Чакана савдода рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилиниши қандай назорат қилинади

preview

Президентнинг 30.05.2024 йилдаги ПҚ-203-сон қарори билан мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.

Тадбиркорлар томонидан рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилиниши қандай назорат қилиниши ҳақида СҚнинг товарларни маркировкалашни назорат қилиш бўлими бошлиғи Аҳмад ФАЙЗИЕВ гапириб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

Рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилади

– Рақамли маркировкаланган маҳсулотлар чакана савдосини амалга оширувчи сотувчилар  рақамли маркировка кодларини тўғри ўқиш учун қуйидаги қурилмалардан фойдаланишлари шарт: 2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар. Ушбу қурилмалар онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга уланган бўлиши керак .

Агар товар мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлса, уни сотиш чоғида онлайн-НКТ солиқ органларига товарнинг рақамли кодини узатиши керак. Ушбу кодни онлайн-НКМ сиз ўқийдиган қурилма ёрдамида қадоқдан рақамли маркировкалаш кодини (Data Matrix) сканер қилганингизда олади. Агар бундай ахборот узатилмаган бўлса, ахборот тизимлари тадбиркорлик субъектини автоматик тарзда рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлар жумласига киритади. 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Солиқ қўмитаси бундай тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар кўра.

Дастлабки 2 мартада ҳуқуқбузарлар солиқ тўловчининг шахсий кабинетига хабарнома олишади. Агар тадбиркорлик субъекти икки марта огоҳлантирилганидан сўнг бир ой мобайнида рақамли маркировкалаш қоидаларини такроран бузса, унинг фаолиятини текшириш тайинланади. Бу ҳолда тадбиркор ва бизнес-омбудсман текширув ҳақида у бошланишидан 10 кун олдин хабардор қилинади. Ҳуқуқбузарлик қайси чоракда содир этилган бўлса, шу чорак текширилади.

Агар бундай солиқ текширувидан сўнг 1 ой мобайнида рақамли маркировкалаш қоидалари яна бузилса, навбатдаги текширув тайинланади. Бу сафар текширувга тўсатдан келишади – солиқчилар тадбиркорлик субъектини огоҳлантиришмайди. Тегишли огоҳлантиришни текширув куни фақат бизнес-омбудсман олади.

Бундан ташқари, Солиқ қўмитаси ҳар чоракда ҳудудлар бўйича қалбаки ва контрафакт ҳолатлари, рақамли маркировкалаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиниши ҳолатлари бўйича текширувлар учун талабгорлар рўйхатини тузади. Текширилувчилар рўйхатига мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар чакана савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларининг 10 фоизи киради. Танлаш автоматик тарзда амалга оширилади.

Фаолиятида рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган тадбиркорлик субъектлари кейинги 3 чорак мобайнида назорат қилиб борилади.

Ҳуқуқбузарлар Солиқ кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ жавобгарликка тортилади.

 

 

Маркировкаланган товарни қандай қуйиб ва доналаб реализация қилиш мумкин?

Ҳозирги вақтда тегишли қоидалар ишлаб чиқилмоқда. Улар ҳақида тасдиқлангандан сўнг қўшимча хабар берилади.

Шуни кўзда тутиш лозимки, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини реализация қилишга бир қатор ҳолларда тақиқ қўйилган . Хусусан, сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотини доналаб ёки очилган истеъмол ўровида, яъни қутининг яхлитлиги бузилган ҳолда реализация қилиш мумкин эмас.

 

Тадбиркорлар имтиёзлар билан қўллаб-қувватланади

Рақамли маркировкалаш учун ускуна зарур бўлган ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар 2024 йил 1 июндан 2027 йил 1 июнга қадар уни божхона божини тўламасдан мамлакат ҳудудига олиб киришлари мумкин. Бу ТИФ ТН  7616999009, 9029900009, 8544499500, 8528529000 кодларига эга ускуна.

Ассортиментида мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар бўлган тадбиркорлар савдо шохобчаларини рақамли маркировкаларни ўқийдиган қурилмалар билан қўшимча жиҳозлашлари лозим.

2027 йил 1 январга қадар ушбу қурилмаларни 30.05.2024 йилдаги ПҚ-203-сон қарорнинг 5-бандига мувофиқ тақдим этилган имтиёздан фойдаланган ҳолда сотиб олиш мумкин. У фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқни ёхуд ЯТТ томонидан тўланадиган ЖШДСни камайтириш, бироқ битта қурилма учун БҲМнинг 4 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда (1 360 000 сўм) камайтириш ҳуқуқини беради.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш имтиёз 2023 йил 1 январга қадар – Президентнинг 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон  қарори 3-бандига асосан амал қилган. Уни қўллаш учун фойда солиғи ҳисоботида (сатр ҳануз сақланиб қолган) ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботида махсус устун назарда тутилган.

Қатъий белгиланган миқдорда ЖШДС тўлайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар имтиёздан фойдаланиш учун ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ инспекциясига мурожаат қилишлари лозим. Катта эҳтимол билан, янги имтиёз учун тартиб шунга ўхшаш бўлади.

 

 

Яна янгиликлар – пиво ва тамаки бўйича

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • пиво маҳсулотларининг чакана савдоси фаолияти ваколатли органлари хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилади;
  • тамаки ва пиво маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун БҲМнинг 10 фоизи миқдоридаги ҳар ойлик йиғим жорий этилади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

 


Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари Товар ва хизматлар кодлари /uz/publish/doc/text200354_chakana_savdoda_raqamli_markirovkalash_qoidalariga_rioya_qilinishi_qanday_nazorat_qilinadi