Фармацевтика тармоғини тартибга солишда нархларни шакллантиришдан ташқари нималар ўзгаряпти

preview

Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар рецептсиз дори воситалари нархларини давлат томонидан тартибга солишни бекор қилиш ва фармацевтика корхоналарининг барқарорлик рейтинги асосида экспортни молиявий қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Бу 28.01.2025 йилдаги ПФ-13-сон Президент Фармонида кўзда тутилган. Тафсилотларни norma.uz портали келтиради.

Фармон 2025 йил 29 январдан кучга кирди:

Эътибор беринг

Энг муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Нархларни белгилашнинг янги тартиби

2025 йил 1 апрелдан рецептсиз дори воситалари нархи деярли аниқ қимматлашади. Чекланган савдо устамалари фақат рецепт билан бериладиган дори воситаларига нисбатан қўлланилади. Айтиш мумкинки, энг виждонсиз сотувчилар аллақачон ўзларининг энг оммабоп позициялар бўйича сотув режаларини шу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқишган.

Шу билан бирга, маҳаллий ва хорижий дори воситаларига референт нархларни шакллантиришнинг амалдаги тизими сақланиб қолади.

Рецепт билан бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана сотишда, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун харид (базавий) нархига нисбатан 15 фоиздан кўп бўлмаган ва чакана савдо учун 20 фоиздан кўп бўлмаган устама қўлланилади. Ушбу дори воситаларининг улгуржи ва чакана нархлари чекланган улгуржи ва чакана референт нархлардан ошмаслиги керак.

Бир хил ишлаб чиқарувчи томонидан турли савдо номлари остида бир хил таркибли дори воситаларини ишлаб чиқаришда барча ана шундай аналогларга энг паст референт нарх қўлланилади.

Бундан ташқари, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан курси дори воситаси учун охирги белгиланган қийматдан ошган тақдирда, хорижий валютада қайд этилган референт нархларни тадбиркорнинг сўровисиз автоматик равишда қайта кўриб чиқади:

  • 3 фоизга - ҳар йили январь ва июль ойларида;
  • 5 фоизга - муддатидан олдин.

 

2. Фармацевтика маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш

Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фармацевтика корхоналарининг барқарорлик рейтинги асосида (норматив-ҳуқуқий ҳужжатда бунинг учун рейтингда қандай позицияга эга бўлиш кераклиги аниқлаштирилмаган) рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан сўнг қоплаш назарда тутилади:

  • маҳаллий корхона-ишлаб чиқарувчиларнинг бир дори воситасини АҚШнинг «Food and Drug Administration» (FDA) ёки Европа Иттифоқининг «European Medicines Agency» (EMA) ташкилотида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини;
  • маҳаллий корхона-ишлаб чиқарувчиларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини.

Шунингдек, Агентлик аризасига кўра тармоқ корхоналарига фармацевтика соҳасидаги нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда стендлар билан иштирок этиш харажатларини 100 фоиз олдиндан тўлаш тартиби жорий этилади.

Агентлик ҳузурида «Pharm Service» давлат муассасаси ташкил этилади. У фармацевтика корхоналари фаолиятига илғор стандартларни жорий этиш бўйича маркетинг ва консалтинг хизматларини кўрсатади.

Манбага қаранг.

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text205858_farmacevtika_tarmogini_tartibga_solishda_narhlarni_shakllantirishdan_tashqari_nimalar_uzgaryapti