Бизнес 3 йилга янги жавобгарлик чораларидан озод қилинади

preview

2023 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилади. Бу ҳақда Президентнинг 28 февраль куни имзоланган Фармонида сўз юритилади.

 

Бир ой муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни бекор қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Унинг ўрнига бундай ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Ҳужжат билан 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.

Унга асосан 2023 йил 1 июлдан бошлаб:

  • барча давлат органлари ва ташкилотларида аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифати оширилади. Ҳар бир вазирлик ва идора қуйидагиларни таъминлаши керак: 

– масофадан туриб кўрсатиладиган давлат хизматларини кўпайтириш;

– ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш;

– талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш;

– кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш;

– шаффофликни ошириш;

– аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш;

– ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш;

  • давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 300 тага, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 570 тага етказилади;
  • электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича хизматлар хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан ўтказилади, энди улар фуқаронинг ўзи мурожаат қилишини кутишмайди.

 

2023 йил 1 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформасига ўтказилади.

 

2023 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагилар бошланади:

  • вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномаларни беришни босқичма-босқич электрон шаклга ўтказиш:

– Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 1 июлдан бошлаб;

– Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида –1 октябрдан бошлаб;

– республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб.

  • давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этиш. 

Болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаб ва чекловлар кучайтирилади.

 

2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома амал қилиш муддати давомида чет эл фуқаролари хориждан олиб келинган шахсий автотранспорт воситасини олиб чиқиб кетиш муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган йиғимни тўлашдан озод этилади;
  • Тошкент ва Нукус шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 км/с дан 60 км/с гача туширилади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади