Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ узилиши коэффициентининг ҳисоб-китобларга таъсири бўладими?
«Мана бир неча ҳафтаки, солиқ узилиши коэффициентлари ортиқ эълон қилинмаяпти. Улар бекор қилинишидан олдин Термиздаги юридик шахс билан шартнома тузиш ниятида эдик, аммо унинг коэффициенти жуда ёмон бўлгани боис буни қилмаган эдик.
Термизлик ана шу хизматлар етказиб берувчиси билан энди шартнома тузсак бўладими (у монополист)? Коэффициент ҳозиргача эълон қилинганида эди, бугунги кўрсаткич албатта яхши бўлмасди. Бу бизга қандай хавф солиши мумкин?»
Вuxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб ўтди:
Солиқ узилиши коэффициенти қайси санадан бошлаб ман қилинган
– Мамлакат матбуот хизмати бошлиғининг Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ суҳбатидан хабарига кўра, солиқ узилиши коэффициенти 2023 йил октябрь ойидан бошлаб бекор қилинади. Бироқ шундан сўнг қабул қилинган 04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарор билан муддатлар аниқлаштирилмаган. Ҳужжатда айтилишича, «ҚҚСнинг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши (TaxGap) коэффициентини қўллаш амалиёти тақиқланади». ПҚ-292-сон қарор 2023 йил 5 сентябрда кучга кирди.
Амалда солиқ узилиши коэффициенти Президентнинг уни бекор қилиш ҳақидаги ташаббуси 18 август куни учрашув иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланганидан бир неча соат ўтибоқ, ҳисобварақ-фактуралардан ҳамда солиқ тўловчиларнинг фойдаланишидан олиб ташланган.
Мазкур вазиятда энг тўғри йўл – Президентнинг ПҚ-292-сон Қарори кучга кирган муддатдан келиб чиқиб иш кўриш. Қарорда ҚҚСнинг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти тақиқлангани боис эса 5 сентябрдан бошлаб солиқ узилиши коэффициенти солиқ тўловчиларни умуман ташвишга солмаслиги керак.
Коэффициент ҳозир нимагадир таъсир қила оладими
5 сентябрдан бошлаб солиқ узилиши коэффициенти тақиқланган бўлиб, битимларингиз ва солиқ бўйича ҳисоб-китобларингизга таъсир кўрсатиши мумкин эмас. Бунга бирор меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд эмас. Дарвоқе, ҳатто коэффициент ЭҲФда акс эттирилган пайтда ҳам судлар томонидан қарорлар ана шу асосда бекор қилинган ҳамда солиқчилар тавсияларига кўра эътиборга олиниши керак бўлган.
Шунинг учун ишлашга ишлангу, аммо суиистеъмол қилманг. Аксарият кўп ҳолларда тадбиркор шартнома тузаётганда нимага қўл ураётганини, ким билан шартнома тузаётганини ҳамда бу шартнома ижросининг оқибатлари ҳақида жуда яхши билади.
Солиқ узилиши коэффициенти кўпроқ тадбиркорларга эмас, балки солиқчиларга мўлжалланган эди. Агар тузган битимингиз, шу жумладан, унинг қиймати шартномада ёзилганига мос келса, унда хавотир учун ўрин йўқ. Сизнинг қўлингизда ҳаракатларингизнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд. Ҳамкорингиз бўлган компаниянинг, айниқса унинг сизга нотаниш бўлган контрагентларининг ҳаракатлари учун сиз жавоб бера олмайсиз.
Солиқ узилиши коэффициентини ҳисоблайдиган дастурнинг ўзига келсак, у қолган бўлиши керак. Солиқчилар ундан вазиятни баҳолаш, ашаддий ҳуқуқбузарларни аниқлаш учун фойдаланади деб тахмин қилишимиз мумкин. Бироқ унинг натижаларига асосланиб, улар бирор чора кўра олмайдилар. Улар учун бу шунчаки қўшимча маълумот бўлиб хизмат қилади.
Солиқ бўйича ҳисоб-китобларга ҳамда тадбиркорлик субъектининг фаолиятига солиқчилар энди фақат солиқ текширувларининг якунлари бўйичагина таъсир қила оладилар. Бу текширувлар эса Солиқ кодекси ҳамда 07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚда белгиланган барча қоидаларга биноан ўтказилиши керак.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади