Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Битта даврдаги солиқлар бўйича аудитдан сўнг камерал текширув ўтказилиши мумкинми
“Солиқ органлари Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича 1 мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас.
Агар солиқчилар солиқ аудити доирасида текширилган давр учун солиқлар бўйича камерал текширувни тайинлашган бўлса, биз нима қилишимиз керак?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Камерал текширувидан кейин солиқ аудитини ўтказиш – стандарт амалиёт. Уни камерал текширув чоғида анча синчиклаб ўрганишни талаб қиладиган жиҳатлар аниқланган тақдирда тайинлашади. Агар сиз солиқ аудити доирасида текширилган давр бўйича камерал текширув устидан шикоят берсангиз, уни бекор қилиш имконияти мавжуд.
Илгари солиқ аудитида текширилган масалалар бўйича камерал текширув устидан қандай шикоят бериш мумкин
Қуйидагиларга мурожаат қилган ҳолда камерал текширув тайинланиши устидан шикоят беришингиз мумкин:
- юқори турувчи солиқ органига.
Текширувни тайинлаган солиқ органи орқали мурожаат қилинади. Бунинг учун my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг солиқ органларига мурожаатларни юбориш учун мўлжалланган функционалидан фойдаланинг. Назаримда, бу энг самарали усулдир;
- бизнес-омбудсманга.
Мурожаатни сайт орқали юбориш ёки телефон орқали қўнғироқ қилиш мумкин. Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бизнес-омбудсманнинг телефон рақами – 1100;
- судга.
Ўз мурожаатингизни 2022 йил 13 сентябрдаги ПҚ-374-сон қарорда назарда тутилган норма билан асосланг: назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас. Давлат ёнғин назорати органлари томонидан ўтказиладиган назорат текширувлари ушбу қоидадан истисно ҳисобланади.
ПҚ-374-сон қарорнинг ушбу нормаси илгари текширилган давр учун ҳар қандай қайта текширувни тайинлаш устидан шикоят бериш имконини беради.
Сизнинг асосий далилингиз – илгари ушбу масала бўйича корхонангизни текширишган. Сўзингизни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этинг. Бу олдинги текширув натижалари бўйича қарор бўлиши мумкин.
Бунда шуни билиш лозимки, СКнинг 143-моддасига мувофиқ айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича қайта солиқ аудити тайинланиши мумкин. Солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган янги маълумотлар аниқланган ҳолларда бу бўлиши мумкин.
Бир мурожаатнинг якунлари ҳақида
Илгари биз камерал текшируви ўтказилган айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича иккинчи марта камерал текшируви тайинланган тадбиркор қандай ҳаракат қилиши лозимлиги юзасидан тавсиялар билан материал эълон қилгандик:
Тадбиркор бизнес-омбудсманга мурожаат қилди. У масалани кўриб чиқиш учун солиқчиларга топширди. Натижада солиқ инспекциясидан камерал текширув ўтказилмаслиги ҳақида хабарнома келиб тушди. Юзага келган вазиятни техник сабаблар билан изоҳлашди.
Бугун солиқ маъмуриятчилигида автоматлаштирилган таҳлика-таҳлилнинг аҳамияти ошди. Дастурлар янги, пухталаштирилишини талаб қилади. Шундай экан, солиқчиларни ҳам тушуниш мумкин.
Сизга қуйидаги материаллар қизиқарли бўлиши мумкин:
Олег Гаевой тайёрлади