Олий ўқув юртида таълим бўйича имтиёзни қўллашда йўл қўйиладиган 5 та муҳим хато

preview

Ўзбекистондаги олий ўқув юртида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшгача бўлган фарзанди ёки турмуш ўртоғининг ўқиши) учун йўналтириладиган солиқ тўловчининг даромадларига солиқ солинмайди. Ушбу имтиёзни қўллашда кўп учрайдиган хатоликлар ҳақида buxgalter.uz нинг илтимосига кўра Юнусобод туман ДСИ бош солиқ инспектори Низомиддин СУЛТОНОВ сўзлаб берди:


– «Кўпинча ЖШДС бўйича ушбу имтиёзни қўллашда иш берувчи (солиқ агенти) томонидан қуйидаги хатоларга йўл қўйилиши мумкин:

1. Иш берувчи имтиёзни қўлламайди ва солиқ инспекциясига мурожаат қилишни тавсия этади.

Жисмоний шахсларнинг даромадларига тўлов манбаида солиқ солиш тартиби Солиқ кодексида белгиланган. Бухгалтер 2019 йилда ва ундан аввал йўл қўйилган хатони тузатадиган бўлса, у 2007 йилги таҳрирдаги СКга амал қилиши лозим .

2010 йил 27 мартдаги 2107-сон Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомда имтиёзни амалиётда қўллаш жиҳатлари тартибга солинган.

Иш берувчи (солиқ агенти) СКда назарда тутилган имтиёзларни қўллаши шарт. Бунинг учун ходим томонидан ариза билан бирга тақдим этилган қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

  • Ўзбекистон олий ўқув юрти ва талаба ўртасида пуллик асосда таълим олиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
  • таълим кредитини олиш учун тижорат банки билан тузилган шартнома нусхаси (бундай шартнома тузилган тақдирда);
  • талабанинг паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси.

Эътибор беринг
Ходимнинг турмуш ўртоғининг таълим ҳақини тўлаш чоғида иш берувчи паспортда тегишли ёзув қайд этилмаган бўлса, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани талаб этишга ҳақли. Бироқ ҳозирга қадар ушбу норма 2010 йил 27 майдаги 2107-сон Низомга киритилмаган.

Жисмоний шахс таълим ҳақини мустақил равишда тўлайдиган бўлса (нақд пул билан, банкдаги омонатларидан ва бошқа банкдаги ҳисобрақамларидан ёки пластик картадан фойдаланган ҳолда), ДСИга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш чоғида имтиёзни қўллаш мумкин.


2. Иш берувчи имтиёзни қўллаш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олмайди.

Иш берувчи турли усуллар орқали таълим ҳақини тўлашда иштирок этиши мумкин:

  • ходимнинг аризасига биноан унинг иш ҳақидан таълим учун тўловни ўтказиш;
  • ходимга олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлаш учун қайтариш шарти билан қарз (молиявий қарз) бериш;
  • ходимнинг иш ҳақини таълим кредитини сўндиришга йўналтириш;
  • шартнома асосида ўз маблағлари ҳисобидан олий ўқув юрти билан ҳисоб-китобни амалга ошириш.

Олий ўқув юртидаги таълим ҳақи тўлайдиган шахслар учун ЖШДС бўйича имтиёз фақат учта ҳолатда қўлланилиши мумкин, сабаби - имтиёз фақат ЖШДСга нисбатан татбиқ этилади.

Иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширадиган бўлса, бундай харажатлар жисмоний шахсларнинг даромади ҳисобланмайди ва бинобарин, уларга нисбатан имтиёз қўлланилмайди .

Олий ўқув юртида таълим олиш ҳақ тўлаши мумкин бўлган шахслар рўйхати бухгалтерлар эътиборидан четда қолиши мумкин. Бир томондан, у қатъий чекланган, бошқа томондан – кодекснинг янги таҳририда кенгайтириб берилган: ходим ва фарзандларидан ташқари унинг турмуш ўртоғининг таълим олиши учун ҳам имтиёзни қўллаш мумкин.


3. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва аккредитацияланган хорижий билим юрти филиалида таълим ҳақи тўланганда, иш берувчи томонидан имтиёзни қўллаш рад этилади.

2107-сон Низомга мувофиқ олий ўқув юрти деганда олий таълимнинг дастурларини  (бакалавриат ва магистратура) амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган, ўз Устави ва Олий таълим тўғрисидаги низом асосида фаолият юритувчи юридик шахс тушунилади.

Бинобарин, Ўзбекистондаги олий ўқув юртида, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва аккредитация қилинган хорижий билим юртларида таълим олаётган барча талабаларга нисбатан имтиёз қўлланилиши мумкин.

Имтиёз чет элда таълим олаётганларга татбиқ этилмайди.

Олий ўқув юртлари ўртасида тузилган шартномага асосан талаба ўқиш даврининг бир муддатида Ўзбекистондаги аккредитация қилинган билим юртида, қолган муддатида хорижда таълим оладиган ҳолатлар тартибга солинмаган.

Мазкур ҳолатда мутахассисларнинг фикрлари турлича бўлди. Айримлар ушбу материал муаллифи сингари талаба Ўзбекистонда аккредитация қилинмаган хориждаги билим юртида ўқиётган давр учун имтиёз берилмаслиги керак деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса барибир имтиёз тақдим этилиши керак деб ҳисоблайдилар.

Мазкур масала юзасидан келишмовчиликларни норматив ҳужжатларда тартибга солиш орқали бартараф этиш мумкин.


4. Иш берувчи банк фоизларини сўндириш ҳисобига йўналтирилган суммага имтиёзни қўллайди.

Солиқ кодексида фақат олий ўқув юртида таълим олиш учун йўналтирилган суммага имтиёз берилади.

Ўқиш ҳақини тўлаш учун банк томонидан берилган кредит бўйича фоизларга имтиёз татбиқ этилмайди.


5. Иш берувчи таълим ҳақини тўлаш учун иш берувчидан олинган қарз йўналтирилган тақдирда имтиёзни қўллайди.

Иш берувчи ходимга олий ўқув юртида таълим олиш ҳақини тўлаш учун қарз берган. Қарзни қайтариш шартлари шартномада келишилган. Сумма қисмларга бўлиб-бўлиб, шу жумладан кейинги йилларда қайтарилиши назарда тутилган деб фараз қилайлик. 2107-сон Низомга мувофиқ ҳисобот йилидан кейинги йилларда сўндириладиган қарз суммасига имтиёз қўлланилмайди.


Хатоларни қандай четлаб ўтиш мумкин

Қуйидаги иккита қоидага амал қилиш керак:

  • ЖШДС бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини (кейинги ўринларда – солиқ чегирмаси) Ўзбекистондаги олий ўқув юртида таълим олиш учун ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар суммасига камайтириш кўринишида тақдим этилади. Шу жумладан – Ўзбекистонда жойлашган ва аккредитация қилинган хорижий билим юртлари. Таълим олиши учун имтиёз тақдим этиладиган шахслар рўйхати СК 369-моддаси 31-бандида белгиланган.
  • Ҳисобот даврида солиқ чегирмасидан тўлиқ фойдаланилмаса (жами йиллик даромад суммаси таълим учун ҳақ тўлаш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасидан кам бўлган тақдирда), унинг қолдиғи кейинги солиқ даврларига кўчирилмайди».

 

Олег ГАЕВОЙ.