Устав фондини қўшимча ҳиссалар ҳисобига қандай кўпайтириш мумкин (йўриқнома)

preview

МЧЖ устав фондини таъсисчиларнинг ёки учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига қандай кўпайтириш мумкин? Бу солиқ оқибатларига олиб келадими? Операциялар бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади?

Саволларга “Норма” эксперти Олег ЦОЙ жавоб берди:

 

– МЧЖнинг устав фонди ҳам таъсисчиларнинг қўшимча ҳиссалари, ҳам учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига кўпайтирилиши мумкин . Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши қуйидагиларнинг аризаси асосида УФни кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

  • жамият иштирокчиси (иштирокчилари)нинг қўшимча ҳисса қўшиш тўғрисида аризаси;
  • учинчи шахснинг уни жамиятга қабул қилиш ва ҳисса қўшиш тўғрисидаги аризаси, агар бу жамиятнинг таъсис ҳужжатларида тақиқланган бўлмаса.
Эътибор беринг
УФни у таъсис ҳужжатларига асосан тўлиқ миқдорда шакллантирилгандан кейингина кўпайтириш мумкин .

 

УФни кўпайтириш учун:

1) МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унинг якунлари бўйича баённома тузинг. Унда қуйидагиларни акс эттиринг:

  • қўшимча ҳиссаларнинг умумий қиймати;
  • ҳар бир иштирокчининг қўшимча ҳиссаси ёки учинчи шахснинг ҳиссаси миқдори;
  • ҳиссаларни тўлиқ қўшиш муддати;
  • таъсис ҳужжатларига УФ кўпайтирилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш;

2) таъсисчилар (учинчи шахслар) УФга қўшимча ҳиссаларни (ҳиссаларни) таъсисчилар қарорида белгиланган муддат давомида қўшадилар;

3) қўшимча ҳиссаларни қўшишнинг муддати тугаган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказинг, унда қуйидагилар тўғрисида қарор қабул қилинг:

  • қўшимча ҳиссаларни УФга қўшиш якунларини тасдиқлаш ҳақида;
  • таъсис ҳужжатларига УФ миқдори кўпайтирилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш ҳақида;

4) умумий йиғилиш томонидан таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар тасдиқланган кундан бошлаб 30 кун давомида давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этинг ;

5) таъсис ҳужжатларига ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг УФ кўпайтирилишини “Пай ва улушлар” 8330-счётида акс эттиринг.

Эътибор беринг
Таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб кучга киради.

 

УФ кўпайтирилиши бухгалтерия ҳисобида  қандай акс эттирилади

Вазиятни шартли мисолда кўриб чиқамиз.

Юридик шахс ва жисмоний шахс МЧЖнинг таъсисчилари, деб фараз қилайлик. Ҳар бирининг УФдаги улуши - 50%. УФ миқдори - 340 млн сўм.

Таъсисчилар УФни учинчи шахснинг ҳиссаси ҳисобига 160 млн сўм миқдорида пул маблағлари билан кўпайтиришга қарор қилишди. Қўшимча ҳисса иштирокчилар умумий йиғилишининг баённомасида белгиланган муддатда қўшилди.

Қўшимча ҳисса қўшиш якунлари тасдиқлангандан кейин жамият УФни кўпайтириш бўйича таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказади.

УФ миқдори кўпайтирилгандан кейин 500 млн сўмни (340 + 160) ташкил этди, унда улушлар энди қуйидаги  тарзда тақсимланди:

  • 1-таъсисчи - 170 млн сўм ёки 34%;
  • 2-таъсисчи - 170 млн сўм ёки 34%;
  • 3-таъсисчи - 160 млн сўм ёки 32%.

 

Бухгалтерия ўтказмалари:

Операциянинг номи

Сумма

(млн сўм)

Дебет

Кредит

УФ қўшимча ҳисса қўшилди

160

5110 “Ҳисоб-китоб счёти”

6630  “Устав капиталини кўпайтириш бўйича таъсисчиларнинг улушлари”

УФнинг кўпайтирилган миқдори рўйхатдан ўтказилди (таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилган санада)

160

 

4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи”

8330 “Пай ва улушлар”

Қўшимча ҳисса суммаси ҳисобга олинди

160

6630 “Устав капиталини кўпайтириш бўйича таъсисчиларнинг улушлари”

4610 “Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлари бўйича қарзи”

 

 Солиқ оқибатлари

УФга олинган ҳиссалар қуйидаги ҳисоб-китобларда даромад сифатида ҳисобланмайди:

  • фойда солиғи ҳисоб-китобида ;
  • айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида .

Агар ҚҚС тўловчиси бўлган корхона ҚҚС тўловчисидан асосий воситалар,  материаллар, товарлар ёки бошқа мол-мулк тарзида қўшимча ҳисса олган бўлса, у таъсисчи-юридик шахснинг ҳисобварақ-фактурасида кўрсатилган солиқ суммасини ҳисобга олиши мумкин. Бунда ҚҚСни ҳисобга олишга қабул қилиш учун барча шартларга риоя қилиниши керак .

ҚҚС тўловчи бўлмаган корхона таъсисчи-юридик шахснинг ҳисобварақ-фактурасидаги солиқ суммасини олинган мол-мулкнинг бошланғич қийматига (таннархига) киритади.