Таъминлаш чоралари солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини бузмайдими

preview

Янги таҳрирдаги СКнинг жорий этилиши билан солиқ органлари текширув чоғида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда таъминлаш чораларини қўллаши мумкин . Бундай ҳуқуқ уларда илк марта пайдо бўлди. Таомилнинг ўзи эса қабул қилинган қарорнинг ижро этилишини кафолатлашга қаратилган.

Илгари қарор қабул қилиниб, қонуний кучга киргунга қадар ноинсоф солиқ тўловчи ўз корхонасини “банкрот қилиб”, яширинишга улгурганлиги ҳеч кимга сир эмас. Натижада – қарор қабул қилинган, уни ижро этишнинг жисмоний имконияти бўлмаган.

Таъминлаш чораларининг иккита тури белгиланган :

  • солиқ органининг розилигисиз мол-мулкни бошқа шахснинг ихтиёрига ўтказишга ёки гаровга қўйишга доир тақиқ;
  • банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш.

Бу солиққа оид ҳуқуқбузарлик аниқланганда албатта таъминлаш чоралари кўрилади дегани эмас. Солиқ органи жуда яхши тушунади: агар солиқ тўловчи кўрилган таъминлаш чоралари устидан шикоят қилса, у юқори турувчи солиқ органига ёки судга бундай чоралар қўлланилмаганда бюджетга боқимонда, пеня ёки жаримани ундириб бўлмаслигини исботлаб беришига тўғри келади. Бу солиқ органини анча эҳтиёткор бўлишга ундайдими – буни амалиёт кўрсатади.

Солиқ органининг таъминлаш чораларини кўришга нима туртки бериши мумкин:

  • илгари вужудга келган солиқ мажбуриятлари бўйича қарздорликнинг сўндирилмаганлиги;
  • солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемаларида иштирок этиш;
  • қисқа муддатли мажбуриятларнинг (банк қарзлари бўйича қарздорлик (12 ойгача бўлган муддатга) ўзига хос бўлмаган тарзда кескин кўпайиши, кредиторлик қарзи, дивидендлар тўлаш бўйича таъсисчилар олдидаги қарзлар ва ҳоказо);
  • активларнинг кўплаб олиб чиқиб кетилиши;
  • солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтказилган манзилда ҳақиқатда мавжуд эмаслиги;
  •  ўзаро боғлиқлик мавжуд ташкилотлардан фойдаланган ҳолда бизнесни бўлиш;
  • солиқ тўловчининг бошқа ҳудудга миграция қилиши;
  • шубҳали контрагентлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бўйича солиқ чегирмаларини қўллаш;
  • анча миқдорда қўшимча солиқлар, пенялар ва жарималар ҳисобланиши;
  • асосий воситалар қийматининг камайтирилиши;
  • кредиторлик қарзининг ошиши;
  • солиқ тўловчининг молиявий аҳволи динамикасининг  сезиларли ёмонлашиши.

Таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги қарор у қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва ҳисобланган суммалар бюджетга тўлангунга қадар, ёхуд -  юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан қабул қилинган қарор бекор қилинган кунга қадар амал қилади .

Ҳақиқатда таъминлаш чоралари мол-мулкни тасарруф этишга чеклов ўрнатган ҳолда, солиқ тўловчининг ушбу мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини чекламайди. Ва вақтинчалик чора сифатида – унинг асосий фаолиятига тўсқинлик қилмайди.

Солиштирма жадвалда таъминлаш чоралари билан батафсил танишишингиз мумкин.

Солиққа оид қонун ҳужжатларига таъминлаш чораларини киритиш

Бўлган эди

Энди

Таъминлаш чоралари

Таъминлаш чоралари назарда тутилмаган эди, бироқ ўз моҳиятига кўра бу тушунча янги эмас. Иқтисодий процессуал кодекс ва Фуқаролик процессуал кодекси даъво талабларини таъминлаш бўйича шу каби чораларни назарда тутган эди.

Булар:

  • мол-мулкни хатлаб қўйиш;
  • пул маблағларини хатлаб қўйиш;
  • муайян ҳаракатларни ёки мажбуриятларни бажаришни тақиқлаш;
  • муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклаш.

Чоралар рўйхати тўлиқ эмас, шунингдек суд томонидан даъвони таъминлаш бўйича бир вақтнинг ўзида бошқа чоралар кўрилиши мумкин .

 

 СКга ушбу тушунча киритилади. Энди солиқ органи солиқ текшируви натижалари бўйича қарорнинг ижро этилишини кафолатлайдиган чоралар кўришга ҳақли.

Агар солиқ органида уларсиз солиқ қарзини ундириш қийинлашади ёхуд ундиришни имконсиз қилиб қўяди, деб тахмин қилиш учун етарлича асослар бўлса, таъминлаш чоралари кўрилади. 

Таъминлаш чораларига қуйидагилар киради:

  • солиқ органи розилигисиз мол-мулкни бошқа шахснинг ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ;
  • банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш.

Агар бошқа кодексларда ўзга шахснинг ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ чоғида навбат айтиб ўтилмаган бўлса, СКда у назарда тутилади: 

1) кўчмас мол-мулкка, шу жумладан маҳсулотларни ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган мол-мулкка;

2) транспорт воситаларига, қимматли қоғозларга, хизмат хоналарининг дизайн буюмларига;

3) тайёр маҳсулот, хом ашё ва материаллардан ташқари бошқа мол-мулкка;

4) тайёр маҳсулотга, хом ашё ва материалларга.

Олдинги гуруҳдаги мол-мулкнинг қиймати солиқ қарзининг суммасини қопламаган тақдирда, ҳар бир навбатдаги гуруҳнинг мол-мулкини бошқа шахс ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ қўлланилади.

Ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш бўйича таъминлаш чоралари тартибида фақат мол-мулкни бошқа шахс ихтиёрига ўтказишга (гаровга қўйишга) доир тақиқ қўйилганидан кейин қўлланилиши мумкин.

Солиқ тўловчининг илтимосига кўра таъминлаш чоралари қуйидагиларга алмаштирилиши мумкин:

  • банкнинг қарорда кўрсатилган суммани тўлашга розилигини тасдиқловчи банк кафолатига;
  • қимматли қоғозларни ёки бошқа мол-мулкни гаровга қўйишга;
  • учинчи шахснинг кафиллигига.

СКдаги таъминлаш чоралари рўйхати тўлиқ ва унга қўшимча киритилиши мумкин эмас .


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /uz/publish/doc/text158303_taminlash_choralari_soliq_tulovchilarning_huquqlarini_buzmaydimi