Қайси экспортчилар 2022 йил 1 ноябрдан кейин имтиёзларга эга бўладилар

preview

30 сентябрь куни Президент «Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-228-сон Фармонни имзолади. Ҳужжатда имтиёзларга эга бўладиган экспортчи корхоналарни саралаб олиш мезонлари, ушбу имтиёзлар рўйхати ва қўллаб-қувватлаш дастурини жорий этиш босқичлари белгиланган.

 

1. «Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти» дастурини амалга ошириш босқичлари

Дастур уч босқичда амалга оширилади:

  • 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб 50 та корхона қўшимча қўллаб-қувватланади;
  • 2023 йил 1 январдан бошлаб уларнинг сони 100 тага етади;
  • 2023 йил 1 июлдан бошлаб – умуман олганда 200 та экспортчи корхона имтиёзлар билан қамраб олинади.

Имтиёзга эга бўладиган корхоналар рейтинги муайян мезонлар бўйича Экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ягона порталида – www.exportportali.uz автоматик режимда белгиланади.

 

2. Иштирокчилар учун мезонлар

Дастурда иштирок этиш учун номзод экспортчи қуйидаги мезонларга мувофиқ келиши керак:

1) юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ва камида сўнгги 2 йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;

2) охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;

3) умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30%дан юқори бўлиши;

4) экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;

5) охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;

6) охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5%дан кам бўлиши.

 

3. Иштирокчилар учун имтиёзлар

Дастурга киритилган экспортчи корхоналар экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириш учун субсидиялар олишлари мумкин:

  • 1 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 1 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача бўлганда;
  • 2 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача бўлганда;
  • 3 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 10 млн АҚШ долларидан 15 млн АҚШ долларигача бўлганда;
  • 4 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 15 млн АҚШ долларидан 20 млн АҚШ долларигача бўлганда;
  • 5 млн АҚШ долларигача – экспорт ҳажми 20 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлганда;
  • 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда – битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиш учун.

 

4. Барча экспортчилар учун имтиёзлар

2022 йил 1 ноябрдан бошлаб барча экспортчиларни, Дастурга киритилишидан қатъи назар, қуйидаги янгиликлар кутмоқда:

  • бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5%идан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;
  • экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарларни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;
  • қовун, канакунжут, хантал ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.

 

5. Ташкилотингиз товарларни экспорт қилиш билан шуғулланса, қуйидаги тавсиялар сизга фойдали бўлиши мумкин:

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади.