ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Чорвачиликни ривожлантиришга захира ерлар ажратилади
Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилаётган озуқабоп экинлар етиштирувчиларга эса субсидиялар ажратилади. Бу Президентнинг 2019 йил 18 мартдаги қарори билан белгиланган. Ҳужжат матни иловаларсиз ЎзАда эълон қилинган.
Туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкалари чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига (бундан кейин – озуқабоп экинлар етиштирувчилар) ажратилади. Улар эса озуқабоп экинлар етиштириш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мажбуриятини зиммаларига оладилар.
Озуқабоп экинлар етиштирувчиларга мазкур ер участкаларида суғориш тик қудуқларини бурғулаш учун давлат томонидан кўмак – ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан субсидия берилади. Суғориш қудуқларини бурғулаш жойларини аниқлаш учун Давлат геология қўмитаси жалб этилади.
Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси озуқабоп экинлар етиштирувчиларга томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплайди. Компенсация миқдори белгиланган фоиз ставкасининг 50%ини, бироқ 10 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорни ташкил этади. 5 йилгача муддатга бериладиган кредитларнинг валюта туридан қатъи назар 1 гектарга эквиваленти 20 млн сўмдан ошмайдиган қисми бўйича фоиз харажатлари қопланади.
Чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ҳар бир шартли бош чорва мол учун 0,5 гектардан туман ҳокимликлари захирасидаги лалми ва яйлов ер участкалари доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилади. Бунда 2 йил муддатда ерни ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти қўйилади. Уларга «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилишида ҳам амалий ёрдам кўрсатилади.
Қарорда бир қатор божхона имтиёзлари берилиши назарда тутилган. Қуйидагилар 2022 йил 1 январга қадар:
- озуқабоп экинлар етиштирувчилар, шунингдек томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан олиб кириладиган, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашёлар божхона тўловларини тўлашдан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади;
- асаларичилик субъектлари асалари оилаларини «вақтинча олиб чиқиш» божхона режимида қўшни мамлакатларга кўчириб чиқариши натижасида йиғиб олган табиий асални (ТИФ ТН коди 0409 00 000 0) республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади. Бунда имтиёз битта асалари оиласи бўйича олиб кирилаётган табиий асалнинг 50 килограммдан ошмаган қисмига нисбатан қўлланилади.
Асаларичилик субъектларига баҳор-ёз мавсумида асалари оилаларини қўшни мамлакатларга «вақтинча олиб чиқиш» божхона режимида кўчириб чиқаришга рухсат берилади.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 апрелдан бошлаб бир кунлик жўжаларни (ТИФ ТН коди 0105 11 110 0, 0105 11 190 0, 0105 11 990 0) экспорт қилишга рухсат этилади. Айни пайтда улар Президент ёки Ҳукумат қарорлари асосида экспорт қилинмоқда (бу ерга қаранг).
Константин Мосин.