1 мартдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради

preview

2024 йил 1 мартдан кучга кирадиган қонунчиликдаги асосий ўзгаришларнинг анъанавий шархини тақдим этамиз. Чакана савдо билан шуғулланувчиларга сув ва шарбатлар учун мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этиляпти. Энди бизнес учун жарималар бўйича чегирмалардан ва бошқа имтиёзлардан  фойдаланишингиз мумкин бўлади.

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилмоқда

1 мартдан сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалашнинг биринчи босқичи бошланади. Биринчи гуруҳга қуйидагилар киритилган:

“Ачитилмаган ва таркибида спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси бундан мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек газланган ҳамда газланмаган сувлар ва ичимликлар”(ТИФ ТН-2009, 2201, 2202) .

«Asl belgisi» МАТ ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи ташкилотларга дастлабки буюртмалар асосида маркировкалаш кодларини тақдим этади. Ўзбекистон Республикасида ПЭТ қадоқларида ярим (0,5) литр ва ундан ошмаган ҳолда ишлаб чиқарилган (таркибида шакар ва бошқа қўшимчалар мавжуд бўлмаган) газланмаган сувларни мажбурий рақамли маркировкалашда идентификация воситаларини шакллантириш мақсадида рақамли маркировка кодлари оператор томонидан бепул тақдим этилади .

 

Юридик шахслар жарима тўлашда чегирмаларга эга бўлишади

Юридик шахслар лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга тартиб-таомилларда ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жарималарни ихтиёрий асосда  амалга оширсалар,  қуйидаги чегирмалардан фойдаланишлари мумкин:

  • 15 кун ичида тўланганда – жариманинг 50 фоизи;
  • 30 кун ичида тўланганда – жариманингн 30 фоизи .

 

Рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

2024 йил 1 мартдан бошлаб:

  • фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга 22 турдаги ҳужжатлар бекор қилинади;
  • лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;
  • тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.


2025 йил 1 январга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида рентген ускунасидан фойдаланиш ва ветеринария лаборатория-диагностика ишларини амалга ошириш фаолиятларини бошлаш учун ўтиш ва мослашиш даврини белгилайдиган «Бизнесга лицензиясиз кириш» махсус режими жорий этилади .

 

Пойтахтда юк машиналари тиғиз  вақтларда ҳаракатлана олмайди

Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланиши назарда тутилмоқда .  

Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Қуролли Кучларнинг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.

 

Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш тартиби ўзгаради

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади .

2024 йил 1 мартдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага беришга) мумкин бўлади. Бунда иккита шартга риоя қилиш керак:

  • ижарага олувчи ер участкасидан камида уч йил давомида фойдаланган бўлиши шарт, ушбу муддат ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ҳисобланади;
  • юридик шахсларга электрон онлайн аукцион савдолари, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорлари билан тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кейин йўл қўйилади.

 

Айрим товарларни импорт қилувчилар божхона имтиёзларидан фойдалана бошлайдилар

2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартга қадар 2 йил давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади :

  • меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;
  • чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;
  • туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар;

 

Импорт қилинадиган қуёш панеллари учун янги талаблар кучга киради

2024 йил 1 мартдан бошлаб техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи «A», «B», «C» ва «D» тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади .

Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади.

Аввал биз «Қуёш батареяларидан фойдаланган тадбиркорга қандай солиқ имтиёзлари бор»  мақоласида шу мавзу хусусида тўхталганмиз.

 

Озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчиларга айланма маблағларини оширишга ёрдам берилади 

Озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчи корхоналарга экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун 2 йил муддатгача экспорт ҳажми:

  • 100 минг АҚШ долларидан 1 млн АҚШ долларигача бўлганда –100 минг АҚШ долларигача;
  • 1 млн АҚШ долларидан 2 млн АҚШ долларигача бўлганда –1 млн АҚШ долларигача;
  • 2 млн АҚШ долларидан 4 млн АҚШ долларигача бўлганда –2 млн АҚШ долларигача;
  • 4 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 3 млн АҚШ долларигача молиявий ресурслар ажратилади.

Бунда молиявий ресурслар йиллик 4 фоиз ставкадан (шундан 2 фоизи банк маржаси) ошмаган миқдорда тақдим этилади .

 

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Президентинирнг 10.11.2023 йилдаги ПФ-193 Фармонига мувофиқ Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси (аввалги номи – Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси) кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошира бошлайди.

Бу ҳақда батафсил – бизнинг шарҳимизда.

 

Нотариал битимлар онлайн тарзда расмийлаштирилиши мумкин

Нотариуслар 2024 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнингн нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилишини таъминлашлари керак .

 

 

Саида ДЖАНИЗАКОВА тайёрлади