Хўжалик юритувчи субъект кассасида қанча нақд пул сақлаш мумкин

preview

«Компания кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун товарлар (хўжалик ва канцелярия буюмлари, вакиллик харажатлари) сотиб олиш мақсадида ҳисоб рақамидан 50 миллион сўм нақд пул ечиб олди. Бу маблағ ходимга ҳисобот бериш шарти билан берилди. Моддий жавобгар ходим 30 миллион сўмлик ҳисобот топширди, қолган 20 миллион сўмни эса жамият кассасига қайтарди. Нақд пулни кассада қанча вақт сақлай оламиз?

Қонунчиликда касса лимити бўйича тақиқ топмаганимиз боис савол туғилди. Касса операцияларини юритиш қоидалари ўз кучини йўқотган, унинг ўрнига эса ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаганми?»

Buxgalter.uz илтимосига кўра саволга солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА жавоб берди:

Зарур тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Telegram каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ҳақиқатан ҳам, Юридик шахслар томонидан касса операцияларини юритиш қоидалари (22.06.2015 й. АВ рўйхат рақами 2687-сон) ўз кучини йўқотган. Хўжалик юритувчи субъектлар кассасида нақд пул қолдиғи лимитини белгилаш ва нақд пул тушумини банк кассаларига топширишнинг барча масалаларини Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан нақд пул муомаласини ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома (01.05.2018 й. АВ рўйхат рақами 3003-сон) тартибга солади.

Хўжалик юритувчи субъектлар кассасида нақд пул қолдиғи лимитини белгилаш ва нақд пул тушумини банк кассаларига топширишнинг барча масалалари Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан нақд пул муомаласи бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги Йўриқномада (14.06.1999 й. АВ рўйхат рақами 746-сон) белгиланган.

Мазкур йўриқноманинг 17-18-бандларига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектлар ўз кассаларида белгиланган нақд пул қолдиғи лимити доирасида нақд пул сақлашлари мумкин. Хўжалик юритувчи субъектларнинг кассаларида нақд пул қолдиғи лимитини белгилаш тартиби фақат банкларда алоҳида депозит ҳисобварағига ҳамда ўз кассасига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қўлланилади.

Хўжалик юритувчи субъектлар кассаларида нақд пул қолдиғи лимити банклар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар билан келишган ҳолда ҳар йили пул айланмаси ва уларнинг иш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мижоз томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотнома асосида Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ белгиланади.

 

Хўжалик юритувчи субъектлар кассаларидаги нақд пул қолдиғи лимитлари қуйидагича ўрнатилади:

  • доимий нақд пул тушумига эга бўлган ва ҳар иш куни охирида пул тушумини банкка топшириши шарт бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун – кейинги иш куни эрталаб ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттириш учун зарур бўлган миқдорда (банк кассасига кирим қилиш учун пул топширилгандан сўнг кассага кирим қилинган пуллар белгиланган лимитга киритилмайди);
  • банкка кейинги иш кунида нақд пул тушумини топшириши шарт бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун – ўртача кунлик нақд пул тушумидан ошмайдиган миқдорда;
  • нақд пул тушумини бир неча кунда бир марта топшириш ҳуқуқига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар учун – ўртача кунлик тушум суммасида ва уни банкка топширишнинг белгиланган муддатини инобатга олган ҳолда;
  • доимий нақд пул тушумига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар учун – ўртача кунлик нақд пул харажатлари доирасида (иш ҳақи, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, мукофотлар, стипендиялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш харажатларидан ташқари).

 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи ва қайта ишловчи хўжалик юритувчи субъектлар кассаларидаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитига аҳолидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш мақсадида банкдан олинган нақд пуллар киритилмайди.

Эътибор беринг

Хўжалик юритувчи субъектлар ўз кассаларида нақд пулларни белгиланган лимитлардан ортиқ миқдорда фақат иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун (нафақалар, пенсиялар, стипендиялар ва бошқа ижтимоий тўловлар) банкдан пул олинган кунни ҳисобга олган ҳолда 3 иш кунидан ошмайдиган муддатда сақлаш ҳуқуқига эга.

 

 

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /uz/publish/doc/text211679_hujalik_yurituvchi_subekt_kassasida_qancha_naqd_pul_saqlash_mumkin