Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қуёш панелларини ўрнатган компаниялар қандай имтиёзлардан фойдаланиши мумкин
“Компаниямиз қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатишни режалаштирмоқда. “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ва 16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарор билан қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзлар берилган.
Қонун ва қарорда қандай имтиёзлар ҳақида гап бормоқда? Биз, ўз томимизда қуёш станциясини ўрнатган юридик шахс сифатида, ушбу имтиёздан фойдаланишимиз мумкинми?”
Buxgalter.uz Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВАдан саволга жавоб беришини илтимос қилди:
Асосий тушунчалар
- Қайта тикланувчи энергия манбалари – атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергияси .
- Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар – қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқаришни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахслар .
- Қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари - қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш, энергияни қабул қилиб олиш, ўзгартириш, тўплаш ва (ёки) узатиш, шунингдек ҳисобга олиш бўйича технологик асбоб-ускуналар мажмуаси, технологик ва (ёки) бутловчи асбоб-ускуналар .
Компания қуввати 0,1 мВт ва ундан ортиқ бўлган энергия қурилмаларини ўрнатган бўлса
Мол-мулк солиғи бўйича имтиёз
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар номинал қуввати 100 кВт (0,1 мВт) ва ундан ортиқ бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга озод этилади .
Ушбу модданинг диспозицияси солиқ тўловчи ушбу ҳолатда мол-мулк солиғидан озод қилинади, деб тасдиқлаш имконини беради. Аммо, қонунда келтириб ўтилган “қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари” тушунчасидан келиб чиққан ҳолда, ушбу қурилмаларни фойдаланишга киритиш энергия ишлаб чиқариш, қабул қилиб олиш, ўзгартириш, тўплаш ва (ёки) узатиш, шунингдек ишлаб чиқарилаётган энергияни ҳисобга олишни кўзда тутади. Яъни қуёш панелини ўз эҳтиёжлари учун оддий ўрнатиш сизни кўрсатилган энергиянинг ишлаб чиқарувчисига айлантирмайди.
Ер солиғи бўйича имтиёз
Қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВт ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга ер солиғидан озод этилади .
Шуни қайд этамизки, бундай қувватга эга қурилмаларнинг ўлчамлари анча катта ва оғир ҳамда уларни бино ва иншоотлар томларига ўрнатишнинг эҳтимоли жуда кам.
Экспертнинг фикрига кўра, агар бундай қурилма бинога (иншоотга) ўрнатилган бўлса, ер бино (иншоот) томонидан эгалланган бўлади ва ушбу имтиёз қўлланилмайди. Бундан бино ёки иншоот бундай тушунчага мувофиқ қурилманинг бир қисми бўлган ҳоллар мустасно .
Агар компания қуввати 0,1 мВтдан кам бўлган энергия қурилмаларини ўрнатган бўлса
Мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзлар
Президентнинг 16.02.2023 йилдаги ПҚ-57-сон қарори билан умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга, қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади :
- ушбу қурилмалар бўйича – юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни;
- алоҳида турувчи қурилмалар билан банд бўлган ер участкалари бўйича – юридик шахслардан олинадиган ер солиғини.
Солиқ имтиёзлари Солиқ кодекси ёки Ўзбекистон Президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин . Юридик шахслар учун ушбу имтиёзлар Солиқ кодексида акс эттирилмаган, шу боис уларни фақат солиқ органи томонидан маъқулланган тақдирда қўллаш мумкин.
Фойда солиғи бўйича имтиёзлар
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга асосланган генерация объектларининг “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадлари даромад сифатида ҳисобга олинмайди .
Электр энергиясини умумий тармоққа реализация қилиш учун сиз “яшил энергия” сертификатлари тизими иштирокчисига айланишингиз лозим .
Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга фойда солиғини тўлашдан озод этилади . Ушбу норма ҳам Солиқ кодексида акс эттирилмаган, шу боис уни фақат Солиқ қўмитаси реестрида тегишли ID-рақами мавжуд бўлган тақдирда қўллаш мумкин.