Корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қандай ўзгартириш мумкин

preview

Компания меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ўзгартирмоқчи - қатъий белгиланган маошни камайтириш ва иш якунлари бўйича мукофотни киритмоқчи. Буни қандай қонуний амалга оширишни “Норма” эксперти, юрист  Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

Шартлар улар қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда ўзгартирилади

- Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, фақат ўша тартибда ўзгартирилиши мумкинлигидан бошлаймиз .

Иш берувчилар уларни ходимларнинг меҳнат шартномаларида ва/ёки локал ҳужжатларда ёзадилар. Меҳнат ҳақининг миқдори томонлар келишувига биноан белгиланади  . Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида ва бошқа локал ҳужжатларда ўрнатилади. Локал ҳужжатлар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинади , жамоа шартномасини эса меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференция) маъқуллайди .

Агар ҳақ тўлаш шартлари локал ҳужжатларда ўрнатилса, меҳнат шартномасининг тегишли устунида уларга ҳавола беринг. Масалан: “... мукофотлар тўлаш миқдори ва тартиби Мукофотлаш тўғрисидаги низомда ўрнатилади”. Ва албатта ходимни бевосита унинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ локал ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништиринг.

Агар “ўзгартириш тартиби ўрнатиш тартибига тенг” қоидасига риоя қилинса, қуйидагиларда айтиб ўтилган ҳақ тўлаш шартлари:

  • меҳнат шартномасида - унга қўшимча келишув расмийлаштириш ва иш берувчининг буйруғини чиқариш йўли билан ўзгартирилади;
  • локал ҳужжатларда - ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш ва иш берувчининг буйруғи билан тасдиқлаш йўли билан ўзгартирилади. Агар вакиллик органи меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги янгиликларга рози бўлмаса, уларни жорий қилиш мумкин эмас.

Жамоа шартномасига келсак - унга киритиладиган барча тузатишлар меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференцияси маъқуллаши орқали ўтиши керак .

 

Ходимнинг розилигисиз ҳақ тўлаш тизимини фақат истисно ҳолларда ўзгартириш мумкин

Меҳнат шартларини умумий қоидага биноан фақат ходимларнинг розилиги билан ўзгартириш мумкин.

Ишга жойлаштиришда иш берувчи бўлғуси ходимни компаниядаги иш шартлари, жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари билан таништиради. Ва айнан ушбу шартларда ходим ташкилотда ишлашга рози бўлади. Шу боис локал ҳужжатлар ёки меҳнат шартномаларида шартлар ёзилган ёки ёзилмаганлигидан қатъи назар, иш берувчи бу унга тааллуқли бўлган ҳар бир ходимдан ўзгартиришларга ёзма розилигини олиши шарт.

Эътибор беринг
Ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина йўл қўйилади .

Масалан, сиз ишлаб чиқариш линиясини харид қилдингиз ва технологик жараёнларнинг катта қисмини автоматлаштирдингиз, илгари эса ходимлар, шартли айтганда, ҳаммасини қўлда бажаришган. Бу иш вақти режимининг ўзгаришига ва тегишинча, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ўзгартирилиши, қандайдир имтиёзлар ёки кафолатларнинг бекор қилинишига ва ҳ.к. сабаб бўлиши мумкин.

Агар уларда илгариги шартларни сақлаб қолиш имконсиз бўлган бундай ҳолатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини бир томонлама тартибда ўзгартириш мумкин эмас. Масалан, сиз маҳсулот таннархини пасайтириш учун ходимларнинг иш ҳақини камайтиришингиз мумкин эмас.

Ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келадиган технологиядаги ўзгаришлар ва бошқа санаб ўтилган омиллар билан боғлиқ бўлажак ўзгартириш ҳақида ходим камида 2 ой олдин огоҳлантирилиши лозим . Агар у меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизими бўйича ишлашни давом эттиришдан бош тортса, у билан МКнинг 89-моддаси 4-қисми асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

 

Якун чиқарамиз

Компанияда ҳақ тўлаш тизимини ўзгартириш учун:

  • меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг - агар ҳақ тўлаш шартлари бевосита унда айтиб ўтилган бўлса;
  • ўзгартириш учун ходимнинг ёзма розилигини олинг ва локал ҳужжатларга тузатиш киритинг - агар меҳнат шартномасида меҳнатга ҳақ тўлаш қисмида уларга ҳавола берилса.
Эътибор беринг

Кўпинча иш берувчилар меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини штат жадвалида ўрнатадилар, меҳнат шартномасида эса: “ҳақ тўлаш миқдори штат жадвалига асосан ўрнатилади”, деб кўрсатилади.

Қонунчиликда ушбу ҳужжатга аниқ тушунча йўқ, унинг шакли эса фақат бюджет ташкилотлари учун белгиланган. Шу боис кўп кадрлар бўлими ходимлари савол беришади, у локал ҳужжатлар жумласига кирадими ва уни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш зарурми? Ёки бу кўпроқ ташкилий-бошқарув ҳужжатими?

Бу ҳақда, тенг равишда ходимларни штат жадвали билан таништириш лозим ёки лозим эмаслиги ва иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ўзгартиришга қарор қилган тақдирда унга қандай тартибда ўзгартириш киритиш ҳақида сиз Ленара ХИКМАТОВАнинг муаллифлик онлайн-курсида билиб олишингиз мумкин.

Ҳавола бўйича ёзилиш мумкин.

 

Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш Ходимлар билан ҳисоблашиш /uz/publish/doc/text173934_korhonada_mehnatga_haq_tulash_tizimini_qanday_uzgartirish_mumkin