Ўзбекистонда 2025 йил 1 ноябрдан нималар ўзгаради

preview

2025 йил ноябрь ойида ўзбекистонликларни рақамлаштиришнинг навбатдаги босқичи кутмоқда: янги рақамли платформалар, давлат хизматларидан фойдаланишнинг кенгайтирилган имкониятлари, божхона органларининг яна бир иловаси...

Ноябрь ойидаги ушбу ва бошқа ўзгаришлар – buxgalter.uz шарҳида батафсил:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 


Барча корхоналар жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишда электрон харид далолатномасини расмийлаштиради

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчилар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга харид қилиш далолатномаларини электрон тарзда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади .

 

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш бошланади

Қўшимча қўллаб-қувватлаш воситалари қуйидагиларни назарда тутади :

  • тадбиркорлик субъектларини «чемпион»лар тоифасига олиб чиқиш мақсадида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга миллий ва хорижий валютада 10 млрд сўмгача кредитлар бериш;
  • кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва «яшил» иқтисодиёт йўналишидаги микролойиҳалари учун банклар томонидан ажратилган 500 млн сўмгача миқдордаги кредитларни қуйидаги шартларда қайта молиялаштириш:

– ажратилган кредитнинг фоиз ставкасини 6 фоизгача, бироқ ундан юқори ставка бўйича МБ асосий ставкасининг 4 фоизлик бандигача пасайтириш;

– кредит олувчилар – тадбиркорлик субъектлари камида 1 йил фаолият юритган, камида 2 нафар ходими бўлган ва шу билан бирга 5 ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратишни назарда тутувчи лойиҳани тақдим этиш.

 

IT-парк резидентлари ходимлари учун хорижда ишлаш осонлашади

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ЖШШИР олган IT-парк резидентларининг хорижий мутахассисларига банк ҳисобварақлари ва виртуал банк карталарини масофадан туриб очишга рухсат берилади .

 

Газ ускуналарини ўрнатишда автомобилни қайта расмийлаштириш шарт эмас.

Транспорт воситасига газ баллони ўрнатилганлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади .

 

Фермерларга сув – «Сув ҳисоби» тизими орқали

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектларига сувни тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар фақат «Сув ҳисоби» ягона сув ресурсларини бошқариш тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади .

 


Пулли давлат хизматларини мобил иловалар орқали олиш мумкин бўлади

Мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари ЯИДХПдан ўз мобил иловалари орқали пуллик электрон давлат хизматларини кўрсатишлари мумкин бўлади. Асосий шарт – киберхавфсизлик талабларига риоя қилиш .

 

Бизнесга кўмаклашиш учун яна бир орган тузилди

Корпоратив низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ва судлар иш юкини камайтириш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркибида Корпоратив этика бўйича комиссия тузилади . У корпоратив этика қоидаларини бузиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиши кутилмоқда.


ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун янги рақамли воситалар

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим доирасида  солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграциялашган универсал рақамли платформалар ишга туширилади. Улар орқали қуйидаги хизматлардан фойдаланиш мумкин бўлади:

  • масофадан туриб биометрик идентификациялаш ва мобил телефон рақамига СМС-хабарнома юбориш орқали ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • электрон рақамли имзодан фойдаланмасдан шартномалар, тўлов топшириқномалари, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва қабул қилиш-топшириш далолатномаларини (бажарилган ишлар тўғрисида) масофадан туриб биометрик идентификациялаш ва СМС-хабарнома орқали тасдиқлашдан фойдаланган ҳолда имзолаш имконияти, бундай тартибда имзоланган ҳужжатлар уларнинг қоғоз нусхалари билан тенг юридик кучга эга бўлади;
  • электрон ҳужжат айланиши бўйича тўлиқ хизматлар доираси ва тўлиқ молиявий ва тўлов-операция циклини амалга ошириш имконияти, шу жумладан:

– электрон ҳамёнларни очиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

– нақд ва нақд бўлмаган пул маблағларини қабул қилиш, қайта ишлаш ва ўтказиш;

– ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тўлов реквизитлари ва матрицали штрих-кодларни (QR -кодлар) яратиш;

– «tap to pay» контактсиз технологияси орқали тўловларни қабул қилиш;

– маблағларни кирим қилиш, ўтказиш ва сарфлаш, интеграциялашган банк ва тўлов хизматлари орқали пул оқимларини бошқариш.

Бунда, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун рақамли платформаларда очилган электрон ҳамён тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳамда даромад олиш, ходимлар, контрагентлар ва давлат органлари билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун мўлжалланган банкда очилган ҳисобвараққа тенглаштирилади.

 

Импорт қилинадиган қимматликларни илова орқали декларация қилиш мумкин

Божхона қўмитаси ўтказиш пунктларини кесиб ўтаётган йўловчилар учун йўловчи божхона декларациясининг мобил иловасини ишга туширди .

Унда йўловчининг олиб кирилаётган мобил қурилмаларининг 15 рақамли IMEI-кодини автоматик равишда сканерлаш имконияти (уларнинг божхона декларациясига қўлда киритилиши ўрнига) кўзда тутилган.

 

Йирик компаниялар муайян тоифадаги иш изловчилар учун иш ўринларини захирага қўйишга мажбур бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиради . Бунда мажбурий захиралаш:

  • ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги керак;
  • ходимлар сони 100 кишидан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилади.

 

Ўрмон фонди ерларини муҳофаза қилиш кучайтирилмоқда

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўрмон фонди ерлари тоифасини ўзгартириш фақат Президент қарорларига мувофиқ амалга оширилади .

 

Жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотларини қоғоз шаклида талаб қилиш тақиқланади

Жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари уларнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бундай маълумотномалар уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади. Агар маълумотлар ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда олинган бўлса, давлат органлари ва ташкилотларига уларни қоғоз шаклида талаб қилиш тақиқланади .

 

Малакасини оширмоқчи бўлганлар «касб ваучери»га эга бўлади

Қўшимча таълим ва малака ошириш учун «касб ваучери» ссуда шаклида берилади.

Ўқиганингиздан ва ишга кирганингиздан сўнг, кредитни қайтаришингиз керак бўлади:

– 2 йил мобайнида;

– Камбағал оилалар реестрига киритилган ногиронлиги бўлган шахслар ва оила аъзоларига – 3 йил давомида.

Ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек 3 ойдан ортиқ курсларда ўқиётган, Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига ва доимий яшаш жойидан бошқа ҳудудга ўқишга келган шахсларга касб-ҳунарга ўқитиш курсларида ўқиш даври учун МҲТЭКМнинг 1 баравари миқдорида стипендия тўланади. Ишсизлик нафақаси тўланадиган даврда стипендия тайинланмайди .

 

Туризм соҳаси корхоналари чиқинди йўқлиги учун мукофот олиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг қарори (24.06.2025 й. 385-сон ВМҚга илова) билан «Энг намунали яшил туризм объекти» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Танлов чиқиндиларни камайтириш соҳасида ташаббус кўрсатган тадбиркорлар ўртасида ўтказилади.

Туризм қўмитаси ҳар йили 1 июлга қадар танлов ўтказилишини ўз расмий саҳифаларида эълон қилиб боради. Танлов сентябрдан ноябргача 2 босқичда – ҳудудий саралаш ва республика якуний босқичида ўтказилади.

Республика босқичи ғолиблари бир марталик пул мукофоти билан тақдирланадилар:

  • 1-ўрин – БҲМнинг 150 баравари миқдорида;
  • 2-ўрин – БҲМнинг 100 баравари миқдорида;
  • 3-ўрин – БҲМнинг 50 баравари миқдорида.

 

Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text211468_uzbekistonda_2025_yil_1_noyabrdan_nimalar_uzgaradi