Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
30 ноябрдан бошлаб барча сувдан фойдаланувчилар фойдаланаётган бурғу қудуқлар ва булоқлар каптажида (сув олиш иншоотларида) сув ҳисоблаш воситаларини ўрнатиш мажбуриятига эга бўладилар, бундан фойдаланувчиларнинг фақат бир тоифаси мустасно.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан бундай ҳисоблаш воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва муҳрлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш регламентини тасдиқлади (28.08.2025 й. 547-сон ВМҚга илова). Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Янги регламент ерости қудуқлар ва булоқ сув йиғгичларида сув ҳисоблаш воситаларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва муҳрлаш тартибини белгилайди. Истисно – жисмоний шахсларнинг шахсий ва хўжалик эҳтиёжлари учун суткасига 5 куб метргача ҳажмда якка тартибда сув олиши.
Ҳисоблаш воситасини рўйхатдан ўтказиш учун аризани қандай бериш керак
2025 йил 30 ноябрдан давлат хизматини олиш учун аризани давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали бериш мумкин бўлади.
Ариза берувчи сўровномада қуйидагиларни кўрсатиши керак:
- сув олиш иншооти манзили;
- қудуқлар, булоқлар ва ҳисоблаш воситалари сони;
- ҳар бир ҳисоблаш воситаси бўйича завод рақами, маркаси, модели ва мувофиқлик сертификати маълумотлари.
Хизмат кўрсатилгани учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида тўлов белгиланган (206 минг сўм).
ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза берганда қўшимча 10 фоиз чегирма назарда тутилган (206 минг сўм – 10% = 185,4 минг сўм).
Ваколатли орган (гидрогеология станцияси) QR-код билан ҳисоблаш воситасини рўйхатдан ўтказишнинг электрон далолатномасини тузади.
Солиқ инспекцияси ҳар бир сув олиш иншоотини муҳрлайди ва далолатномани муҳр рақамларини кўрсатган ҳолда электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.
Шундан сўнг ҳужжат электрон шаклда сўров юборилган давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчининг my.gov.uz даги шахсий кабинетига йўналтирилади.
Эътибор беринг
Ерости сувлар сув олиш объектларидан олинадиган сувни ҳисобга олиш учун фақат Ўзбекистонда ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган сув ҳисоблаш воситаларининг ўрнатилишига йўл қўйилади.
Сув ҳисоблаш воситалари насосли қудуқларда сув чиқишини бошқариш қурилмасидан олдин, фавворали қудуқлар ва булоқларда бошқариш қурилмасидан кейин ўрнатилиши лозим.
Агар ариза берувчи бир нечта сув олиш иншоотларига эга бўлса, у битта ариза бериб, унда қудуқлар ва булоқларнинг умумий сонини кўрсатган ҳолда уларга ўрнатилган сув ҳисоблагичларини рўйхатдан ўтказиши ва муҳрлатиши мумкин.
Ҳисоблаш воситаларини ўрнатмаса ва рўйхатдан ўтказмаса нима бўлади
2025 йил 30 ноябрдан сув ҳисоблаш воситалари билан жиҳозланмаган ерости сув олиш объектларидан фойдаланиш тақиқланади.
Ерости сувлар сув олиш объектларини сув истеъмолини ҳисобсиз фойдаланишда олиб чиқилаётган ерости сувлар ҳажми лимитлардан, технологик ва санитария нормалари, қишлоқ хўжалиги экинлари суғориш нормалари ва маълумотлар ишончлилигини таъминловчи бошқа усуллардан келиб чиқиб аниқланади. Шунингдек, қонунчиликка мувофиқ солиқ тўловларини ундириш чоралари кўрилади.
Buxgalter.uz тавсия қилади
Амалдаги коммунал хизматлар тарифлари ҳақида шу ерда ўқинг > > >
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади