Электрон ТТЮ: энг кўп ташвишлантираётган саволларга 15 та жавоб

preview

1 апрелдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштиришади. Куни кеча СҚ ҳузуридаги “Янги технологиялар” ИАМнинг етакчи мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ иштирокида вебинарлар туркуми бўлиб ўтди.

Buxgalter.uz солиқ тўловчиларнинг саволлари ва уларга жавобларни ёзиб олди.

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– ЭТТЮ юк жўнатувчи томонидан шакллантирилади. Экспедитор (ҳайдовчи) ва юк олувчининг мажбуриятлари қандай?

– ЭТТЮ ҳар доим юк жўнатувчи томонидан юкни жўнатиш олдидан тўлдирилади. Юк олувчи юкни олгандан сўнг ЭТТЮни тасдиқлаши керак. Ушбу мажбуриятларни юк жўнатувчи ва юк олувчи ўзлари фойдаланаётган электрон ҳужжат айланиши операторлари сайтларида (масалан, 1Uz, Didox ва ҳ.к.) бажарадилар.

Юк ташилаётган автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳам юкни ташиш учун қабул қилганлигини тасдиқлаши лозим. Бунинг учун у смартфонга SoliqUz мобиль иловасини юклаб олиши ва FaceID идентификациясидан ўтиши зарур. “Персонал хизматлар” нишончасида “Ҳайдовчилар учун ЭТТЮ” хизмати пайдо бўлади – бу ерда у юкни ташиш учун қабул қилганлигини тасдиқлаши керак.

 

Soliqservis.uz сайтида ЭТТЮнинг иккита шакли жойлаштирилган: янги ва эски шакли. Айрим электрон ҳисобварақ-фактуралар операторлари сайтларида ҳозирча фақатгина ЭТТЮнинг эски шакли жойлаштирилган. Ундан қандай фойдаланиш керак?

– 2024 йил 1 апрелдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар 21.12.2023 йилдаги 673-сон ВМҚга мувофиқ келадиган шаклни танлашлари лозим. Ушбу санадан ЭТТЮни расмийлаштириш мажбурийлиги ва кўрсатилган шакл 21.12.2023 йилдаги 673-сон ВМҚ талабларига мувофиқ келиши боис, у анча такомиллаштирилган ва деярли барча учрайдиган вазиятларни инобатга олади.

Ўз ташаббусига кўра ТТЮни электрон шаклда расмийлаштирадиган қолган солиқ тўловчиларга ҳам худди шу шаклдан фойдаланиш тавсия қилинади. 10 кунлик муддатда ЭТТЮнинг эски шаклларидан фойдаланиш имконияти бўлмаслиги режалаштирилмоқда.

 

– Юк жўнатувчи ЭТТЮни шакллантириш пайтида ҳайдовчининг ва юк жўнатиладиган машинанинг маълумотларини билмаслиги мумкин. Бу ҳолатда нима қилиш керак?

– Ушбу ахборотни ЭТТЮни расмийлаштиришдан олдин аниқлаштириб олиш лозим. Айрим электрон ҳужжат айланиши операторлари режасида унинг ёрдамида ташишлар ташкилотчиси юк жўнатувчига ЭТТЮни шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни жўнатиш мумкин бўладиган ариза шаклини жорий этиш бор.

 

– Машинага юк бир нечта савдо шохобчалари учун юкланганда ЭТТЮни қандай тўғри расмийлаштириш керак?

– Ҳаммаси ушбу савдо шохобчалари кимга тегишли эканлигига боғлиқ.

Агар уларнинг барчаси битта тадбиркорлик субъектига тегишли бўлса (битта СТИР), битта ЭТТЮ расмийлаштирилади ва  унда юк етказиб берилиши керак бўлган барча манзиллар кўрсатилади.

Ушбу савдо шохобчалари турли тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлса, ЭТТЮ ҳар бир тадбиркорлик субъекти – юк олувчига расмийлаштирилади.

 

– Компаниямиз – йирик солиқ тўловчи саналади, биз сигареталар билан савдо қиламиз. Бизда етказиб бериш хизмати билан шартнома мавжуд, шунингдек ўз транспортимиз бор, унда товарни айрим савдо шохобчаларига мустақил равишда етказиб берамиз. Ҳар бир реализацияга электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштирамиз, энди яна электрон транспорт юк хатини расмийлаштиришимиз керакми?

– Ҳа, сиз ўз товарингизни сотаётган ҳар бир юк олувчига ЭТТЮ расмийлаштиришингиз лозим.

Айрим электрон ҳужжат айланиши операторларида ЭТТЮ шаклида қачон компания экспедитор ва юк ташувчи сифатида иш юритишини белгилаш имконияти назарда тутилган. Бу ҳолда ахборотни киритиш керак эмас, у автоматик тарзда такрорланади.

 

 

– Бутун юк битта машинага сиғмаганлиги туфайли буюртмачига юк иккита машинада жўнатилади. Мазкур ҳолатда ЭТТЮ қандай расмийлаштирилади?

– Ушбу ҳолатда ҳар бир машинага, ҳар бир жўнатмага (қатновга) мустақил ЭТТЮ расмийлаштирилади.

Янги шаклда юк “А” нуқтадан “В” нуқтага ташиладиган масофани кўрсатиш учун сатрлар, 1 кмга ташиш қиймати ва етказиб бериш қиймати назарда тутилган. Жўнатиш чоғида биз машина босиб ўтадиган аниқ километражни билмасак, қандай йўл тутишимиз керак?

–  Ушбу сатрларнинг тўлдирилиши мажбурий эмас, уларда тахминий маълумотларни кўрсатиш мумкин. Агар ушбу сатрларга нисбатан бирор бир нарса ўзгарса, яъни улар мажбурийга айланса ва уларнинг мазмуни солиқ органлари томонидан назорат қилинса, бу ҳақда қўшимча ахборот берилади.

 

– Шартномада юкни мустақил равишда олиб чиқиш назарда тутилган бўлса, ЭТТЮ расмийлаштириш керакми?

– Ҳа, керак. Бу ҳолатда юк олувчи ва юк ташувчи сифатида битта шахс кўрсатилади. Агар томонларнинг келишувига кўра юкни юк жўнатувчи жўнатса – юк жўнатувчи ва юк ташувчи сифатида битта шахсни кўрсатасиз. Айрим операторларда битта шахс бир нечта ҳаракатларни амалга оширганида маълумотларни автоматик тарзда такрорлаш имконияти назарда тутилган.

 

– Харидорлар – чакана мижозларга такси ёрдамида буюртмаларни жўнатамиз. Бу ҳолда ЭТТЮ расмийлаштириш керакми?

– Жисмоний шахс – чакана харидорга ЭТТЮ керак эмас. Бу ҳолатда мижоз онлайн-НКТ чекини олади.

 

– Бизда кўчма савдо: бир нечта фудтреклар ва ғилдиракли дўконлар мавжуд. Бу ҳолларда товар-транспорт юк хатлари билан қандай йўл тутиш лозим?

– Фудтрек ёки кўчма дўконни жўнатишда ЭТТЮ расмийлаштирилмайди. Ушбу шохобчаларни назорат қилиш учун K-savdo тизими қўлланилади, харидорларга эса мажбурий равишда онлайн-НКТ чеки берилади.

 

– Ҳайдовчи юкни хусусий автомобилида ташийди. Бундай ҳолатда ЭТТЮ қандай расмийлаштирилади?

– Ҳайдовчининг ЖШШИРини кўрсатган чоғингизда “автотранспорт воситалари” устунида у эгалик қиладиган ёки ижара шартномаси асосида фойдаланадиган барча автомобилларга кириш имконияти бўлади.

 

– “Транспорт тури” устунига автомобиль тўғрисидаги маълумотларни қўлда қандай киритиш керак?

– Ҳеч қандай тарзда. Автомобилларнинг маълумотлар базаси ИИВ ва E-ijara ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш тизими маълумотлари асосида шакллантирилади. Сиз юк қайси автомобилда  ташилса, ўша автомобилни танлашингиз керак.

 

– Агар юк олувчи ЭТТЮни имзоламаса, нима қилиш керак?

–  Юк олувчи юкни олгандан кейин ЭТТЮни имзолаши шарт. Бу юкни ташиш жараёни якунланганлигини белгилайдиган муҳим операция. Акс ҳолда ҳайдовчи товарни юк жўнатувчининг омборига қайтариши керак.

 

– Жўнатиш чоғида машинага 100 дона шиша банка юкланди, 90 таси манзилга етиб борди. 10 та банка транспортировка қилиш пайтида синди. Юк олувчи ЭТТЮни имзолашни рад этмоқда. Нима қилиш лозим?

– Юк олувчи бу ҳақда юк жўнатувчига хабар бериши ва ҳақиқатда етказиб берилган юкни кўрсатган ҳолда янги ЭТТЮ тақдим этишини сўраши керак. Шиша банкаларнинг синиши эса бузилган маҳсулот сифатида тегишли тарзда расмийлаштирилади.

 

  

– Тузатилган ЭҲФга ўхшаш тарзда тузатилган ЭТТЮ тақдим этиш мумкинми? Агар расмийлаштирилган ҳужжатда хато топилса, бундай зарурият юзага келиши мумкинми?

– Тузатилган ЭТТЮ тақдим этиш имконияти назарда тутилмаган, сабаби бу ҳужжатнинг моҳиятига зид.

ЭТТЮ юк жўнатувчи, ҳайдовчи ва юк олувчи томонидан имзоланади. Уларнинг ҳар бири ҳужжатга, нимани имзолаётганига эътибор билан ёндашиши керак. Хатоларни ҳужжатни имзолашингиздан олдин тузатиш лозим. Агар бирор бир нарсадан рози бўлмасангиз – хатолар юк жўнатувчи томонидан бартараф этилмагунга қадар уни қабул қилишни рад этинг.

ЭТТЮ ташишнинг барча иштирокчилари томонидан имзоланганидан кейин ҳужжатга тузатишлар киритишнинг имкони бўлмайди.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 

 

ЭҲА ЭҲА ЭҲА /ul/publish/doc/text198281_elektron_ttyu_eng_kup_tashvishlantiraetgan_savollarga_15_ta_javob