Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Маҳаллий компаниялар ва ЯТТ донатларни қабул қилишлари мумкинми
“Биз медиа лойиҳасини бошладик, унинг фаолиятини реклама жойлаштиришдан олинган маблағлар ва донатлар (фойдаланувчиларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонлари) ҳисобига молиялаштиришни режалаштиряпмиз.
Биз бундай хайр-эҳсонларни қабул қилишимиз мумкинми ва бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:
– Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатларида “донатлар” тушунчаси мавжуд эмас. Бироқ Фуқаролик кодексининг 511-моддаси мавжуд, у хайр-эҳсонларни тартибга солади. Хайр-эҳсон – умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя.
ФКнинг 511-моддасидан муайян шахслар хайр-эҳсонлар олиши мумкинлиги келиб чиқади. Агар сиз даволаш, тарбия, ижтимоий ҳимоя муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассаса, хайрия, илмий ва ўқув муассасаси, фонд, музей ёки бошқа маданият муассасаси, жамоат бирлашмаси, диний ташкилот бўлсангиз, сиз донатлар ёки хайр-эҳсонларни қабул қилишингиз мумкин.
Хайр-эҳсон муайян мақсадлар учун амалга оширилиши боис, улар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан мақсадли маблағлар жумласига кириши ёки кирмаслигини аниқлаб олиш лозим. Яъни ушбу маблағларни солиқ солиш мақсадларида даромад деб ҳисоблаш ёки ҳисобламасликни тушуниш лозим. Солиқ кодексининг 48-моддасига мурожаат қиламиз.
СКнинг 48-моддаси 2-қисмига асосан мақсадли маблағларга қуйидагилар киради:
- бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва бюджет субсидиялари;
- грантлар ва инсонпарварлик ёрдами;
- мақсадли тушумлар – (нотижорат ташкилотлари – СКнинг 48-моддаси 5 ва 6-моддалари).
Агар СКнинг 48-моддасида назарда тутилган талаблар бажарилган бўлса, олинган грантлар, инсонпарварлик ёрдами ва мақсадли тушумлар даромад сифатида ҳисобга олинмайди .
Агар хайр-эҳсонларни ЯТТ олса
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркорлик – бу жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошириш. Шу тариқа, ЯТТ – бу энг аввало тадбиркорлик субъекти. ЯТТ шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 07.01.2011 йилдаги 6-сон ВМҚда белгиланган.
Агар ЯТТ мақсадли маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган фаолият доирасида олса, уларга солиқ солиш солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси учун назарда тутилган СКнинг қоидаларини ҳисобга олиб, жами даромаднинг миқдоридан келиб чиқиб, солиқ имтиёзларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади (СК 294, 392 ва 461-моддалар).
Агар донатларни чет эллик жисмоний шахс олса, Ўзбекистонда қандай солиқларни тўлаш кераклиги ҳақида қуйидаги материалда ўқинг:
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади