Юридик шахснинг автомобилини эҳтиёт қисмларга ажратиб реализация қилишда бухгалтерия ҳисоби ва солиқ оқибатлари ҳақида нимани билиш лозим

preview

“Корхонанинг балансида шатакчи автомобиллар ва ярим тиркамалар мавжуд. Транспорт воситасини қисмларга ажратилган ҳолда сотиш зарурияти юзага келди, сабаби уларни айни кўринишида сотишнинг имкони йўқ.

1. Ушбу операцияни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак? Қисмларга ажратилгандан кейин эҳтиёт қисмлар қандай нарх бўйича кирим қилиниши мумкин? Истеъмолда бўлган эҳтиёт қисмларнинг қиймати юзасидан экспертларнинг хулосаси керакми?
2. ҚҚС ва фойда солиғи бўйича қандай солиқ оқибатлари бўлади?
3. Ҳисобга олинган ҚҚСга нисбатан бирор бир алоҳида талаблар бўладими (транспорт воситасини харид қилишда биз божхона ҚҚСни тўладик, ҳисобга олдик ва ҳисобрақамига қайтардик)?”

Buxgalter Pro фойдаланувчисининг саволига “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Автомобилни тугатишни бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш керак

Ушбу ҳолатда корхона асосий воситани (шатакчи автомобиль, ярим тиркама) балансдан ҳисобдан чиқариб, уни қисмларга ажратилган ҳолда реализация қилмоқчи. Яъни, корхона дастлаб транспорт воситасини тугатишни амалга оширмоқчи.

АВ қиймати қуйидаги ҳолларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин :

а) АВнинг белгиланган хизмат муддати тугаганидан (тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан) кейин;

б) АВ жисмоний эскириш, ҳалокатлар, табиий офатлар, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганда;

в) АВ маънан эскирганда;

г) тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича;

д) корхона ва ташкилотларнинг қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан.

Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар тугатилиши керак.

Транспорт воситасини тугатиш тўғрисидаги қарор корхона раҳбари томонидан тузилган комиссия томонидан қабул қилинади. Шунингдек, автомобиль ва ярим тиркамани ДЙҲХХда ҳисобдан чиқариш керак. Тугатишда АВни ҳисобдан чиқаришни расмийлаштириш тартиби ва бухгалтерия ўтказмалари Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг 2-параграфида келтириб ўтилган.

Агар фалокат оқибатида чиқиб кетган транспорт воситаси балансдан ҳисобдан чиқарилса, тугатиш тўғрисидаги далолатномага фалокат тўғрисидаги далолатнома нусхаси илова қилинади. Шунингдек фалокатга сабаб бўлган сабаблар аниқлаштирилади ва айбдор шахсларга нисбатан кўрилган чоралар кўрсатилади.

Қуйидаги тавсияда – АВни тугатишни расмийлаштириш ҳақида кўпроқ ўқинг:

 

Автомобиль тугатилганидан кейин олинган эҳтиёт қисмлар ҳисобга қандай қиймати бўйича қабул қилинади

Қисмларга ажратилган эҳтиёт қисмлар ёки узеллар уларнинг жорий, яъни бозор қиймати бўйича кирим қилинади.

Эҳтиёт қисмларнинг жорий қиймати АВ тугатилганлиги муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун тузилган комиссия томонидан баҳоланиши керак.

 

АВни тугатиш ва истеъмолда бўлган эҳтиёт қисмларни сотишда қандай солиқ оқибатлари юзага келади

АВнинг чиқиб кетишидан (ҳисобдан чиқарилишидан) олинган даромад (фойда) фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромадга киритилади . АВнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа СКнинг 298-моддасига мувофиқ аниқланади.

АВни реализация қилишдан олинган фойдага бир томонлама ЭҲФ расмийлаштириш керак эмас. ЭҲФни расмийлаштириш мазкур вазиятда айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга тааллуқлидир.

«Харажатларга ва бошқа даромадларга бир томонлама ЭҲФни ким тақдим этади» мақоласида ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш ҳақида ўқинг.

Транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришдан кўрилган зарар фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ базасидан чегирилмайди. Фавқулодда ҳолатлар (табиий офат, ёнғин, авария, йўл-транспорт ҳодисаси ва ҳоказолар) оқибатида кўрилган бундай зарарлар истисно ҳисобланади .

Эҳтиёт қисмларни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС солинади  .

Эҳтиёт қисмларни реализация қилишдан олинган даромад (фойда) фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромадга киритилади . Эҳтиёт қисмларнинг чиқиб кетишидан олинган молиявий натижа бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади .

Қуйидаги тавсияда молиявий натижани аниқлашга мисолни топасиз:

 

Агар корхона эҳтиёт қисмларни бозор қиймати бўйича реализация қилса, бироқ молиявий натижа зарар билан чиқса, зарар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажат бўлади, сабаби корхона бунда солиқ солишдан қочиш мақсадини кўзламаган.

Эътибор беринг
Транспорт воситасини импорт қилишда тўланган ва ҳисобга олинган ҚҚС суммасига улар тугатилган тақдирда тузатиш киритилмайди.