредит ва давлат хизматларининг айрим турларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилмоқда.

Бош прокуратурага икки ой муддатда ушбу тартибни аниқлаштирган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига НҲҲ лойиҳасини киритиш, шу жумладан ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлиги текширилгандан сўнг амалга ошириладиган йирик битимлар, молия-кредит ва давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш топширилди.

 

8. Давлат хизматчилари бир ойда икки марта хизмат автомобилларида юра олмайдилар

Тоза ҳаво учун кураш мақсадида 2026 йил 1 майдан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-кунларида «Автомобилсиз кун», «Автомобилсиз ҳафталик» акциялари ўтказилади. Бунда:

  • ушбу акциялар доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади;
  • кўрсатилган саналар иш кунларига тўғри келган тақдирда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади.

 

9. Божхона тўловларини партиялар бўйича тақсимлаш мумкин бўлади, тақиқлар ва чекловлар тўғрисидаги маълумотлар «Ягона дарча» АТда эълон қилинади  

2026 йил 1 майдан бошлаб «Ягона дарча» божхона ахборот тизимида қуйидаги маълумотлар ёритилади:

  • тақиқлар ва чекловлар рўйхати – улар ўрнатилишидан камида 3 ой олдин;
  • ваколатли давлат идоралари ва уларнинг қуйи ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган ҳар бир хизмат тури учун йиғимлар (тўловлар) миқдорлари ва калькуляцияси.

Божхона ахборот тизимида эълон қилинмасдан ўрнатилган тақиқлар, чекловлар ва йиғимлар ижрога қаратилмайди.

Шунингдек, 1 майдан бошлаб корхоналар Ўзбекистонга товарларни олиб киришда даврий декларациялаш орқали расмийлаштиришда товарларнинг ҳар бир партияси учун алоҳида божхона тўловларини тўлашлари мумкин бўлади.

10. Ҳудудларда Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури амалга оширилмоқда

2026 йил 1 майдан бошлаб ҳудудларда халқаро дастурлар («Stent for Life» ва «Action Plan for Stroke») асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Унинг доирасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 30 ёшдан ошган аҳолини йилига 1 марта мақсадли тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • туманлараро қўшма жароҳатлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида кечаю кундуз ишлайдиган инфаркт ва инсульт бригадалари фаолиятини ташкил этиш;
  • халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник йўналишларини (clinical pathways) ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
  • тез тиббий ёрдам бригадаларини сунъий интеллект ёрдамида маълумотларни таҳлил қилиш имкониятига эга бўлган телеметрик электрокардиографлар ва мониторли дефибрилляторлар билан таъминлаш.

 

11. «Ақлли миграция пунктлари» иш бошлайди

2026 йил 1 майдан бошлаб Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг биттадан туман (шаҳар)лари бўйича ИИО миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида тажриба тариқасида сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган – ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган «ақлли» миграция пункти (Smart migration stations) ташкил этилади.

Бунда дастлабки босқичда «ақлли» миграция пунктларида давлат хизматлари (Ўзбекистон Республикаси фуқаросига шахсий гувоҳнома бериш ва шахсий гувоҳномани алмаштириш, уй-жой мулкдорини яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, фуқароларни яшаш жойи бўйича реестрдан чиқариш, яшаш гувоҳномаси бериш ва бошқалар) кўрсатилади.

Эътибор беринг

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил май ойи учун анъанавий «Бош бухгалтер режаси» аллақачон эълон қилинган. У билан сиз бирорта ҳам муҳим «бухгалтерия санаси»ни ўтказиб юбормайсиз.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text214814_2026_yil_may_oyida_uzbekistonda_nimalar_uzgaradi