ЭҲФга ўтиш: солиқ инспекциялари ходимлари айбдор бўлдилар

preview

Тошкентда ўтказилган семинарларда ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ходимлари ҳамкасблари бўлмиш солиқчилар ва тадбиркорларга ЭҲФ ва онлайн-кассага мажбурий ўтиш қандай амалга оширилишини тушунтиришга ҳаракат қилдилар. Ушбу учрашувларда туман ДСИлари ходимлари фаоллик кўрсатишди, сабаби уларга солиқ тўловчилар ҳар куни саволлар билан мурожаат қиладилар. Бу саволларга эса ҳозирча ҳеч ким жавоб бера олмайди.

Ажратилган муддат вазиятни кескинлаштирмоқда: 3 ҳафтадан кейин янги технологиялар билан яқиндан ишлашга тўғри келади.

Солиқ қўмитаси ЭҲФ бўйича янги ҳужжат тайёрламоқда

ДСҚ ЭҲФ бўйича “очиқ” қолган саволларга жавоб берадиган ва мазкур масала бўйича қонун ҳужжатларидаги зиддиятларни бартараф этадиган норматив ҳужжат устида ишламоқда. Ушбу ҳужжат бухгалтерларнинг кўп сонли мурожаатлари ва экспертларнинг танқидий материалларини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳанинг ишчи варианти мавжуд, бироқ у солиқ маслаҳатчиларини қаноатлантирмади. Лойиҳа – хом, унда таклиф этилаётган ечимларни эса маромига етказиш ва тузатиш киритиш зарур. Экспертларнинг фикрича, у шу ҳолича қабул қилинса, вазият янада мураккаблашади. Янада кўпроқ саволлар ва зиддиятлар юзага келади...

Солиқчилар мазкур масалани 2020 йил 1 январгача ҳал қилишга улгурадиларми? Ҳужжатга қўшимча ишлов бериш, вазирлик ва идоралар билан келишиш, тасдиқлаш лозим. Тасдиқлангунига қадар синовдан ўтказилса – нур устига аъло нур бўлар эди. Буларнинг барчасига кам деганда йил якунланишидан 10 кун олдин улгуриш керак. Чунки электрон ҳужжат айланиши операторлари ва бухгалтерларда янги нормаларни инобатга олган ҳолда ишлашга тайёргарлик кўриш учун вақт бўлиши керак.

Масаланинг баҳоси, Интернетдаги узилишлар, Ғазначилик орқали ҳужжатлар

Бошқа муаммолар юзага келгани боис ҳисобварақ-фактуралар учун ҳақ тўлаш масаласи иккинчи даражага тушиб қолди. Тадбиркорларни масаланинг баҳоси унчалик ташвишлантирмай қўйди. Электрон ҳисобварақ-фактуралар қоғоз шаклига қараганда анча қулай ва иқтисодий жиҳатдан фойдалироқ. Уларни йўқотиб қўймайсиз, уни имзолашини сўраб контагентга қўнғироқ қилмайсиз. ЭҲФ етказиб бериш харажатларини тежаш имконини бериши шубҳасиз, айниқса – ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган вазиятларда.

Лекин, тадбиркорларни Интернетнинг сифати ва электр таъминотидаги узилишлар муаммоси ташвишга солмоқда. Солиқчилар “Ҳисоботларни топшираяпсизлар-ку? Ҳар ойда!”, деб савол билан жавоб беришга уринмоқдалар. Тадбиркорлар эса бунга жавобан ҳисоботни топшириш учун электр энергияси ва Интернет бор жойга боришларига тўғри келаётганини айтмоқдалар. Бироқ бу – ЭҲФ учун вариант эмас! Ҳаммаси реал вақт режимида – юклаб жўнатиш ёки хизматлар кўрсатиш далили бўйича амалга оширилиши керак. Тадбиркорлар ҳам бутун мамлакат ҳудудида Интернет нормал ишлашини талаб қилмоқдалар. Бунинг учун ҳам кўпи билан 3 ҳафта вақт бор!

ЭҲФ саналари тўғрисида кўп савол берилмоқда. Ҳозирги кунда барчани қизиқтирадиган саволлардан бири – бюджет ташкилотлари билан ўзаро муносабат ўрнатиш. Уларнинг барча тўлов ҳужжатлари Ғазначилик орқали ўтади ва ҳар доим ҳам вақтида расмийлаштирилмайди. Бу амалиёт келажакда ҳам сақланиб қолса, савол туғилади: товарлар ва хизматларни бюджет ташкилотига реализация қиладиган етказиб берувчи реализацияни қандай акс эттириши керак – юклаб жўнатиш далили бўйичами ёки Ғазначилик ЭҲФни маъқуллаши ва қабул қилиши далили бўйичами?

Бу муаммо, солиқчиларнинг сўзларига кўра, яқин кунларда ҳал қилиниши керак. Молия вазирлиги ҳузуридаги Телекоммуникациялар маркази фискал маълумотлар оператори мақомини олади.

Кассани координаталари аниқ белгиланган муайян шохобчага боғлаш шартми

ДСҚдаги семинарларда онлайн-НКМга ўтиш бўйича анча кам саволлар берилди, улар асосан таништириш тусига эга бўлди. Тадбиркорлар жиҳозни қаердан ва қандай сотиб олиш, рўйхатдан ўтказиш мумкинлиги, турли ишлаб чиқарувчиларнинг онлайн-НКМ моделлари нимаси билан фарқланиши масаласи билан қизиқдилар.

Шу билан бирга ечимини талаб қилаётган жиддий масалалар ҳам кўтарилди. Хусусан, тадбиркорлар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларни аниқ координаталари белгиланган муайян шохобчага боғлаш шарт эмас, деб ҳисоблайдилар.

943-сон ВМҚга асосан солиқ органлари ҳар бир кассани белгиланган географик координаталар доирасида юқори аниқлик билан қайд этадилар. Бу мижоз ҳузурида ҳисоб-китоб қилган ҳолда буюртмаларни етказиб бериш сервисини ривожлантиришда ноқулайликларни юзага келтиради.

Таксида онлайн-НКМни қўллаш масаласи ҳам жавобсиз қолмоқда.

Буларнинг бари “юмшоқ” ўтиш даврини жорий этиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди, тизим амалиётда синовдан ўтаётган бу паллада ҳеч ким бировни жазоламаган бўларди.

Замира ЖЎРАЕВА, «Норма» эксперти,

Олег ГАЕВОЙ.

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text156337_ehfga_utish_soliq_inspekciyalari_hodimlari_aybdor_buldilar