Нима учун солиқ инспекцияси экспортга реклама хизматлари суммалари бўйича фойда солиғининг ноль ставкасини тан олмайди

preview

“Корхона реклама хизматларини кўрсатади. Унда экспорт шартномалари мавжуд бўлиб, уларга мувофиқ биз норезидентларга Ўзбекистон ҳудудида реклама хизматлари кўрсатамиз. Фойда солиғини ҳисоблашда биз СКнинг 337-моддасига асосан ноль даражали ставкани  қўллаймиз. Солиқ инспекцияси Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-иловада биз томондан қўлланилган солиқнинг ноль даражали ставкасини тан олмаяпти ва автокамерал текширув орқали фойда солиғи суммасини тўлашни талаб қилмоқда. Биз фойда солиғини ҳисоблашда мутаносиб усулни қўллаймиз. Солиқ инспекторининг сўзларига кўра, ушбу сумма ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01041-сатри бўйича суммага ўхшаш бўлиши керак, бироқ корхона товарларни экспортга реализация қилмайди.

Корхона экспортга реклама хизматларини кўрсатишда фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллашга ҳақлими?”

Саволга “Норма” эксперти Азизахон ТОШХЎЖАЕВА жавоб берди:

 

Материалларимизни ўтказиб юборманг – телеграм-каналга обуна бўлинг.

 

– Хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага ноль даражали ставкада фойда солиғи солинади .

Хизматларни чет эл валютасида экспорт қилиш юзасидан даромадлар улар кўрсатилган кундан эътиборан 180 календарь куни ичида келиб тушмаган тақдирда, 0 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилмайди . Солиқнинг ноль даражали ставкаси хизматлар фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали амалга оширувчи норезидентларга кўрсатилганда ҳам қўлланилмайди .

Агар хизматлар экспортида фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллаш талаблари бажарилса, корхона мазкур ставкани қўллашга ҳақли.

ҚҚС ва фойда солиғини солиштиришга келсак – бу нотўғри ёндашув, уларни бир-бири билан солиштириш мумкин эмас. Бу турли солиқлар, уларда турли солиқ солиш объектлари, турли солиқ базаси, шунингдек ноль даражали ставкани қўллаш бўйича турли объектлар ва шартлар.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-иловада ноль даражали ставка қўлланиладиган солиқ солинадиган фойда кўрсатилади. Солиқнинг ноль даражали ставкаси солинадиган фойда СКнинг 337-моддасига мувофиқ белгиланган. Шу жумладан фойда солиғининг ноль даражали ставкаси товарлар ва хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага қўлланилади . Корхонангиз хизматлар экспортидан фойда олади ва ушбу фойдага фойда солиғининг ноль даражали ставкасини қўллайди.

 

ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илованинг 01041-сатри бўйича эса йил бошидан (чет эл валютасида) товарларни экспортга реализация қилиш бўйича айланма акс эттирилади. Унга ноль ставкада ҚҚС солинади . Корхонада товарларни экспортга реализация қилиш бўйича айланма мавжуд эмаслиги боис, ушбу сатр бўйича ҳеч қандай рақамлар бўлмайди.

Товарларни реализация қилиш бўйича айланма ва фойда – бу турли тушунчалар ва кўрсаткичлар. Бундан ташқари, экспорт қилишда фақат товарлар экспортига ноль ставкада ҚҚС солинади, товарлар ва хизматларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага эса ноль ставкада фойда солиғи солинади. Шу боис ушбу кўрсаткичлар ҳеч қандай ҳолатда бир хил бўлиши мумкин эмас.