Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ходим рўйхатдан ўтказилган жойига юборилса, хизмат сафари харажатлари қандай тўланади
«Ходим Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, Навоий шаҳрида доимий асосда ишлайди. Навоий шаҳрида корхона унга хизмат квартирасини берган. Доимий турар жойи Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг оиласи ҳам шу ерда яшайди.
Корхона ходимни Тошкент шаҳрига хизмат сафарига юбориш чоғида унга хизмат сафарига оид харажатларни (яшаш, кундалик харажатларни) тўлаши керакми?»
Buxgalter.uz тушунтиришлар юзасидан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВАга мурожаат қилди:
– Хизмат сафарларида компенсация тўловлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади . Низом қоидалари бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, бюджет маблағлари ажратиладиган бошқа жамғармалар, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар учун мажбурийдир. Бошқа ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига нисбатан ушбу қоидалар тавсиявий хусусиятга эга.
Хизмат сафари – бу ташкилот раҳбарининг буйруғига (қарори, фармойишига) асосан ходимнинг ўзининг доимий иш жойидан бошқа жойга хизмат топшириғини бажариш учун маълум бир муддатга юборилиши .
Ташкилотнинг таркибига кирувчи ҳудудий бўлинмалар, филиаллар (шохобчалар), участкалар ва бўлинмалар бошқа ерда жойлашган ҳолларда доимий иш жойи бўлиб меҳнат шартномасида белгиланган иш жойи ишлаб чиқариш бўлинмаси ҳисобланади .
❖
Норезидент бўлган ходимга хизмат сафари харажатлари қандай қопланиши ҳақида бошқа мақолада ўқинг.
Хизмат сафарига юборилган ходимга одатда турар жой (меҳмонхона ёки турар жой ижараси) билан боғлиқ харажатлар, хизмат сафари жойига бориш (шу жумладан, хизмат сафари доирасида шаҳарлараро ва туманлараро ҳаракатланиш), доимий иш жойига қайтиш учун йўл харажатлари қопланади, шунингдек, кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади .
Ходимингиз Тошкент шаҳрига хизмат сафарида меҳмонхонада яшаш учун ҳақ тўламаслиги ва турар жойни ижарага олмаслиги боис, унга турар жой билан боғлиқ харажатлар тўланмайди.
Кундалик харажатлар – бу хизмат сафарида бўлган вақтда кунлик овқатланиш, хизмат сафари пайтидаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ бошқа кундалик харажатлар, (транспорт воситалари ва турар жой билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно) . Агар ходим уйда овқатланса, сиз унга кундалик харажатларни тўламаслигингиз ёки унинг миқдорини камайтиришингиз мумкин.
Шунингдек, ходим ўзининг доимий яшаш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлса, кундалик харажатлар тўланмайди .
Сиз ходим учун Навоий шаҳридан Тошкент шаҳрига бориши ва қайтиши учун чипталар сотиб олишингиз ёки унинг шаҳарлараро транспорт харажатларини қоплаб беришингиз мумкин.