Қандай қилиб ёрдамчи пудратчилар билан ишловчилар Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби шаклини ўзлари учун “созлашлари” мумкин

preview

Қандай қилиб айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси бўлган, қурилиш ишларини бажариш учун ёрдамчи пудратчиларни жалб қиладиган қурилиш ташкилоти 9 ой учун солиқ бўйича Ҳисоб-китобни тўлдиришини, buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА тушунтирди:

- Бу - муаммоли вазифа, сабаби ҳозирги вақтда ҳаммасини ўз номи билан номлаб, Ҳисоб-китобни тўлдиришнинг имкони йўқ. Истайсизми-йўқми, мавжуд бўлган ўша шаклга мослашишга тўғри келади.

Бундай ташкилотларда айланма қуйидаги формула бўйича аниқланади: “ёрдамчи пудратчилар томонидан бажарилган тасдиқланган ишлар қиймати айрилган қурилиш ишларидан олинган тушум”. Яъни бундай қурилиш ташкилоти фақат ўз кучи билан бажарган ишлар қийматидан айланмадан олинадиган солиқни тўлайди. Бироқ буни Ҳисоб-китобнинг амалдаги шаклида акс эттиришнинг имконияти йўқ. Аммо, битта сатрдан мақсадига номувофиқ фойдаланган ҳолда, солиқни ҳисоблаб чиқариш нуқтаи назаридан тўғри натижани олиш мумкин.

Таъкидлашни истайманки, ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Ўтган йили ушбу мақсадлар учун Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби шаклида “ЭҲФни расмийлаштиришда реализация қилиш сифатида ҳисобланмайдиган даромадлар” 0101 коди билан махсус сатр бўлган. Унга ёрдамчи пудратчи ташкилот бажарган ишлар суммасини ёзиш зарур бўлган.

Амалдаги шаклда бундай сатр мавжуд эмас, худди ушбу суммаларни аниқ акс эттириши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай сатр мавжуд бўлмагани каби.

Ярим йиллик учун ҳисобот топширганда, менга тадбиркорлар бундай масала бўйича маслаҳатлар юзасидан мурожаат қилишди. Ҳисоб-китобни топшириш муддатлари шоширганлиги ва Ҳисоб-китоб шаклига ўзгартиришлар киритишга эришиш учун вақт бўлмаганлиги боис, мен, вазиятдан чиқиш сифатида, ушбу суммани Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг “Ўз кучи билан бажарилмаган хизматлар” 0417-сатрида “манфий” белги билан кўрсатишни тавсия қилдим.

Бундай ёндашув пировардида солиқ солинадиган суммани у бўлиши керак бўлган миқдорда олиш имконини беради.

Бироқ аввалбошдан 0417-сатр СКнинг 297-моддаси  учинчи қисми 4–6, 10–14, 17–18, 21–23, 25 ва 27-бандларида кўрсатилган даромадларнинг ёйилмаси учун мўлжалланган. Мантиқан, биз ушбу сатрга манфий белги билан ниманидир ёзиш ҳуқуқига эга бўлмаганмиз, акс ҳолда Ҳисоб-китобда бажарилган ёзувларнинг моҳияти бузиб кўрсатилади.

Мазкур муаммони мен солиқ органлари вакиллари билан муҳокама қилдим. Улар, умуман, муаммони тушунишади, бироқ яқин орада 9 ой учун Ҳисоб-китоб топширилади, шаклга эса ҳануз ўзгартиришлар киритилмаган.

Регуляторда вазиятни тузатишнинг иккита йўли мавжуд:

1) Ҳисоб-китоб шаклига 0101-сатрни у илгари қандай бўлган бўлса, шундай қайтариш;

2) электрон ҳисобварақ-фактуралар шаклларини қайта ишлаш”.

 

 

 Олег ГАЕВОЙ тайёрлади