Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ ва божхона имтиёзлари янги қоидалар бўйича тақдим этилади
2025 йил 1 январдан бошлаб молия йили давомида қабул қилинган ва бюджет даромадларини камайтиришни (хусусан, солиқ ва божхона имтиёзларини беришни) назарда тутувчи ҳар қандай меъёрлар фақатгина кейинги молия йилидан бошлаб амалга киритилади. Бу Президентнинг 18.09.2024 йилдаги ПФ-140-сон Фармонидан келиб чиқади, у шунингдек айрим имтиёзларни бекор қилади ёки уларни бериш шартларини ўзгартиради.
Buxgalter.uz илтимосига биноан ПФ-140-сон Фармон бўйича асосий янгиликларни «ICONSULTANT» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА санаб ўтди:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Янги қоидаларга кўра, масалан, 2025 йил январь ойида солиқ ва божхона тўловларини тўлаш бўйича янги имтиёз тақдим этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, у фақатгина 2026 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
Buxgalter.uzдан:
ПФ-140-сон Фармон матнидан амалдаги имтиёзларнинг муддатини узайтириш масаласи қандай тартибга солиниши ойдинлашмайди.
Бир томондан, имтиёзнинг муддатини узайтириш «молия йили давомида қабул қилинган, бюджет даромадларини камайтиришни назарда тутувчи меъёрлар» ифодаси остига тушади. Бошқа томондан – бу ҳолда «кейинги календарь йилдан бошлаб амалга киритиш» шартига қандай риоя қилиниши тушунарсиз.
Ушбу масала – муҳим ва Фармон матнида «янги солиқ ва божхона имтиёзлари»ни аниқлаштиришни ёки – амалдаги имтиёзларнинг муддатини узайтириш қисмида янги тартиб қандай амал қилиши юзасидан тушунтириш беришни талаб қилади.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
1. Қуйидагилар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади:
- йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматлари ;
- ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар .
2. Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахсларга ер солиғи бўйича 5 йил муддатга берилган имтиёз бекор қилинади. Унинг ўрнига пасайтирилган солиқ ставкаси – 50% жорий этилади.
3. 29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармон билан экспорт қилувчиларга берилган фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича имтиёзлар бекор қилинади.
4. 30.09.2015 йилдаги 279-сон ВМҚ бўйича «Пойтахт қурилиш ва хизмат» ДУК ва «Хаятт» гуруҳи компаниялари учун имтиёзлар бекор қилинади.
5. 03.07.2018 йилдаги ПҚ-3832-сон қарор бўйича крипто-активлар билан операциялар учун муддатсиз имтиёз муддатли имтиёзга айланади. Ундан 2029 йил 1 январга қадар фойдаланиш мумкин.
6. 23.03.2023 йилдаги ПФ-41-сон ва 13.04.2023 йилдаги ПФ-51-сон фармонлар билан берилган позициялар бўйича божхона божининг ноль даражали ставкалари бекор қилинади.
Фармонда назарда тутилган бу ва бошқа ўзгартиришлар Солиқ кодекси ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг кучга киради. Тегишли ҳужжатлар лойиҳалари 3 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади