Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Cолиқчилар ЭҲФ расмийлаштириш имкониятини тўхтатиб қўйсалар, нима қилиш керак
«Сайёр солиқ текшируви (инвентаризация) пайтида солиқ органи солиқ тўловчи учун олди-сотди битимлари бўйича ЭҲФ расмийлаштириш имкониятини тўхтатиб қўйди. Бундай чора қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланган? Бунда солиқ тўловчининг ҳуқуқлари бузилмаяптими?»
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
Мутахассисларнинг керакли тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
– Вазият, албатта, баҳсли ва ноаниқ. Бир томондан, Солиқ кодекси солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга йўл қўймайди. 2005 йил 1 июлдан бошлаб бундай чоралар тадбиркорлик субъектларига нисбатан фақат суд тартибида қўлланилади . Бундан фақат фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва аҳоли ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф туғилишининг олдини олиш муносабати билан хўжалик юритувчи субъект фаолиятини 10 иш кунидан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш мустасно.
Бошқа томондан, яна бир ҳужжат бор – ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида ЭҲФдан фойдаланиш тартибига ўзгартишлар киритган 2021 йил 22 сентябрдаги 595-сонли ВМҚ. Энди Тартибнинг 15-бандида айтилишича: кирувчи ЭҲФни роуминг оператори регламент талабларига мувофиқлигини текширади, кейин у харидорга унинг ЭҲА оператори орқали етказилади ва махсус дастурий маҳсулотда "етказилди" мақомига ўтказилади.
Қуйидаги ҳолларда роуминг-оператор ЭҲФни қабул қилмайди ва уни ҳужжат олинган кундан кечиктирмай тегишли оператор орқали сотувчига қайтаради (эътибор беринг, айнан шу хатбоши 22.09.2021 йилдаги ВМҚ-595-сонли қарор билан киритилган), агар:
- ЭҲФ беришда регламент талабларига риоя қилинмаган бўлса;
- ЭҲФга маълумотлар ва реквизитлар тўлиқ киритилмаган ёки хатолар билан киритилган бўлса;
- ҳақиқий бўлмаган ЭРИсидан фойдаланилган бўлса;
- товарлар ва моддий қийматликларни инвентаризация қилиш муносабати билан маълум бир даврга расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактураларни қабул қилиш ва жўнатиш функцияларини вақтинча тўхтатиш зарурлиги тўғрисида солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органидан сўров келиб тушган бўлса.
Қандай қоидаларга амал қилиш керак?
Бу саволга жавоб топиш учун СКнинг 3-моддасига - "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмларини ушбу Кодекс қоидаларига мос эмас деб топиш" моддасига мурожаат қиламиз. Унда айтилишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми, агар ушбу ҳужжатга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, Солиқ кодекси қоидаларига мос эмас деб топилади. У:
1) СКга мувофиқ бундай ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган орган томонидан қабул қилинган ёки НҲҲни қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган;
2) ушбу Кодексда назарда тутилган солиқ муносабатлари субъектларининг ҳуқуқларини бекор қилади ёки чеклайди;
3) ушбу Кодексда белгиланган солиқ муносабатлари субъектларининг ҳаракатлари асослари, шартлари, кетма-кетлиги ёки тартибини ўзгартиради;
4) ушбу Кодекс билан тақиқланган ҳаракатларга рухсат беради ёки йўл қўяди;
5) бошқа тарзда ушбу Кодекс қоидалари нормалари ёки мазмунига зид келади.
Шунингдек, кейин таъкидланишича: "Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми улар қабул қилинган санадан бошлаб ушбу Кодексга мос эмас деб топилади".
Яна бир бор таъкидлайман - қонуности ҳужжатидаги норма (25.06.2019 й. ВМҚ- 522-сон қарорга ўзгартиришлар 22.09.2021 й. ВМҚ-595-сон қарор билан киритилган) Солиқ кодекси ва 14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сон Фармон нормаларига зид келади. Солиқ кодекси талабларидан келиб чиқиб, Солиқ кодекси ва ПФ-3619-сон Фармонга амал қилиш керак, улар юқорироқ юридик кучга эга. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади .
Шундай қилиб, товарлар ва моддий қийматликларни инвентаризация қилиш муносабати билан электрон ҳисобварақ-фактураларни қабул қилиш ва жўнатиш функцияларини вақтинча тўхтатадиган солиқ органларининг ҳаракатлари:
1) солиқ тўловчининг ҳуқуқларини бузади, тадбиркорлик субъектига СКнинг 22-моддаси бўйича мажбуриятини бажаришга имкон бермайди;
2) аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирмайдиган тадбиркорлик субъектининг узлуксиз молия-хўжалик фаолиятини амалда тўхтатиб қўяди.
Демак, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари низолашга асос бўлиши мумкин.
Шунингдек, вазият ваколатли органлар томонидан зудлик билан эътибор берилишини талаб қилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар бартараф этилиши керак.
ЭҲФни расмийлаштириш функциясини ўчириш орқали тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиб қўйиш унинг ишига салбий таъсир кўрсатади. Демак, 25.06.2019 йилдаги ВМҚ-522-сонли қарор юқорироқ юридик кучга эга ҳужжатлар - СК ва 14.06.2005 йилдаги ПФ-3619-сонли Фармон талабларига мувофиқлаштирилиши керак.
Buxgalter.uz тавсия этади:
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади