ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
ЭҲФ бўйича янги Низомда қандай тартиб белгиланади
ҚҲТБТ порталида ЭҲФни тўлдириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жойлаштирилган. Шу билан бирга ДСИ қошидаги турли Телеграм-гуруҳларда ва Facebook даги ихтисослаштирилган гуруҳларда бухгалтерлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар билан ишлаш қизғин муҳокама қилинмоқда. Барча саволларга дарҳол ва том маънода жавоб топиб бўлмайди. Уларга лойиҳадан жавоб топиш мумкинми?
1) ЭҲФ қандай муддатда етказиб берувчи томонидан ёзиб берилиши ва харидор томонидан имзоланиши лозим?
- «ДСҚга ЭҲФ харидор томонидан қандай ҳолатларда имзоланмаслиги юзасидан сўров юбордик. Жавоб келишини кутяпмиз. ДСҚ вакиллари семинарда қуйидагиларни маълум қилишди: «харидор ЭҲФни имзоламаган бўлса, сиз уни ҚҚС бўйича айланмага кирита олмайсиз ва тушумда ҳисобга олмайсиз».
- «Солиқ органида ушбу ҳисобварақ-фактуралар ҳисоботга киритилмайди ва ҳисобга олинмайди деб айтишди. Ҳисобварақ-фактураларимизни тасдиқлашларини (имзолашларини) сўраб, қўнғироқ қилаверишдан чарчадик. Айримлар июлгача ўрганиш учун вақтлари борлигини ва ҳозирча ЭҲФ билан ишламоқчи эмасликларини айтишган».
2) ЭҲФ қандай имзоланади?
- «Ҳар куни эрталабдан (контрагентларга – таҳр. изоҳи) қўнғироқ қилишни бошлаймиз, калит олишда ягона дарча билан ўзаро муносабатлари қайси босқичда эканлигини биламиз, кейин, сайтга қандай киритишни, ҳисобварақ-фактурани қандай имзолашни ва бошқаларни тушунтирамиз».
- «ИАМнинг хабар қилишича, телефонлар учун иловалар мавжуд, уларда ЭҲФни имзолаш мумкин. Бироқ калитни телефонга USB ёки телеграмм ва бошқалар орқали ўтказиш мумкин. Иловалар фақат Android учун ишлайди».
3) Товарлар ва хизматлар КПК орқали харид қилинганда ЭҲФ зарурми?
- «Ҳамкасблар, кимлардир машинага ёқилғи учун корпоратив карта бўйича ҳақ тўлайдими? Бунга ҳисобварақ-фактура электрон шаклда бериладими»?
- «Биз ёқилғи қуямиз, лекин ҳеч ким ҳеч нарса бермайди»!
- «Қандай йўл тутиш керак? Ахир КПК бўйича барча харажатлар юзасидан ЭҲФ бўлиши керак-ку».
Афсуски, Низом лойиҳасида ушбу ва бошқа кўпгина саволларга жавоб йўқ. Ҳали вақт бор, саволларни лойиҳага таклиф кўринишида 20 февралга қадар беришингиз мумкин.
Ҳужжат нима ҳақида экан? Асосий жиҳатларни кўрсатиб ўтамиз:
ЭҲФ қандай расмийлаштирилади
Ҳисобварақ-фактура юридик шахслар, шу жумладан хорижий компанияларнинг доимий муассасалари ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг товарларини (хизматларини) реализация қилиш чоғида ёзиб берилади.
Жисмоний шахсларга товарларни реализация қилишда ва хизматлар кўрсатишда, сотувчилар томонидан харидорларга ДСХОда рўйхатдан ўтказилган НКМ чеклари берилиши шарт.
Ҳисобварақ-фактура товарларни юклаб жўнатиш (бериш) ёки хизматлар кўрсатиш санасида ёзиб берилади.
Электр энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари, шунингдек қувурлар тизими орқали товарларни ташишга доир хизматлар реализация қилинганда, ҳисобварақ-фактура бир марта, ойнинг охирги санасида ёзиб берилади.
Ҳисобварақ-фактурада товарлар (хизматлар) қиймати миллий валютада кўрсатилади.
ҚҚС тўловчилар олинган ва реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестрини юритишлари шарт.
Ҳисобварақ-фактура ЭҲФ тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади.
Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳолатларда уни қоғоз шаклида расмийлаштиришга ҳақли:
- солиқ тўловчининг жойлашган жойи бўйича ЎзРнинг маъмурий-ҳудудий чегараларида умумий фойдаланиладиган телекоммуникация тармоқлари мавжуд бўлмаганда;
- ЭҲФ тизимида техник хатоликлар, узилишлар рўй берганда – бу ҳолатлар ваколатли органлар томонидан тасдиқланиб, кейинчалик ёзиб берилган ҳисобварақ-фактуралар ЭҲФ ахборот тизимига киритилганда;
- давлат сирлари билан боғлиқ бўлган товарлар (хизматлар) реализация қилинганда.
Ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
- ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва тузилган санаси;
- ҳисобварақ-фактура илова қилинадиган товар жўнатиш ҳужжатларининг ёки шартноманинг (хизматлар кўрсатишга оид шартнома) рақами ва санаси;
- етказиб берувчининг ва товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олувчининг номи, жойлашган ери (почта манзили), шунингдек хизмат кўрсатувчи банкнинг идентификация рақами ва банкдаги ҳисоб рақами;
- Агар мавжуд бўлса - ҚҚС тўловчининг рақамини кўрсатиш шарт. ҚҚС тўловчининг рақами мавжуд бўлмаса, тегишли сатр тўлдирилмайди.
Ҳисобварақ-фактуранинг харидорга тегишли бўлими шартномага мувофиқ етказиб берувчи томонидан тўлдирилади.
Товарларни бериш (хизматлар кўрсатиш) бепул бўлганда, «ЖАМИ» сатрида устунлар бўйича суммалар ҳисобланмайди, «тўловсиз» ёзуви қайд этилади.
Устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида ёки оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича ҳисса сифатида товарлар берилганда (хизматлар кўрсатилганда), «ЖАМИ» сатрида устунлар бўйича суммалар ҳисобланмайди, «устав фондига (устав капиталига) ҳисса» ёки «оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича ҳисса» ёзуви қайд этилади.
Низом лойиҳасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилганда, дори-дармонлар реализация қилинганда ва воситачилик операциялари амалга оширилганда ўзига хос ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартиби ҳам келтирилган.
Тузатиш киритилган ва қўшимча ҳисобварақ-фактуралар
Солиқ органига сотувчи, харидор, товарлар (хизматлар) номи, миқдори, қиймати, солиқ ставкаси ва солиқ суммасини идентификациялашга тўсқинлик қиладиган ҳисобварақ-фактурадаги хатоликлар тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани тузиш орқали тузатилиши лозим.
Юқорида санаб ўтилганларни идентификациялашга тўсқинлик қилмайдиган имло хатолари ва бошқа хатоликлар етказиб берувчининг (сотувчининг) ва харидорнинг хоҳишига қараб ҳисобварақ-фактура ёрдамида тузатилиши мумкин.
Тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура хатоликка йўл қўйилган ҳисобварақ-фактура ўрнига ёзиб берилади, бунда аввалгиси бекор қилиш орқали юридик кучини йўқотади.
Тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура Солиқ кодексининг 88-моддасига мувофиқ даъво билдириш муддати давомида расмийлаштирилади.
Тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
- у тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактура ҳисобланиши ҳақида қайд этилади;
- тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактуранинг тартиб рақами ва тузилган санаси;
- илгари харидор томонидан тасдиқланган, бекор қилинган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси.
Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ солинадиган базага уни кўпайтиришга (камайтиришга) қаратилган тузатиш киритган тақдирда, мазкур товарларни (хизматларни) олувчи томонидан тасдиқланадиган қўшимча ҳисобварақ-фактура тузилади.
Қўшимча ҳисобварақ-фактура тузатиш киритиладиган ҳисобварақ-фактура ёзиб берилган кундан эътиборан 12 ой ичида, белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича кафолат муддати доирасида расмийлаштирилади.
Қўшимча ҳисобварақ-фактурада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
- ҳисобварақ-фактура қўшимча эканлиги ҳақида қайд этиш;
- қўшимча ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва тузилган санаси;
- тузатиш киритилаётган ҳисобварақ-фактуранинг рақами ва санаси;
- ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда солиқ солинадиган базага тузатиш киритиш миқдори (салбий ёки ижобий);
- ҚҚС суммасига тузатиш киритиш миқдори (салбий ёки ижобий).
Лойиҳа муҳокамаси 20 февралда якунланади.