Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Импорт қилинган технологик асбоб-ускунани лизингга бериш: ҳужжатларни расмийлаштириш, ҚҚС
“Солиқ солишдан озод этилган, импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар лизингга берилганда ҚҚС бўйича солиқ базаси мазкур асбоб-ускуналарни сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади .
1. Лизинг объектини “реализация қилиш нархи” атамаси нимани англатади?
2. Импорт қилинган асбоб-ускунанинг сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқни қандай тўғри ҳисоблаб чиқариш керак?
3. ЭҲФда импорт қилинган асбоб-ускунани сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан ҚҚСни қандай тўғри акс эттириш керак?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ назорати департаменти директори ўринбосари Азиз ҲОШИМОВ жавоб беради.
Лизинг объектини “реализация қилиш нархи” нима
– Молиявий ижаранинг алоҳида тури лизинг деб эътироф этилиб, бунда лизинг берувчи лизинг олувчининг топшириғига кўра сотувчидан лизинг шартномаси бўйича шартлашилган мол-мулкни олади ҳамда уни эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ҳақ эвазига беради. Лизинг шартномаси СКнинг 54-моддаси 1-қисмида назарда тутилган талаблардан ҳеч бўлмаганда биттасига жавоб бериши керак.
Солиқ солиш мақсади учун лизинг олувчига лизинг предметининг харидори сифатида қаралади.
СКнинг 60-моддасида лизинг операцияларида иккита тушунчага таъриф берилган:
- ижара (лизинг) тўлови – ижарага берувчига (лизинг берувчига) тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарачи (лизинг олувчи) томонидан тўланадиган сумма;
- ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) фоиздан олинадиган даромади – молиявий ижара (лизинг) объектининг ижара (лизинг) тўлови суммаси ва қиймати ўртасидаги фарқ.
“Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида лизинг тўловларининг шунга ўхшаш таърифи келтирилган. Бу тўловлар лизинг берувчига лизинг объекти қийматининг лизинг олувчи томонидан қопланишидан, шунингдек лизинг берувчининг фоизли даромадидан иборат бўлади.
Лизинг объектини реализация қилиш нархи – у бўйича объект лизинг олувчига топшириладиган қиймат.
Лизинг объектини сотиб олиш нархи бухгалтерия ҳисоби талабларига асосан ҳисоблаб чиқарилади.
Солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўхшаши Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхат бўйича Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган технологик асбоб-ускуналар ҚҚСдан озод қилинади .
Кейинчалик бундай асбоб-ускуналар лизингга берилганда тақдим этилган солиқ имтиёзининг иқтисодий моҳияти сақлаб қолиниши керак. Яъни бундай асбоб-ускуналар учун ҚҚС бўйича солиқ базасини аниқлашнинг алоҳида қоидалари жорий этилган бўлиб, бу СКнинг 249-моддасида акс эттирилган.
Солиқ солишдан озод этилган, олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар молиявий ижарага (лизингга) берилганда солиқ базаси мазкур асбоб-ускуналарни сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиқиб аниқланади .
Яъни ҚҚС топшириладиган асбоб-ускунанинг бутун қийматига эмас, балки фақат сотиб олиш нархи ва лизинг объектини лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчига реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарққа ҳисобланади.
Мол-мулк молиявий ижарага (лизингга) берилганда, молиявий ижара (лизинг) шартномаси тарафлари томонидан имзоланган қабул қилиш-топшириш далолатномасига кўра мол-мулк ижарага олувчининг (лизингга олувчининг) тасарруфига берилган сана айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади . Тегишинча, асбоб-ускуна қайси нарх бўйича топширилса, шу нарх реализация қилиш нархи ҳисобланади.
Ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади
Ушбу ҳолларда ҳисобварақ-фактурада товарнинг қийматини иккита сатрда кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлади:
- биринчи сатрда – ҚҚСсиз объектнинг баланс (сотиб олиш) қиймати;
- иккинчи сатрда – ундан ҚҚС суммаси ҳисоблаб чиқарилган ижобий фарқ.
Олиб кирилган, СКнинг 246-моддасига асосан ҚҚСдан озод қилинган технологик асбоб-ускунани реализация қилиш бўйича қуйидаги маълумотлар мавжуд деб фараз қиламиз:
- сотиб олиш нархи (сотиб олиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда) – 190 млн сўм;
- лизинг шартномасида назарда тутилган реализация қилиш нархи – 200 млн сўм;
- сотиб олиш нархи ва реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ – 10 млн сўм (200 – 190).
Электрон ҳисобварақ-фактуранинг жадвал қисмида сиз мазкур операцияни бундай тарзда акс эттирасиз:
Т /р |
Товарларнинг (хизматларнинг) номи |
Ягона миллий электрон каталог бўйича товарлар (хизматлар)нинг идентификация коди |
Товар/хизматнинг штрих-коди |
Ўлчов бирлиги |
Сони |
Нархи |
Етказиб бериш қиймати |
ҚҚС |
ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда етказиб бериш қиймати |
|
ставка |
сумма |
|||||||||
1 |
2 |
3 |
4 |
5 |
6 |
7 |
8 |
9 |
10 |
|
1 |
Асбоб-ускунанинг тўлиқ номи |
МХИК |
|
дона |
1 |
190 000 000 |
190 000 000 |
– |
ҚҚСсиз |
190 000 000 |
2 |
Асбоб-ускунанинг тўлиқ номи (ижобий фарқ) |
МХИК |
дона |
1 |
10 000 000 |
10 000 000 |
12% |
1 200 000 |
11 200 000 |
|
Жами: икки юз бир миллион икки юз минг сўм |
200 000 000 |
1 200 000 |
201 200 000 |
- Лизингда ҳисобварақ-фактура қандай тақдим этилади;
- Лизинг берувчи ҚҚСни қандай ҳисоб-китоб қилиши керак;
- Лизингга берувчида лизингни қандай ҳисобга олиш керак.