Юридик манзилга оид ҳуқуқбузарликлар учун ҳисоб рақамлар бўйича операциялар тўхтатилиши мумкин

preview

“Тадбиркорлик субъекти ижара шартномасини ўз вақтида E-ijara сайтида рўйхатдан ўтказмади. Бу ҳисоб рақамлар бўйича операциялар тўхтатиб турилишининг сабаби бўлиши мумкинми?” 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Рустам СОБИРОВ тушунтирди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш шартномаларининг солиқ органларининг электрон базасида ҳисобга қўйилиши мажбурийдир . Бунинг учун е-ijara.uz сайтидан фойдаланилади.

Эътибор беринг

Ушбу талабнинг бажарилмаслиги ҳисоб рақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланмайди. Аммо шуни инобатга олиш лозимки, қонун ҳужжатларида бошқа оқибатлар назарда тутилган.

Хусусан, агар сиз кўчмас мулкни ижарага бериш ёки текин фойдаланиш шартномасини е-ijara.uzда рўйхатдан ўтказмаган бўлсангиз, ушбу манзил бўйича сақланаётган ТМЗ хатловдан ўтказилмайди ва солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд эмас деб баҳоланади .

 

Юридик шахс аризада кўрсатган манзилда жойлашиши шарт. Ушбу манзил бўйича унинг мавжуд эмаслиги мазкур солиқ тўловчининг ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос ҳисобланади .

Қуйидагилар аризада кўрсатилган манзил ҳисобланади:

  • юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида кўрсатилган манзил;
  • юридик шахснинг алоҳида бўлинмасини солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш чоғида кўрсатилган манзил.

 

Аризада кўрсатилган манзил бўйича мавжуд эмаслиги асосида ҳисоб рақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш қоидалари

Солиқ тўловчининг, солиқ агентининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан 10 кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши мумкин.

10 кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги бундай қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилинади. Бунда банк ҳисобварақлари бўйича операциялар суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади.

Солиқ тўловчининг, солиқ агентининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор электрон шаклда солиқ органи томонидан банкка юборилади. Бир вақтнинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабарнома бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда юборилади.

Солиқ органлари томонидан ушбу қоидаларнинг бузилиши солиқ тўловчи учун – унинг фаолиятига тўсқинлик қилувчи қонунга хилоф қарорларни бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш учун асос ҳисобланади.

Эътибор беринг
Хўжалик юритувчи субъектнинг почта манзили ўзгарганда у 10 кунлик муддатда маълумотларни Давлат хизматлари марказига тақдим этиши ва қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт .

 

Ушбу муддатни ўтказиб юбориш ёки ёлғон маълумотларни тақдим этиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади .

Юридик шахслар – тадбиркорлик субъектларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига жойлашган жойи (почта манзили) ўзгариши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш, БҲМнинг 300 бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади .

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади