Полезное для бухгалтера в ноябре:
Корпоратив тадбирнинг ўтказилиши қандай солиқ оқибатларига олиб келади
Компания муҳим сана муносабати билан корпоратив байрамни ташкил этади, унда ходимлар ва таклиф қилинган меҳмонлар иштирок этади. Бинони ижарага олади, майдонни безатиш ва фотоҳудудни барпо этиш учун инвентарь сотиб олади. Банкет ўтказиш учун шартнома тузади. Бошқа шаҳарлар ва мамлакатларда яшовчи масофадан туриб ишлайдиган ходимлар учун авиа ва темир йўл чипталарини банд қилади ва тўловни амалга оширади, шунингдек тадбир даврида меҳмонхонада яшашга доир шартномалар тузади.
- Корпоратив тадбирлар, байрамларни ўтказиш харажатларига қандай солиқлар солинади?
- Масофадан туриб ишлайдиган ходимларнинг келишини хизмат сафари деб ҳисобласа бўладими?
- Корхонанинг йўлкира харажатлари ва корпоратив тадбирни ўтказиш вақтида масофадан туриб ишлайдиган ходимларнинг меҳмонхонада яшаш харажатларини қандай малакалаш керак?
Вазиятни buxgalter.uz учун махсус Profi Training бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) тушунтирди:
Компаниянинг муҳим санасига бағишланган, йиғилишлар ёки ишчан учрашувлар ўтказилмайдиган, самарадорликни ошириш учун иш масалалари муҳокама қилинмайдиган, ходимларни ўқитиш амалга оширилмайдиган корпоратив тадбирни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган тадбир деб ҳисоблаш лозим.
Корпоратив тадбирни ўтказиш харажатларига тўлов қуйидаги тарзда амалга оширилиши мумкин:
- хўжалик шартномалари асосида;
- корхонанинг корпоратив картаси орқали.
Байрам корпоративи қандай солиқ оқибатларига сабаб бўлади
Фойда солиғи
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган корпоративни ўтказиш харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасидан чегириб ташланмайди .
Унга қуйидаги харажатларни олиб бориш мумкин:
- майдонни ижарага олиш;
- инвентарь, майдонни безатиш;
- банкет, байрамга доир кечки овқатни ўтказиш;
- алкоголь, ичимликларни харид қилиш;
- меҳмонларга тарқатиш учун ёдгорликлар;
- ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа харажатлар.
ҚҚС
Агар тадбир учун товарлар ва хизматлар ҚҚС билан олинган бўлса, ташкилот ушбу ҚҚСни ҳисобга олмайди. ҚҚС сотиб олинган товарлар, хизматлар қийматида ҳисобга олинади .
ЖШДС ва ижтимоий солиқ
Корхонанинг муҳим сана муносабати билан корпоративни ўтказиш харажатлари жисмоний шахслар – корхона ходимлари ва таклиф қилинган меҳмонларнинг даромадлари ҳисобланмайди. Солиқ кодексида ушбу харажатлар 369-моддада “жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайдиган харажатлар” сифатида акс эттирилган:
диний расм-русумлар ва маросимларни, байрам тантаналарини ўтказиш, вакиллик харажатлари, шаҳар йўловчилар транспортида ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини олиш, шунингдек иш берувчининг ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитларини таъминлаш билан боғлиқ ҳамда муайян жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайдиган бошқа харажатлари.
ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботда ушбу харажатлар акс эттирилмайди.
Масофадан туриб ишлайдиган ходимнинг корпоративга сафари хизмат сафари ҳисобланади
“Хизмат сафари” тушунчасини аниқлаш учун Меҳнат кодексига мурожаат қиламиз: “хизмат сафари ходимнинг иш берувчи фармойишига биноан доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга маълум муддатга қиладиган сафаридир.
Хизмат сафарига юборилган тақдирда иш берувчи ходимга қуйидагиларни қоплаши шарт:
- йўлкира харажатлари;
- турар жой ижараси харажатлари;
- доимий яшаш жойидан ташқарида яшаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (суткалик);
- ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар” .
Байрамга келган ходимлар хизмат мажбуриятлари ва топшириқларини бажармайдилар. Улар байрам тадбирида иштирок этиш, ўзини жамоанинг бир бўлаги деб билиш, жамоа руҳини ҳис қилиш учун келишган.
Масофадан туриб ишлайдиган ходимларнинг байрам корпоративида иштирок этиш учун келиши хизмат сафари ҳисобланмайди. Бинобарин, йўлкира ва уларни меҳмонхонага жойлаштириш харажатларини хизмат сафари харажатларига олиб бориш мумкин эмас.
Корхонанинг масофадан туриб ишлайдиган ходимларнинг йўлкира ва яшашлари учун харажатларини қандай ҳисобга олиш керак
Масофадан туриб ишлайдиган ходимлар учун иш берувчи томонидан парвоз, йўлкира, меҳмонхонага тўланган харажатлари моддий наф тарзидаги даромадлар ҳисобланади ва тегишинча, ЖШДС солинади.
Агар ушбу хизматлар учун олинган ЭҲФда ҚҚС ажратилган бўлса, ҚҚС суммаси ходимнинг жами даромадига киритилади ва жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадини оширади. Ушбу ҚҚС ҳисобга олинмайди .
Моддий наф тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқ тўланмайди .
Қандай қилиб корпоративга харажатлар ва вакиллик харажатларини чалкаштирмаслик керак
Ушбу мисолда кўриб чиқилган байрам тадбирига харажатларни вакиллик харажатлари билан чалкаштирмаслик керак.
Корхонанинг унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлари, агар улар ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса, вакиллик харажатлари ҳисобланади. Бундай харажатлар корхона томонидан даромад олинишига қаратилган, тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ва ривожлантириш учун хизмат қилади. Вакиллик харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ солиш базасидан чегириб ташланади .
Солиқ кодексида вакиллик харажатлари тушунчаси мавжуд эмас. 2007 йил таҳриридаги эски Солиқ кодекси бўйича улар жумласига солиқ тўловчининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ёки уни сақлаб туриш, шунингдек солиқ тўловчининг бошқарув ва назорат органлари мажлисларига келган иштирокчиларни қабул қилиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадларида қиладиган харажатлари киритилганди. Булар мазкур шахсларнинг расмий қабулини ўтказиш, транспорт таъминоти, овқатланиши ва турар жойи, солиқ тўловчининг штатида турмаган таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш харажатларидир .
Вакиллик харажатларидан фарқли ўлароқ, байрамлар ва тантаналарни ўтказиш харажатлари корхонага иқтисодий наф келтирмайди. Бундай тадбирларни ўтказиш юридик шахс раҳбариятининг хоҳиши ҳисобланиб, компаниянинг молиявий ҳолатига боғлиқ.