ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар хавфи паст импорт қилувчилар назорат қилинмайди
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 майдаги 410-сон қарори билан Импорт қилинган товарлар ҳаракатини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
У товарлар ҳаракати қандай назорат қилиниши ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишини белгилайди.
Давлат божхона қўмитаси божхона расмийлаштирувидан кейин уч кун муддатда:
- ДСҚга - экспорт-импорт операциялари ҳамда товарлар ҳаракати тўғрисида маълумотларни;
- “Ўзстандарт” агентлигига - соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган импорт операциялари тўғрисидаги маълумотларни юборади.
Ушбу маълумотлар асосида солиқ хизматининг маълумотлар базасида ҳар бир импорт қилувчи бўйича назорат карточкалари юритилади. «Таҳлика-таҳлил» махсус дастурий маҳсулоти ёрдамида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи белгиланади – юқори, ўртача, паст.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган импорт қилувчилар назоратдан чиқарилади.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори ёки ўртача бўлган импорт қилувчиларнинг фаолияти камерал назоратдан ўтказилади.
Солиқ ҳисоботларида тафовутлар мавжудлиги аниқланса, бу ҳақда солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан Солиқ кодексининг 70-моддасида белгиланган тартибда бир иш куни ичида солиқ тўловчига талабнома юборилиб, хатоликларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Камерал назорат натижалари бўйича солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда импорт қилувчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун жойига чиққан ҳолда мавзули экспресс-ўрганиш амалга оширилади.
Мавзули экспресс-ўрганиш доирасида импорт қилинган товарлар реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида тўғри акс эттирилганлиги ўрганилади. Ҳужжатлар алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги, ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, солиқлар ва бошқа тўловлар ҳисобланади.
Солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши натижасида бўшаган маблағлардан мақсадли ёки белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ёхуд ўз ишлаб чиқариши эҳтиёжи учун импорт қилинган товарлар имтиёзли давр тугашига қадар реализация қилинганлиги аниқланганда ҳам қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўрилади.
Назорат тадбирлари чоғида жиноят аломатлари мавжуд деб топилган ҳолларда, материаллар уч кундан кечикмай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.
Ҳужжат матни билан ҳавола орқали танишиш мумкин: http://lex.uz/m/acts/4342334
Лола Абдуазимова.