Шахсий эҳтиёжлар учун йўналтирилган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хом ашё бўйича ҳисобга олишда ҚҚС қандай ҳисобга олинади

preview

“Корхона хом ашё келиб тушганда ҚҚСни ҳисобга олди, у кейинчалик тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилди. Оқибатда ушбу маҳсулотнинг бир қисмидан корхона ишлаб чиқариш мақсадларида шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланди, шу жумладан асосий воситаларни таъмирлашда.

Кейинчалик шахсий эҳтиёжлари учун йўналтирилган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хом ашё бўйича ҳисобга олишга қабул қилинган ҚҚС қандай ҳисобга олинади?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб беради:

 

Мутахассисларнинг жавобларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Ишлаб чиқариш мақсадларида шахсий эҳтиёжлари учун йўналтирилган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хом ашё бўйича ҚҚС суммасига тузатиш киритилмайди (ҳисобга олишдан чиқарилмайди), агар сиз харажатларнинг иқтисодий жиҳатдан оқланганлигини тасдиқлай олсангиз ва уларни лозим даражада ҳужжатлар билан расмийлаштирган бўлсангиз.

Сиз реализация қилиш бўйича айланмасига ҚҚС солинадиган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилган  хом ашё бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлисиз. Бунда қуйидаги шартларга риоя қилиниши керак  :

  • олинган хом ашёга ҳисобварақ-фактура ёки етказиб берувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат олинганда;
  • хом ашёни етказиб берувчи ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилганда;
  • хом ашё импорт қилинган тақдирда солиқ бюджетга тўланганда;
  • корхонангизда амалдаги ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси мавжуд бўлганда.

Агар хом ашё, хусусан, қуйидаги мақсадларда фойдаланилса, сотиб олинган хом ашё бўйича ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди :

  • реализация қилиш бўйича айланмалари солиқ солишдан озод этилган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш;
  • вакиллик харажатлари;
  • СКнинг 317-моддасига мувофиқ фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатлар чегириб ташланмайдиган шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланиш.

Корхонангиз улар бўйича харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланган ва лозим даражада ҳужжатлар билан тасдиқланганда  фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланадиган тайёр маҳсулотлардан шахсий эҳтиёжлари учун ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланади. Бинобарин, хом ашё бўйича илгари ҳисобга олинган ҚҚСга тузатиш киритилмайди.