Йиллик фойда солиғи ҳисоботида товарларни асосий воситаларга ўтказиш қандай акс эттирилади

preview

«Ташкилот ишлаб чиқарувчилардан асбоб-ускуна сотиб олади ва уни тадбиркорларга қайта сотади. 2023 йилда 10 та асбоб-ускуна тўплами харид қилинди, улардан 8 таси тадбиркорларга сотилди. Иккита тўплам сотилмади. Бухгалтерия ҳисобида асбоб-ускуна «Товар» счётидан «Асосий воситалар» счётига ўтказилди ва кейинчалик уни ижарага топширишди.

Буни йиллик фойда солиғи ҳисоботининг товарлар таннархини ҳисоблаш учун иловаларида қандай акс эттириш керак

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА изоҳлади:

 

Мунозарали вазиятлар бўйича батафсил тушунтиришлар – телеграм-каналимизда.

 

– Ҳисобот шаклини синчковлик билан ўрганиб чиқдим ва ушбу вазиятни акс эттириш учун мос сатрни топмадим. Бу саволга жавоб йиллик фойда солиғи ҳисоботини тўлдириш бўйича эълон қилинган йўриқномада ҳам йўқ.

Мен 2.1 (б)-сон иловани тўлдириш мисолида вазиятни батафсил ўрганиб чиқдим.

Дастур автоматик тарзда асосий воситаларга ўтказилган товарларни қайта сотиш учун сотиб олинган товарларга киритади.  Бу нотўғри, чунки ҳисоб-китоб бузилади ва солиқ суммаси нотўғри чиқади.

Муаммонинг ечими «Ички ўзгартириш» махсус сатрини киритиш бўлиши мумкин. У сотиш учун мўлжалланган захиралар ёки активлар таркибидан асосий воситалар таркибига ўтказиш учун керак. Агар ушбу сатр киритилмаса, унда бу сумма реализация қилинган товар таннархига «ўтиради», бу нотўғри.

Йиллик фойда солиғи бўйича ҳисобот 2024 йил 1 мартгача топширилиши керак, яъни захирада вақт бор. Шунинг учун бундай муаммога дуч келганларга Солиқ қўмитасига ёзма равишда мурожаат қилишни ва кутишни тавсия қиламан. Шаклга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ёки бундай вазиятни қандай ҳал қилиш бўйича расмий тушунтиришлар берилишининг эҳтимоли катта.