Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

02.12.2025
author avatar

Азиз ҲОШИМОВ

солиқлар бўйича эксперт
author avatar

Ирина АХМЕТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– ҳисоботда тўлдириладиган иловалар;
– ҚҚС ҳисоб-китобига 4-иловани (харидлар, сотувлар, воситачи реестрларини) автоматик равишда шакллантириш;
– қуйидагиларни тўлдириш:
     ҚҚС ҳисоб-китобига 2-иловани;
     ҚҚС ҳисоб-китобига 1-иловани;
     ҚҚС ҳисоб-китобига 5-иловани;
     ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловани;
     ҚҚС ҳисоб-китобига 6-иловани;
     ҚҚС ҳисоб-китобини;
– ҚҚС ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари.

 

Эътибор беринг

Тавсияга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилди:

  • Президентнинг 30.08.2024 йилдаги ПФ-132-сон Фармони;
  • Президентнинг 10.12.2024 йилдаги ПФ-214-сон Фармони;
  • ВМнинг 07.11.2024 йилдаги 745-сон қарори;
  • иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи, 03.01.2025 й. АВ рўйхат рақами 2773-10-сон;
  • ВМнинг 18.03.2025 йилдаги 168-сон қарори;
  • Президентнинг 15.05.2025 йилдаги ПҚ-183-сон қарори;
  • ВМнинг 12.06.2025 йилдаги 362-сон қарори;
  • Президентнинг 26.06.2025 йилдаги ПҚ-207-сон қарори.

Солиқ даври ой ҳисобланганлиги сабабли ҚҚС бўйича ҳисоботни ҳар ойда тақдим этинг . Чет эл юридик шахслари томонидан электрон шаклда кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно. Мазкур ҳолатларда ҳисобот ҳар чоракда тақдим этилади .

Ҳисоботни ўсиб бормайдиган якун билан ҳисобот ойи учун кўрсаткичлар асосида тўлдиринг ва уни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай топширинг .

Эътибор беринг
2024 йил 1 январдан солиқ органлари томонидан ҚҚС бўйича ҳисоботни автоматик равишда шакллантириш тартиби жорий этилади . Мазкур тартиб солиқ ҳисоботларининг кўрсаткичлари ички ва ташқи манбалар маълумотлари асосида, шунингдек солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларидаги интерактив хизматлар орқали шакллантирилишини назарда тутади. Шакллантирилган ҳисобот солиқ тўловчига ҳисобот давридан кейинги ойнинг 13-санасига қадар тасдиқлаш учун шахсий кабинетига юборилади. Солиқ тўловчи уни тасдиқлайди ёки эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, қайта ишлайди ва кейин солиқ органларига тақдим этади. Агар солиқ тўловчи ҳисоботни солиқ органлари томонидан ҳисобот автоматик тарзда шакллантирилиши учун белгиланган муддатлардан олдин топширса, шакллантирилган ҳисобот унга қайта юборилмайди.
Эътибор беринг

2026 йил 1 январдан солиқ ҳисоботини янги платформа – «Ягона ҳисоботлар тизими» орқали жўнатиш мумкин бўлади.

2026 йил давомида платформадан ихтиёрий фойдаланиш мумкин. 2027 йилдан кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун, 2028 йилдан эса барча тадбиркорлик субъектлари учун платформадан фойдаланиш мажбурий бўлади .

ҚҚС бўйича ҳисоботининг таркибига қуйидагилар киради:

  • ҚҚС тўловчи ҳақида маълумот;
  • ҚҚС ҳисоб-китоби;
  • 1-«Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси;  
  • 2-«Солиқ даврида ҚҚСдан озод қилинадиган ва ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси;
  • 3-«Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси ҳисоб-китоби» иловаси;
  • 4-«Қуйидагилар учун ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестри» иловаси:

– харид қилинган товарлар (хизматлар) (кейинги ўринларда – Харидлар реестри) (1-жадвал);
– реализация қилинган товарлар (хизматлар) (кейинги ўринларда – Сотувлар реестри) (2-жадвал);
– воситачилик (топшириқ) шартномалари бўйича реализация қилинган товарлар (хизматлар) (кейинги ўринларда – Воситачи реестри) (3-жадвал);

  • 5-илова:

«ҚҚС суммасини тузатиш реестри» (1-жадвал):

– солиқ тўловчи бўлмаган шахс солиқ тўловчи сифатида махсус рўйхатга олиш ҳисобига қўйилганда, шунингдек ҚҚС тўлашдан озод этиш бекор қилинганда;

– ўтган календарь йилда импорт қилинган товарлар учун ҳисобот даврида божхона органига тўланган тўлов кечиктирилганлиги муносабати билан;

– Солиқ кодексининг 269–270-моддаларига мувофиқ ҳисобга киритиладиган.

«Солиқ кодексининг 266267269271-моддаларига мувофиқ, илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммаларини тузатиш реестри» (2-жадвал);

  • 6-«Йил бошидан товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси.

Бошқалардан фарқли ўлароқ 3 ва 6-иловалар ортиб борувчи якун билан тўлдирилади. Кўпинча улар автоматик равишда тўлдирилади.

4-илова ҳам ЭҲФ тизимида тақдим этилган ва қабул қилинган ҳисобварақ-фактуралар асосида автоматик равишда тўлдирилади.

5-илова солиқ тўловчи томонидан my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали «ҚҚС суммасига тузатишлар киритиш» интерактив хизматидан фойдаланган ҳолда тизимга киритилган маълумотлар асосида автоматик тарзда тўлдирилади.

Ҳисоботда фақат кўк рангдаги катакчаларни тўлдиринг. Сариқ рангдагилари автоматик равишда тўлдирилади.

«ҚҚС тўловчи тўғрисидаги маълумотлар» шаклида ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган ҚҚС суммасини аниқлашнинг мутаносиб ёки алоҳида-алоҳида усулини белгилашни унутманг. Aгар бу ишни амалга оширмасангиз, дастур ҳисобот жўнатилганда хато ҳақида хабар беради.

Эътибор беринг

Январь ойи учун ҚҚС бўйича ҳисоботда сиз танлаган ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш усули календарь йил давомида ўзгартирилиши мумкин эмас.

ҚҚС бўйича ҳисоботда қайси иловалар тўлдирилиши керак

Фақат кўрсаткичлари мавжуд бўлган иловаларни тўлдиринг .

Қуйидагиларни албатта тўлдиринг:

  • ҚҚС тўловчи тўғрисида маълумот;
  • ҚҚС ҳисоб-китоби;
  • 1, 3, 4-иловалар (1 ва 2-жадваллар) ва 6-илова.

2-иловани фақат товарлар (хизматлар) реализация қилинган тақдирда тўлдиринг:

  • Солиқ кодексининг 33-бобига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҚҚСдан озод қилинган;
  • ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган суммалар .

5-иловани тўлдиринг, агар:

  •  жорий ойда ҚҚС тўловчисига айланган бўлсангиз (белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС тўлашга ўтиш ҳоллари бундан мустасно), шунингдек ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинган тақдирда;
  • ўтган календарь йилда сизда «импорт» ҚҚС бўйича тўлов кечиктирилган бўлиб, ҳисобот даврида ҳақиқатда тўланган бўлса;
  • Солиқ кодексининг 269 ва 270-моддаларига мувофиқ ҚҚСни ҳисобга олиш суммасига тузатиш киритган бўлсангиз.
Эътибор беринг

Ҳисоботларни сўмда тўлдиринг.

Ҳисоботларни тўлдиришни ЭҲФ реестрларидан – 4-илованинг 1, 2 ва 3-жадвалларидан бошланг. Улар ЭҲФ тизими маълумотлари асосида автоматик равишда тўлдирилади.

Қабул қилинган ва тақдим этилган тасдиқланган ЭҲФлар рўйхати билан файл-шаблонни юклаб олинг («Ҳужжатлар рўйхатини юклаб олиш» тугмасини босиб) ва барча ЭҲФлар реестрларда акс эттирилганини текшириб кўринг.

Файл-шаблонда жорий солиқ даври – ой учун ЭҲФлар акс эттирилади. Масалан, май ойи учун ҳисобот юборилганда фақат май ойида харид қилинган ва реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ЭҲФлар ўз аксини топади. Харидлар реестрининг «Йил бошидан жами (солиқ даврининг бошига)» (1-жадвал) сатрида январь–апрель ойларининг маълумотлари автоматик равишда акс эттирилади.

Эслатиб ўтамиз

Ҳисобварақ-фактура, қоидага кўра, товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган санада расмийлаштирилади . Истисно этиладиган ҳолатларда уни расмийлаштириш учун алоҳида муддатлар белгиланган.

Эътибор беринг

Ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда белгиланган муддатларга риоя қилинг! Уларнинг бузилиши солиқ органлари томонидан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни кейинги ҳисобот даврига ўтказиш (реализация қилиш ва даромадларни атайлаб камайтириб кўрсатиш) ҳисобига солиқ солинадиган базани яшириш (камайтириб кўрсатиш) сифатида баҳоланади. Бунинг учун яширилган (камайтириб кўрсатилган) солиқ базаси суммасининг 20% миқдорида жарима назарда тутилган .

Харидлар реестрини қандай тўлдириш керак

Харидлар реестри (4-илованинг 1-жадвали) товарларни (хизматларни) етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган ЭҲФлар асосида автоматик равишда шакллантирилади. Унда қабул қилинган ҳамда тасдиқланган барча ҳисобварақ-фактуралар (ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар), шу жумладан ҚҚС тўловчиси бўлмаган солиқ тўловчилардан келиб тушганлари ҳам акс эттирилади. Харидлар реестри ҳисобга олиниши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш учун керак.

Товарлар импорт қилинганда Харидлар реестрида божхона органларининг маълумотлар базасидан олинган божхона юк декларацияси (БЮД) акс эттирилади, чунки тўланган «божхона» ҚҚС ҳисобга олинади. Aгар сиз комитент (ишонч билдирувчи) бўлсангиз ва воситачи орқали импорт бўйича товарларни сотиб олсангиз, воситачи томонидан «импорт» ҚҚС тўланган БЮД Харидлар реестрида акс эттирилади.

Устав фондига ҳисса сифатида мол-мулк (хизматлар) олинганда Харидлар реестрида бундай топшириш расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура акс эттирилади. Агар топширувчи томон ушбу солиқни тўловчи бўлса, унда ҚҚС суммаси кўрсатилади.

Агар сиз Ўзбекистон солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида рўйхатдан ўтмаган чет эллик шахслардан, ш.ж. тадбиркор жисмоний шахслардан товарлар (хизматлар) олсангиз ва шу билан бирга ушбу товарлар (хизматлар) реализация қилинадиган жой Ўзбекистон деб ҳисобланса, тўланган ҚҚС чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби (ҳисобот коди 10001_8) ва тўланган солиқ Харидлар реестрида шахсий ҳисоб картаси (ШҲК) маълумотлари асосида акс эттирилади.

Комитент (ишонч билдирувчи)нинг Харидлар реестрида қуйидаги ҳисобварақ-фактуралар акс эттирилади:

  • ҚҚС тўловчи – комиссионернинг (ишончли вакилнинг) воситачилик ҳақи суммасига;
  • ишонч билдирувчи учун воситачи (ишончли шахс) томонидан ҚҚС билан харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича.

Товарлар (хизматлар) корпоратив карта бўйича харид қилинганда Онлайн-НКМ ёки виртуал касса чекларини шахсий кабинет орқали рўйхатдан ўтказинг. Шундан сўнг улар автоматик равишда Харидлар реестрида акс эттирилади.

Маълумот учун
  • Солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали онлайн НКМ чекларини қандай рўйхатдан ўтказиш кераклигини тавсияда ўқинг.

Харидлар реестрида, шунингдек харид қилинган асосий воситалар, (шу жумладан ўрнатишга мўлжалланган асбоб-ускуналар), номоддий активлар ва кўчмас мулк объектлари (шу жумладан тугалланмаган қурилиш объектлари бўйича) ҳисобварақ-фактуралар ҳам акс эттирилади. Келгусида ўзининг асосий воситалари сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган активларни яратиш учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) ҳам Харидлар реестрида акс эттирилади.

Эслатиб ўтамиз
Сотиб олинган асосий воситалар, номоддий активлар ва кўчмас мулк объектлари, шунингдек уларнинг қийматига киритиладиган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС бир вақтнинг ўзида тўлиқ ҳажмда ҳисобга қабул қилинади . Ҳисобга олишнинг зарурий шарти – сотиб олинган активлардан реализация қилиш айланмасига ҚҚС солинадиган, шу жумладан ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) билан боғлиқ фаолиятда фойдаланилади .

Хизматлар кўрсатиш учун сотиб олинган, реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб саналмайдиган, товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар ҳам Харидлар реестрида акс эттирилади. Сиз бундай товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз, чунки ҳисобга олиш мақсадида бундай хизматларни реализация қилиш бўйича айланма ушбу ҳолатда ҚҚС ҳисобланмаса ҳам солиқ солинадиган айланмага тенглаштирилади .

Қайси ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС ҳисобга олинмайди 

Қуйидагилар сотиб олинганда ҳисобга олинмайдиган «кирувчи» ҚҚС суммаларини Харидлар реестрининг 8 ва 9-устунларида акс эттиринг:

  • реализация қилиш бўйича айланмалари солиқ солишдан озод этилган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) учун товарлар (хизматлар);
  • реализация қилиш бўйича айланмалари солиқ солишдан озод этилган товарларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) учун асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар;
  • ҚҚСдан озод этилган фаолиятда фойдаланиладиган асосий воситалар, кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун товарлар (хизматлар);
  • вакиллик харажатлари учун товарлар (хизматлар);
  • бепул асосда товарлар (хизматлар). Истисно – чет эллик шахслардан текинга олинган импорт товарлар ёхуд хизматлар, агар уларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилса;
  • фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатлар чегириб ташланмайдиган шахсий эҳтиёжлар учун товарлар (хизматлар) ;
  • фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётлар, моторли қайиқлар, самолётлар, моторли воситаларнинг бошқа турлари ва улар учун ёқилғи;
  • амалга оширилаётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган мақсадлар учун алкоголь ва тамаки маҳсулотлари. 

Шунингдек ҚҚС тўловчи гувоҳномаси фаол ҳолатда бўлмаган етказиб берувчилар томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича солиқ ҳисобга қабул қилинмайди. Бундай ҳисобварақ-фактуралар автоматик равишда файл-шаблонда улар бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди деган ёзув билан акс эттирилади. Харидлар реестрида бундай ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда етказиб беришнинг умумий қиймати автоматик равишда «ҚҚС гувоҳномаси ҳолати туфайли ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайдиган ЭҲФлар бўйича» сатрида акс эттирилади.

Агар ҚҚС гувоҳномангиз фаол бўлмаса, кирувчи ҳисобварақ-фактуралар ҳам худди шу тартибда акс эттирилади. Агар сизда гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилган, тугатилган ёки бекор қилинган бўлса, «кирувчи» ҚҚС суммаси ҳисобга олинмайди. Тўхтатиб қўйилган гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда тўхтатиб турилган даврда, ҳисобга қабул қилинмаган «кирувчи» солиққа тузатиш киритилади – ҳисобга қабул қилинади. Бу гувоҳноманинг амал қилиш муддати тиклангандан кейин «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга қабул қилиш ҳуқуқи тикланишини билдиради, шу жумладан гувоҳноманинг тўхтатиб турилиши даврида ҳисобга қабул қилинмаган суммалар бўйича. Мазкур тартиб гувоҳномаси тўхтатиб турилган солиқ тўловчига ҳамда унинг контрагентларига татбиқ этилади .

Эслатиб ўтамиз

Айрим ҳолатларда ҚҚС тўловчи гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб қўйилган ёки бекор қилинган бўлиши мумкин. Бунда «кирувчи» ҚҚСни фақат амал қилаётган гувоҳномага эга бўлган мол етказиб берувчиларнинг ҳисобварақ-фактураларига асосан ҳисобга қабул қилиш мумкин .

ҚҚС тўловчининг сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришга фақат битта ҳолатда – амалга оширилган битимларда (операциялар) сотиб олинган ва сотилган товарлар (хизматлар) номенклатурасига мос келмаса йўл қўйилади . Бундай ҳолда, сертификатнинг амал қилиш муддати 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатилади. Агар ушбу давр мобайнида камерал ва сайёр текширув натижаларига кўра солиқ органлари томонидан корхонанинг амалга оширилган битимлар (операциялар)нинг сотиб олинган ва сотилган товарлар (хизматлар) номеклатурасига мос келмаслиги тўғрисида далиллари аниқланмаса, у ҳолда сертификатнинг амал қилиш муддати автоматик равишда фаоллаштирилади .

ҚҚС гувоҳномаси тўхтатиб турилгани учун ҳисобга олинмаган ҚҚСни ҳисобга олиш учун, товар (хизмат)ларни етказиб берувчилар гувоҳномани тўхтатиб туриш даври учун тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишлари шарт.

Маълумот учун
Тузатилган ҳисобварақ-фактурани қандай қилиб расмийлаштириш кераклиги тўғрисида тавсияда ўқинг.
Мисол
ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тикланганидан кейин ҚҚСни ҳисобга олишга қандай тузатиш киритилади

Солиқ органи ҚҚС тўловчининг гувоҳномасининг амал қилиши муддатини тўхтатиб қўйди. Тўхтатиб қўйилган даврда корхона 12% ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 112 млн сўмлик товар сотди. Гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилганлиги сабабли ҳисобга олинмаган «кирувчи» ҚҚС 10 млн сўмни ташкил этди. Шунингдек корхона томонидан сотиш бўйича ҳисобланган 12 млн сўм миқдоридаги ҚҚС ҳам унинг харидорлари томонидан ҳисобга олинмаган.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланганидан кейин корхона ҳисобга олиш суммасини 10 млн сўмга тузатишга (оширишга) ҳақли бўлади. Бунинг учун етказиб берувчилар корхонага ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб туриш муддати учун тузатилган ҳисобварақ-фактураларни тақдим этишлари шарт.

Харидорлар ҳам ўз ҳисобларини 12 млн сўмга ўзгартириш (ошириш) ҳуқуқига эга. Бунинг учун корхона уларга гувоҳномани тўхтатиб туриш муддати учун тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши керак.

Харидлар реестри кўрсаткичлари автоматик равишда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловада акс эттирилади.

Aгар сиз ҚҚС солинадиган, шунингдек солиқдан озод этилган фаолиятни амалга оширсангиз, солиқ солинадиган айланма жорий ойдаги айланманинг 5%дан ошиб кетмаса, барча «кирувчи» ҚҚСни, шу жумладан узоқ муддатли активлар бўйича тўланган солиқ суммасини сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматига тўлиқ киритишга ҳақлисиз . Бунинг учун Харидлар реестрининг 6 ва 7-устунларидаги суммаларни 8 ва 9-устунларда қайта ёзинг. Шу тариқа, «кирувчи» ҚҚСнинг бутун суммаси ҳисоботда ҳисобга олинмайдиган сумма сифатида акс эттиринг.

Сотувлар реестрини қандай тўлдириш керак

Сотувлар реестри (4-илованинг 2-жадвали) автоматик равишда қуйидагилар асосида шакллантирилади:

  • сиз томондан харидорларга, шу жумладан бир томонлама тартибда тақдим этилган ЭҲФлар. Бунда Сотувлар реестрида ҚҚС суммасини ўз ичига олган (12% ставка бўйича) ва ҚҚСсиз (имтиёзли товарлар (хизматлар) бўйича ҳамда 0% ставка қўлланилган) ҳисобварақ-фактуралар акс эттирилади;
  • божхона органларининг маълумотлар базасидаги товарларнинг экспорти бўйича БЮДлар;
Эслатиб ўтамиз

Ўзбекистон ҳудудидан экспорт божхона тартиб-қоидасига кўра олиб чиқилган товарлар реализация қилинганда ноль даражали ставкада ҚҚС солинади .

Экспорт божхона режимида Ўзбекистон товари уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқилади .

  • онлайн-НКМ ёки (виртуал касса) кўрсаткичлари. Нақд пулда ва (ёки) банк карталари орқали ҳисоб-китоблар амалга оширилганда онлайн-НКТ маълумотлари автоматик равишда Харидлар реестрида акс эттирилади.

Воситачи реестрини қандай тўлдириш керак

Воситачи реестри (4-илованинг 3-жадвали) воситачилик шартномалари (комиссия, топшириқ) бўйича операцияларни ўтказувчи солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган уч томонлама ЭҲФлар асосида автоматик равишда шакллантирилади.

Ушбу реестрда воситачида (ишончли вакилда) қуйидаги товарлар (хизматлар) бўйича ЭҲФлар акс эттирилади:

  • комитент (ишонч билдирувчи) манфаатларини кўзлаб учинчи шахсларга реализация қилинган. Унинг Сотувлар реестрида ушбу ЭҲФлар акс эттирилмайди;
  • комитент (ишонч билдирувчи) учун сотиб олинган. Шу билан бирга, унинг Харидлар реестрида ушбу ЭҲФлар акс эттирилмайди. 

ҚҚС ҳисоб-китобига 2-иловани қандай тўлдириш керак 

Қуйидаги товарлар (хизматлар)ни реализация қиладиган бўлсангиз, 2-илова тўлдирилади:

ҚҚСдан озод этилган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ушбу иловада ҚҚС бўйича имтиёзлар кўрсатилган ҳолда тақдим этилган ЭҲФлар асосида автоматик равишда шакллантирилади.

ҚҚС солинмайдиган реализация қилиш бўйича умумий айланма, ш.ж. Солиқ кодексида (020-сатр) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (030-сатр) тақдим этилган имтиёзлар бўйича 010-сатрда акс эттирилади.

040-сатрда ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинадиган реализация қилиш айланмаси акс эттирилади. Мазкур сатрнинг айланмалар бўйича расшифровкаси (041–047-сатрлар) харидорларга тақдим этилган ЭҲФлар ва экспорт БЮДларга асосан акс эттирилади.

ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова қандай тўлдирилади

1-иловада солиқ даврида (ойда) товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича барча айланмалар акс эттирилади. Уларнинг умумий суммаси автоматик равишда 010-сатрда ҳисоб-китоб қилинади.

1-илованинг савдо айланмасини акс эттирувчи 0101–0104-сатрлари, ш.ж. ҚҚСдан озод қилинган ва ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиганлари ЭҲФ, онлайн-НКТ, экспорт БЮД ва маркетплейс маълумотларига асосан автоматик равишда тўлдирилади. ҚҚС солинадиган ва 0101–0104-сатрларда акс эттирилмаган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича бошқа айланмалар бўйича 0105-сатр қўлда тўлдирилади.

Агар сиз акциз солиғи тўловчиси бўлсангиз, 0106-сатрда ҚҚС бўйича солиқ базасига киритилган акциз солиғи суммасини кўрсатинг.

Акциз солиғини (0106-сатр) ҳисобга олмаганда солиқ даври учун сотиш бўйича умумий айланма 0107-сатрда, ш.ж. қуйидаги сатрларда акс эттирилади:

  • 01071 – ҚҚСдан озод қилинган (2-илова 010-сатрдан);
  • 01072 – ноль ставка бўйича солиқ солинадиган (2-илова 040-сатрдан);
  • 01073 – базавий ставка бўйича солиқ солинадиган (12%).

0108-сатр «Бозор қийматидан паст нархда реализация қилинган товарларнинг (хизматларнинг) бозор қиймати ва ҚҚС киритилмаган ҳолда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ суммаси» автоматик равишда бир томонлама ЭҲФлар «Бозор қийматидан паст нархда реализация қилиш» асосида шакллантирилади.

Мисол
Маҳсулотларнинг бозор қийматидан паст нархда реализация қилинишини ҚҚС ҳисоботида қандай акс эттириш керак 
ҚҚС тўловчи корхона маҳсулотларининг тўпламини ҚҚС билан 11 200 минг сўмга реализация қилди.
Маҳсулотларни сотиш нархи прайс-вараққа мувофиқ ҚҚС билан – 20 160 сўм.
Харидорга тақдим этилган ЭҲФда ҚҚС суммаси 1 200 минг сўм (11 200 : 112 х 12) суммада кўрсатилган.
Маҳсулотларнинг бозор нархи унинг реализация қилиш нархидан юқори бўлгани сабабли ҳисоботда улар ўртасидаги фарқ – 960 минг сўмдан ((20 160  11 200) : 112 х 12) қўшимча ҚҚС ҳисобланиши керак.
Сотувлар реестрида харидорга тақдим этилган ЭҲФ қуйидагича акс эттирилади:
  • 6-устунда – 10 000 минг сўм;
  • 7-устунда – 1 200 минг сўм.

Шунингдек «бозор қийматидан паст нархда реализация қилиш» туридаги бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш ва «Етказиб бериш қиймати» устунида бозор нархи ва ҚҚСсиз реализация қилиш қиймати ўртасидаги – 8 000 минг сўм ((20 160 – 11 200) : 1,12) ижобий фарқни кўрсатиш лозим. Мазкур ЭҲФ асосида ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0108-сатри 3-устунида 8 000 минг сўм,
4-устунида эса ушбу фарқдан қўшимча ҳисобланган 960 минг сўм солиқ акс эттирилади.

0109-сатр «Товарларни импорт қилишда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун божхона органлари томонидан белгиланадиган қиймат билан импорт қилинган товарларни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ» импорт товарларни импорт қилишда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун божхона органлари томонидан белгиланган қийматдан паст нархда реализация қилган солиқ тўловчиларнинг ҳисоботида тўлдирилади. У «божхона қийматидан паст нархда реализация қилиш» туридаги бир томонлама ЭҲФ асосида автоматик равишда шакллантирилади.

Мисол
Импорт қилинган товарни импорт вақтида ҳисоб-китоб қилинган ҚҚС қийматидан паст нархда реализация қилинишини ҚҚС ҳисоботида қандай акс эттириш керак 
ҚҚС тўловчи корхона товарни импорт қилади ва уни ички бозорда реализация қилади.
Товарнинг шартномавий қиймати 169 718,2 минг сўмни, божхона қиймати – 180 000 минг сўм, божхона божи – 9 000 минг сўм, импорт қилинганда ҚҚС ҳисоб-китоби учун товар қиймати 189 000 минг сўмни (180 000 + 9 000) ташкил этди.
Товарни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда ҳисобланган ва тўланган ҚҚС 22 680 минг сўмга (189 000 х 12%) тенг.
Товар ҚҚС билан 201 600 минг сўмга реализация қилинди.
Харидорга тақдим қилинган ЭҲФда 21 600 минг сўм (201 600 : 112 х 12) миқдорида ҚҚС кўрсатилган. ҚҚСсиз сотиш қиймати – 180 000 (201 600 - 21 600) сўм.
Импорт қилинганда ҚҚС 189 000 минг сўмдан келиб чиқиб ҳисоблангани, ҚҚСсиз реализация қиймати эса кам бўлгани (189 000 ˃ 180 000) сабабли ҳисоботда улар ўртасидаги фарқдан – 1 080 минг сўм ((189 000 – 180 000) х 12%) қўшимча ҚҚС ҳисобланиши лозим.

Сотувлар реестрида харидорга тақдим этилган ЭҲФда қуйидагича акс эттирилади:

  • 6-устунда – 180 000 минг сўм;
  • 7-устунда – 21 600 минг сўм.

Шунингдек «божхона қийматидан паст нархда реализация қилиш» туридаги бир томонлама ЭҲФни расмийлаштириш ва «Етказиб бериш қиймати» устунида товар импорт қилинганда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган қиймат ва ҚҚСсиз уни реализация қилиш нархи ўртасидаги 9 000 минг сўм
(189 000 – 180 000) ижобий фарқни кўрсатиш лозим.
Мазкур ЭҲФ асосида ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0109-сатри 3-устунида 9 000 минг сўм,
4-устунида эса ушбу фарқдан қўшимча ҳисобланган 1 080 минг сўм ҚҚС акс эттирилади.

Агар сиз 20% ставкада (2019 йил 1 октябргача) тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар учун ҚҚС бўйича солиқ базасини ўзгартирган бўлсангиз, тузатиш суммасини 0110-сатрда қўлда акс эттиринг.

15% солиқ ставкасидан фойдаланган ҳолда (2019 йил 1 октябрдан 2022 йил 31 декабргача) расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича солиқ солинадиган базага тузатишлар қўшимча ҳисобварақ-фактуралар асосида автоматик равишда 0111-сатрда акс эттирилади.

Маълумот учун
Қўшимча ЭҲФ қандай расмийлаштирилиши кераклигини тавсияда ўқинг.

Трансферт нархлар шаклланишини қўллаш натижасида олинмай қолинган даромад суммасини 0112-сатрда акс эттиринг.

Эслатиб ўтамиз
2022 йилдан бошлаб ҚҚС бўйича солиқ базасини ҳисоблаш мақсадида нархларни белгилашда трансферт нархларни шакллантириш тўғрисидаги низом ҳам ҳисобга олинади  .

Aгар сиз реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатсангиз, ушбу айланма 020-сатрда акс эттирилиши лозим. Бунинг учун «Хизматлар экспорти (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида)» туридаги бир томонлама ЭҲФни тақдим этинг.

Эслатиб ўтамиз

Хизматларни реализация қилиш жойи Солиқ кодексининг 241-моддасига мувофиқ аниқланади. Aгар кўрсатилган хизматларни реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этилмаса, ушбу реализация бўйича айланма ҚҚСнинг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди . Бунда сиз бундай хизматларни реализация қилишда фойдаланиш учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз .

ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова қандай тўлдирилади 

 5-иловада (1 ва 2-жадвал) ҚҚСга тузатиш киритиш суммаси акс эттирилади.

1-жадвал қуйидаги ҳолларда тўлдирилади:

  • сиз жорий ойда ҚҚС тўловчига айландингиз (қатъий белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС тўлашга ўтиш ҳоллари бундан мустасно), шунингдек ҚҚС бўйича имтиёз бекор қилинган бўлса;
Эслатиб ўтамиз

ҚҚС тўловчи сифатида махсус рўйхатдан ўтишда, шунингдек солиқ тўлашдан озод қилишни бекор қилишда сиз рўйхатдан ўтиш санасида (имтиёз бекор қилинганда) балансда мавжуд бўлган ТМЗ ҳамда узоқ муддатли активларнинг баланс қийматига киритилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эгасиз. Бунда ҳисобга олиш шартларига риоя этилиши лозим .

Ҳисобга олинадиган солиқ суммаси қуйидагича аниқланади :

  • ТМЗ қолдиқлари бўйича – рўйхатдан ўтиш санасидан (имтиёз бекор қилинганда) олдинги охирги 12 ой ичида харид қилинган ва шу санада балансда мавжуд бўлган ТМЗнинг ҳақиқий нархидан келиб чиқиб;
  • узоқ муддатли активлар бўйича – рўйхатдан ўтиш санасида (имтиёз бекор қилинганда) қайта баҳолаш суммаси ҳисобга олинмаган баланс (қолдиқ) қийматидан келиб чиқиб.
  • ўтган календарь йилда сизда «импорт» ҚҚС бўйича кечиктирилган тўлов бўлиб, амалда ҳисобот даврида тўланган;
Эслатиб ўтамиз

Товарларни олиб киришда (импорт қилишда) амалда тўланган ҚҚС ҳисобга олинади . Кечиктириш даврида амалда тўланган солиқ суммаси ҳам ҳисобга киритилади .

Эслатиб ўтамиз

Товарларни (хизматларни) сотиб олиш пайтида уларнинг қийматига киритилган «кирувчи» ҚҚС тузатилади (ҳисобга олинади), агар :

  • ҚҚСдан озод қилинган фаолиятда фойдаланиш учун сотиб олинган (олиб кирилган) асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар ҳақиқатда солиқ солинадиган фаолиятда фойдаланилади;
  • ҚҚСдан озод қилинган фаолиятда фойдаланиладиган асосий воситалар ва кўчмас мулк объектларини қуриш, модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш учун товарлар (хизматлар)сотиб олинган, аммо улардан кейинчалик солиқ солинадиган фаолиятда фойдаланилади;
  • реализация қилиш айланмаси ҚҚСдан озод қилинган, бироқ солиқ солинадиган фаолиятда ҳақиқатда фойдаланилган товарлар (хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) учун сотиб олинган товарлар (хизматлар).

ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илованинг 1-жадвалини тўлдириш учун:

1) my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг «Хизматлар» бўлимидаги «Электрон ҳужжат айланиши» бўлинмасидан «ЮШ учун ҚҚС суммасига тузатиш киритиш» хизматини танланг;

 

 

2) «ҚҚС суммасини ҳисобга олиш»ни босинг;

5_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

 

3) очилган шаклни тўлдиринг, сўралган маълумотларни ЭҲФ ёки БЮД орқали ўтказиб, тузатиш сабабини ва шаклни тўлдирган санани кўрсатинг; 

6_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

 

4) «Сақлаш»ни босинг. 

5-илованинг 1-жадвалидаги 8, 9 ва 10-устунларда ҳисобварақ-фактуралар (БЮД,

онлайн-НКТ чеклари) асосида тузатишдан олдинги 12 ой ичида сотиб олинган товарлар (хизматлар)нинг умумий миқдори акс эттирилади.

11 ва 12-устунларда ҚҚС ҳисобга олинадиган 8, 9 ва 10-устунлардаги товарлар (хизматлар) қиймати акс эттирилади. Ушбу устунлар бўйича жами суммалар автоматик равишда 3-илованинг 012-сатрида тузатишлар турлари (асослари) бўйича ажратилган ҳолда акс эттирилади (0121–0124-сатрлар).

2-жадвал, агар сиз илгари ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритсангиз (ҳисобдан чиқариб ташласангиз), тўлдирилади:

  • товарлардан (хизматлардан) келгусида ҚҚСдан озод этилган реализация қилиш бўйича айланма учун фойдаланилганда ;
Мисол
ҚҚСдан озод этилган савдо айланмаларида фойдаланилган товарлар бўйича ҳисобга олинган солиққа қандай тузатиш киритиш керак
 

ҚҚС тўловчиси бўлган қурилиш корхонаси буюртмачи объектларида қурилиш-монтаж ишларини бажаради. Ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш учун алоҳида усулдан фойдаланади.

Ўтган йилда корхона ҚҚС тўланадиган фаолиятда фойдаланиш учун 56 000 минг сўмлик қурилиш материаллари сотиб олди, шу жумладан 12% ҚҚС – 6 000 минг сўм. «Кирувчи» ҚҚСнинг барча суммаси ҳисобга қилинди.

Жорий йил бошида ушбу материаллар қолдиқларда рўйхатга олинган.

Жорий йилда корхона кўп қаватли уйни таъмирлаш ишлари бўйича бино кенгаши раиси вакиллигида хонадон эгалари билан шартнома тузди. Бевосита аҳоли томонидан тўланадиган уй-жой фондини таъмирлаш бўйича хизматлар ҚҚСдан озод қилинган . Уларни тақдим этишда ўтган йили олиниб, ҚҚС ҳисобга қабул қилинган материаллар қўлланилган. Ишлатилган материалларнинг қиймати ҚҚСсиз 15 000 минг сўм.

Бинобарин, улар бўйича ҚҚС суммаси – 1 800 минг сўмни (15 000 х 12%) ҳисобдан чиқариш (тўлаш учун тиклаш) ва фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатларга киритиш керак
  • ҚҚС солинадиган фаолиятда фойдаланиш учун сотиб олинган (олиб кирилган) асосий воситалар, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар бўйича, кейинчалик улардан солиқ солишдан озод қилинганда фойдаланилганда  .
Маълумот учун
  • Асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича ҳисобга олинган ҚҚСга қандай тузатиш киритиш ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун бу ерда ва бу ерда ўқинг;
  • ваколатли орган томонидан белгиланган табиий йўқотиш меъёрларидан ортиқча товарлар бузилган ёки йўқотилган тақдирда ва улар бўлмаган тақдирда – солиқ тўловчи томонидан. Фавқулодда вазиятлар (табиий офат, ёнғин, авария ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар) туфайли товарларнинг бузилиши ёки йўқотилиши бундан мустасно ;
Мисол
Материалларнинг меъёрдан ортиқ бузилишида ҳисобга олинган ҚҚСни қандай тузатиш керак

Инвентаризация натижаларига кўра, ҚҚС тўловчи томонидан омборхонада 1 000 минг сўмлик яроқсиз материаллар борлиги аниқланди.

Ушбу турдаги материаллар учун йўқотиш нормалари белгиланмаган.

Зарар етказган айбдорлар аниқланмаган.

Материаллар ҚҚС билан сотиб олиниб, белгиланган тартибда ҳисобга олинган.

Тузатиш киритилиши лозим бўлган ҚҚС миқдори 120 минг сўмни (1 000 х 12%) ташкил этади. У бюджетга тўланиши ва яроқсиз материаллар нархига киритилиши керак.

  • етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактуралари ҳақиқий эмас деб эътироф этилган тақдирда ;
Мисол
Етказиб берувчининг ҳисобварақ-фактураси ҳақиқий эмас деб эътироф этилган тақдирда ҳисобга қабул қилинган ҚҚСга қандай тузатиш киритиш керак 

Корхонанинг камерал текширув натижаларига кўра, солиқ органлари унинг контрагентларидан бирининг ҳисобварақ-фактурасини ҳақиқий эмас деб топди.

Ушбу контрагентдан харид қилинган маҳсулот нархи ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 56 000 минг сўмни ташкил этади.

Корхона ушбу етказиб бериш бўйича ҳисобга қабул қилинган 6 000 минг сўм (56 000 : 112 х 12) миқдоридаги ҚҚСга тузатиш киритиши керак. Солиқ тўланиши ва товарлар қийматига ёхуд даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатларга киритилиши керак, (агар ушбу маҳсулот мавжуд бўлмаса).

  • айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ёхуд ҚҚС бўйича имтиёз олиш ҳуқуқини олишга ўтишда ;
Мисол
Корхона айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтганда ҳисобга олинган ҚҚСга қандай тузатиш киритилади
 

ҚҚС тўловчи корхона 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтмоқда.

Ушбу санага омборда ҚҚСни ҳисобга олмаганда 60 000 минг сўмлик товар мавжуд, ш.ж.:

  • 50 000 минг сўмга – 2025 йилда сотиб олинган;
  • 10 000 минг сўмга – 2024 йилда сотиб олинган.

Ушбу товарни сотиб олишда 7 200 минг сўмлик (10 000 + 50 000 х 12%) «кирувчи» ҚҚС ҳисобга қабул қилинган.

Шунингдек, 2026 йил 1 январь ҳолатига бухгалтерия балансида 12% ҚҚС билан сотиб олинган, дастлабки қиймати 50 000 минг сўм, қолдиқ қиймати 30 000 минг сўм, ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 6 000 минг сўм бўлган асосий воситалар мавжуд (50 000 х 12%).

Корхона ҚҚС тўловчи мақомини йўқотганлиги сабабли 2025 йилда сотиб олинган товар қолдиқлари ва асосий воситалар бўйича ҳисоб-китоблар миқдорини ўзгартириш ( тўлаш ва мол-мулк қийматига киритиш) керак.

Тузатиш киритилиши керак бўлган ҚҚС суммаси қуйидагича бўлади:

– товар бўйича – 6 000 минг сўм (50 000 х 12%);

– асосий воситалар бўйича – 3 600 минг сўм (30 000 : 50 000 х 6 000).

  • ушбу товарлар солиқ органларида ҳисобга қўйилмаган шартномалар асосида ижарага олинган ёки бепул фойдаланилаётган кўчмас мулк объектларида сақланганда ;
Эслатиб ўтамиз
2022 йил 1 январдан юридик шахслар томонидан кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ёки текин фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар E-ijara тизимида рўйхатдан ўтказилиши керак .
  • товар (хизмат)ларни тўлаш мажбуриятини ҳисобдан чиқаришда ;
Маълумот учун
  • Мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришда ҚҚСга қандай тузатиш киритиш ҳақида батафсил ушбу тавсияда ўқинг;
  • солиқ органлари товар (хизмат)ларни олиш бўйича битимларни қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган деб тан олганда ;
Маълумот учун
  • Солиқ органлари томонидан қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимлар аниқланганда қандай солиқ оқибатлари юзага келишини тавсияда ўқинг.
  • Қалбаки битимлар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органларига қандай жавоб бериш кераклиги тўғрисида тавсияда ўқинг;
  • товарларни импорт қилишда тўланган ҚҚС қайтарилганда, агар улар реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган бўлса;
Эслатиб ўтамиз
Товар реэкспорт божхона тартиб-таомилига жойлаштирилганда ва ушбу товарни импорт қилиш чоғида тўланган ҚҚС солиқ тўловчига қайтарилганда солиқ тўловчи ҳисобга олинадиган солиқ суммасига унга қайтарилган солиқ суммаси бўйича тузатиш киритади (уни камайтиради)  
  • солиқ тўловчининг ўз эҳтиёжлари учун олинадиган, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда харажатлари чегирилмайдиган товарлар (хизматлар) бўйича ;
  • амалга оширилаётган фаолият турига тааллуқли бўлмаган харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ;
  • бепул олинган товарлар (хизматлар) бўйича .
Маълумот учун
  • Бепул олинган товарлар (хизматлар), амалга оширилаётган фаолият турига тааллуқли бўлмаган харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш тўғрисида батафсил тавсияда ўқинг.
Эслатиб ўтамиз

ТМЗ бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга тузатиш киритишда фақат бундай тузатишдан олдинги сўнгги 12 ойда харид қилинган захираларни ҳисобга олинг.

Асосий воситаларнинг объектлари, кўчмас мулк объектлари ва номоддий активлар бўйича тузатиш киритишда қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда уларнинг баланс қийматини ҳисобга олинг .

ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илованинг 2-жадвалини тўлдириш учун:

1) my3.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинетнинг «Хизматлар» бўлимидаги «Электрон ҳужжат айланиши» бўлинмасида «ЮШ учун ҚҚС суммасига тузатиш киритиш»ни танланг;

7_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

2) «Илгари ҳисобга киритилган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш»ни босинг;

 8_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

 

3) очилган шаклни тўлдиринг, маълумотларни ЭҲФ, БЮД ёки онлайн-НКТ чекидан ўтказиб, тузатиш сабабини ва шаклни тўлдирган санани кўрсатинг; 

9_%D1%83%D0%B7%D0%B1.jpg

4) «Сақлаш»ни босинг. 

5-илованинг 2-жадвалидаги 8, 9 ва 10-устунларда ҳисобварақ-фактуралар (БЮД, НКТ чеклари) бўйича тузатишдан олдинги 12 ой ичида сотиб олинган товарлар (хизматлар)нинг умумий миқдори акс эттирилади.

11 ва 12-устунларда 8, 9 ва 10-устунлардан ҚҚС ҳисобга олинадиган товарлар (хизматлар) қиймати акс эттирилади. Ушбу устунлар бўйича жами суммалар автоматик равишда 3-илованинг 1100-сатрида тузатишлар турлари (асослари) бўйича ажратилган ҳолда акс эттирилади (0101–1111-сатрлар).

ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловани қандай тўлдириш керак

3-иловада ҳисобга олишга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси ҳисоб-китоб қилинади.

Эътибор беринг

ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илова бошқа иловалардан фарқли равишда солиқ даври (ой) учун эмас, балки йил бошидан ортиб борувчи якун билан тўлдирилади.

0101-сатрда божхонада тўланган ҚҚС (жорий тўловлар) акс эттирилади. Ушбу сумма Харидлар реестридан тўланган «божхона» ҚҚСнинг умумий суммасига мос келиши керак.

0102-сатрда кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилган «божхона» ҚҚС суммаси акс эттирилади. ҚҚС бўйича кечиктирилган (бўлиб-бўлиб тўланадиган) сумма, шунингдек 1112-сатрда ҳисобга олинган умумий суммадан тўланмаган ҚҚСни чиқариб ташлаш тарзида акс эттирилади.

Эслатиб ўтамиз

Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби ва тўлашнинг амал қилишини тугатиш шартлари Солиқ кодексининг 100102-моддаларида белгилаб берилган.

2023 йилдан бошлаб ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиларга ҳам солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи қуйидаги шартларда берилади :

  • ўтган йил якуни бўйича уларнинг жами даромадлари 10 млрд сўмдан ошмаганда;
  • солиқ қарзи юзага келган вақтдан бошлаб 1 ой муддатда солиқ органларига бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тўғрисида хабарнома юборилганда.

Ушбу тартиб қуйидагиларга тааллуқли эмас:

  • устав фондида 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар;
  • ер қаъридан фойдаланувчилар;
  • акциз солиғи тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар.

Агар ушбу тоифалар томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятидан календарь йил давомида бир марта фойдаланилган бўлса, у бўйича фоизлар 6 ой давомида ҳисобланмайди.

Импорт қилинганда ҚҚС тўлашни кечиктириш тартиби махсус Низом билан белгиланади.

011-сатрда йил бошидан сотиб олинган (харид қилинган) товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси Харидлар реестрига мувофиқ акс эттирилади. Ушбу сатр автоматик равишда 4-илованинг 1-жадвалидаги қуйидаги маълумотларни кўчириб ўтказиш йўли билан тўлдирилади:

  • 0111-сатрда ҳисобга олишга киритиладиган ҚҚС акс эттирилади (6 ва 7-устунлардаги йил бошидан жами маълумотлар Харидлар реестридаги 8 ва 9-устунлардаги маълумотлардан чегирилган ҳолда);
  • 0112-сатрда – ҳисобга олиш учун киритилмайдиганлар (Харидлар реестрининг 8 ва 9-устунлари бўйича йил бошидан жами маълумотлар). Ушбу сатрнинг (01121–01124-сатрлар) расшифровкаси солиқ органлари маълумотларига кўра тўлдирилади:

01121 – агар сизнинг гувоҳномангиз фаол бўлмаса, яъни унинг амал қилиш муддати тўхтатилган ёки бекор қилинган бўлса ;

01122 – агар контрагентингизнинг ҚҚС тўловчи гувоҳномаси фаол бўлмаса  

01123 – тузатилган ЭҲФ маълумотларига кўра ҚҚС аввал ҳисобга олинган бўлса. Масалан, агар суд қарори билан тузатилган ЭҲФ асосида ҳисобга олинган ҚҚС бекор қилинса

01124 – давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан ҳисобга олинмаган ҳолларда Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан тан олинган ҚҚС суммаси бўйича .

012-сатрдаги маълумотлар сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олиш учун қабул қилиниши мумкин бўлган ҚҚС суммасига тузатиш киритади (кўпайтиради) (0111-сатр). Ушбу сатрда ҚҚС суммасига тузатишлар киритиш реестрининг (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова 1-жадвали) 8 ва 9-устунларидан ҚҚСга тузатиш суммаси автоматик тарзда акс эттирилади:

020 ва 030-сатрларда жорий календарь йил учун солиқ ҳисоби сиёсатингизда танланган усулга мувофиқ алоҳида-алоҳида ёки мутаносиб усул билан аниқланадиган ва «ҚҚС тўловчи тўғрисидаги маълумотлар» шаклида қайд қилинадиган сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС суммалари акс эттирилади.

Эслатиб ўтамиз

Мутаносиб усул бўйича ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси календарь йил давомида ортиб борувчи якун билан аниқланадиган реализация қилиш бўйича умумий айланмада (солиқни ҳисобга олмаган ҳолда) солиқ солинадиган айланманинг улушидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Алоҳида-алоҳида усул деганда солиқ солинадиган ва солиқ солишдан озод этилган айланмалар учун фойдаланиладиган, олинган товарларнинг (хизматларнинг), шунингдек улар бўйича тўланган ҚҚСнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш тушунилади. Бунда алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш имкони бўлмаган умумий харажатлар бўйича мутаносиб усул қўлланилади .

Алоҳида-алоҳида усулни қўллайдиган бўлсангиз, 030-сатрни (0301–0304-сатрлар суммаси) тўлдиринг. Қуйидаги реализация бўйича айланмада фойдаланиш учун сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммаларини ажратиб кўрсатинг:

020-сатр (0201–0204-сатрлар суммаси) мутаносиб усулдан фойдаланилганда йил бошидан товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаларнинг солиштирма миқдори асосида автоматик равишда тўлдирилади, шунингдек 6-иловада автоматик равишда ҳисоб-китоб қилинади.

1100-сатрда (1101–1111-сатрлар суммаси) илгари ҚҚС суммаларини тузатиш реестрининг 8 ва 9-устунларидан ҳисобга олишга қабул қилинган ҚҚСга тузатиш киритиш (тиклаш) автоматик равишда акс эттирилади (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова 2-жадвали). Ушбу сатрларда кўрсатилган сумма ҳисобга қабул қилинадиган (040-сатр) сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚСни камайтиради.

Агар сиз экспортга товарларни реализация қилсангиз, 060–070-сатрларни қуйидагича тўлдиринг:

  • 060 – агар ўтган йилда сизнинг ҳисобрақамингизга ёки воситачининг ҳисобрақамига валюта тушуми тўлиқ келиб тушмаган бўлса. Бу ерда ўтган йилда тўлиқ келиб тушмаган тушумни чет эл валютасида акс эттиринг;
  • 070 – агар товарлар
  • ўтган йилда экспортга юклаб жўнатилган, тушум эса жорий йилда келиб тушган бўлса. Бу ерда ўтган йилда экспортга юклаб жўнатилган товарлар учун жорий йилда тўловнинг ҳақиқатда келиб тушган миқдорини чет эл валютасида акс эттиринг;
  • 080-сатрда экспортга юклаб жўнатилган, лекин ўтган йилда тўлов келиб тушмаган товарлар учун жорий йилда келиб тушган тўлов ҳажмининг салмоғи автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади (070-сатр : 060-сатр х 100).
  • 090-сатрда ўтган календарь йилда валюта тушуми тўлиқ келиб тушмаганлиги сабабли ҳисобга олинмаган ҚҚС суммаси акс эттирилади.
  • 100-сатрда ўтган йилда экспортга реализация қилинган товарлар бўйича тушум жорий календарь йилда келиб тушиши муносабати билан ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини автоматик равишда ҳисоблаб чиқади (080-сатр х 090-сатр : 100). 
Эслатиб ўтамиз

Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган товарларни экспортга реализация қилиш айланмаси мақсадлари учун фойдаланиладиган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС экспорт қилувчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига келиб тушган валюта тушумининг улушида ҳисобга олиш учун қабул қилинади. Агар товарлар экспортга воситачи орқали реализация қилинган бўлса, унинг ҳисобварағига тушган тушум ҳисобга олинади .

Ушбу чекловлар охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи бўлмаган интизомли солиқ тўловчилар тоифасига киритилган экспорт қилувчиларга нисбатан татбиқ этилмайди. Улар экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича «кирувчи» ҚҚС суммасини, валюта тушуми келиб тушишидан қатъи назар, тўлиқ ҳисобга олишга ҳақли. Бироқ, товарлар «экспорт» божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 календарь кун ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларига келиб тушмаган тақдирда ҳисобга қабул қилинган солиқ суммаси ёки унинг тегишли қисми ҳисобдан чиқарилади.

Эътибор беринг
Агар ўтган йилда сиз ҚҚС тўловчи ҳисобланмаган бўлсангиз, 060–070-сатрларни тўлдирмайсиз. Агар жорий йилнинг 1 январида ўтган йилдаги экспорт бўйича дебиторлик қарзи пайдо бўлса, яъни йилнинг бошига валюта тушуми тўлиқ олинмаса, сиз уларни келгуси йилда тўлдирасиз.

040-сатрда сиз томонингиздан танланган усул (алоҳида-алоҳида ёки мутаносиб) қўлланилгач, барча тузатишлар киритилганидан сўнг ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси автоматик равишда ҳисоб-китоб қилинади. У сатрлар бўйича қўшиш орқали аниқланади:

  • 0401 – 12% ставка бўйича солиқ солинадиган айланмалар бўйича (0201-сатр + 0301-сатр);
  • 0402 – 0% ставка бўйича солиқ солинадиган айланмалар бўйича (товарлар экспортидан ташқари), шунингдек Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича (0203-сатр + 0303-сатр);
  • 0403 – ноль даражали ставкада солиқ солинадиган товарларни экспортга реализация қилиш бўйича (0204-сатр + 0304-сатр), шу жумладан:

04031 – келиб тушган валюта тушумлари бўйича. Ушбу сумма 6-иловадаги келиб тушган валюта тушумининг улуши миқдоридан келиб чиққан ҳолда автоматик равишда ҳисоб-китоб қилинади (0403-сатр х 6-илова 01044-сатри : 100);

04032 – валюта тушумининг тўлиқ ҳажмда келиб тушмагани учун ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси (0403-сатр – 04031-сатр);

04033 – интизомли солиқ тўловчилар жумласига киритилган экспорт қилувчилар томонидан ҳисобрақамларга келиб тушмаган валюта тушумлари бўйича ҳисобга

киритиладиган ҚҚС суммаси.

050-сатрда ҳисобга қабул қилинмайдиган ҚҚС суммаси ҳисоб-китоб қилинади.

ҚҚС ҳисоб-китобига 6-иловани қандай тўлдириш керак

ҚҚС ҳисоб-китобига 6-илова ортиб борувчи якун билан тўлдирилади ва товарларни экспорт қилувчилардан ташқари барча ҚҚС тўловчилар учун автоматик равишда тўлдирилади.

Товарларни экспорт қилувчилар 01041–01043-сатрларни қўлда тўлдирадилар, сатрлар бўйича қуйидагича акс эттирадилар:

  • 01041 – жорий йил бошидан товарлар экспорти (чет эл валютасида);
  • 01042 – йил бошидан экспортга жўнатилган товарлар учун жорий йилда келиб тушган валюта тушуми (чет эл валютасида);
  • 01043 – товарлар экспортидан келиб тушмаган валюта тушуми (юклаб жўнатиш кунидаги МБ курси бўйича сўмда). 

Агар товарлар экспортга жўнатилса ва валюта тушуми турли чет эл валютасида келиб тушса, 01041 ва 01042-сатрлардаги валюта юкни жўнатиш санасидаги МБ курси бўйича сўмга ўтказилади. 

Эътибор беринг
Ўтган йили экспортга реализация қилинган товарлар учун жорий йилда валюта тушумининг келиб тушиши 3-иловада акс эттирилади.

ҚҚС ҳисоб-китобини қандай тўлдириш керак

ҚҚС ҳисоб-китоби солиқ даври (ой) учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш имконини беради. Барча иловалар тўлдирилганидан кейин Ҳисоб-китоб сатрлари автоматик равишда тўлдирилади:

  • 010 – солиқ даврида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси, (3-илованинг 040-сатридан 6-илованинг 030-сатри чегирилган ҳолда кўчирилади);
  • 020 – товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси бўйича ҚҚС суммаси 1-илованинг 4-устуни 010-сатридан;
  • 030 – бюджетга тўланиши (камайтирилиши) лозим бўлган ҚҚС суммаси, жами (020-сатр – 010-сатр).

Агар ҳисобга олинадиган ҚҚС (010-сатр) реализация бўйича ҳисобланган ҚҚСдан (020-сатр) ортиқ бўлса, тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси салбий бўлиб чиқади, яъни камайтиришга ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз

Бюджетга тўлаш учун ҳисоблаб чиқарилган ҚҚСнинг суммаси салбий бўлса, уни қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўласиз. Қайтариладиган (қопланадиган) солиқ суммаси :

  • солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига олинади;
  • банк ҳисобварағингизга қайтарилади .

Бунда 2022 йил 1 январдан солиқ органларига ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисида ариза билан алоҳида мурожаат қилиш тартиби бекор қилинган.

«ҚҚС тўловчи ҳақидаги маълумотлар» шаклида ҚҚС бўйича юзага келиши мумкин бўлган манфий фарқдан қандай фойдаланишингизни кўрсатинг. Сариқ рангли катакчаларда ахборот автоматик равишда тўлдирилади. Ҳаворанг катакчаларга эса қуйидагиларни қўлда киритиш керак бўлади:

  • қопланадиган ҚҚС суммасини;
  • ҚҚС қайси солиқ даври якунлари бўйича қопланаётганини;
  • қопланиш тартибини – умумий ёки тезлаштирилган;
  • манфий фарқнинг қандай – ноль даражали ставка ёхуд 12% ставка қўлланилиши натижасида юзага келганини.
Эътибор беринг

Агар ҳаворанг катакчаларни қўлда тўлдирмасангиз, тизим қуйидаги хатолар ҳақида хабар беради:

Хато* – қопланадиган сумма нолдан кам бўлмаслиги керак.

Хато** – қопланадиган сумма ШҲВ (шахсий ҳисоб варақаси) бўйича ортиқча тўланадиган суммадан катта бўлмаслиги керак.

Хато*** – манфий ҚҚС суммасини келгуси тўловлар ҳисобига қўшиб ҳисоблаш керак бўлса, тезлаштирилган равишда қоплаш тартибини танлашнинг иложи йўқ.

Хато**** – манфий фарқ суммаси юзага келган бирор сабабни танлаш керак ёхуд агар ҚҚСни қоплаш даври нотўғри кўрсатилган.

Ҳисоботнинг барча шакллари тўлдирилганидан сўнг нима қилиш керак

ҚҚС бўйича ҳисоботнинг барча шаклларини тўлдириб бўлгандан сўнг:

  • «Сақлаш» тугмасини босиш орқали ҳисоботни сақлаб қўйишингиз ва уни кейинроқ жўнатишингиз мумкин;
  • «Жўнатиш» тугмасини босиш орқали ҳисоботни зудлик билан юборишингиз мумкин.

«Журнал» бўлимида ҳисоботнинг ҳолатинитекшириш мумкин: солиқ органлари томонидан қабул қилинганлигини ёки хатоликлар мавжудлиги туфайли қабул қилиниши рад этилганлигини. 

Жўнатилгандан кейин ҳисоботингиз «Ишлаш жараёнида» бўлимига ўтказилади. Ҳисоботни қайта ишлаш унинг тегишли катакчалари тўлдирилишининг тўғрилиги ва тўлиқлигини автоматик равишда текширишни ўз ичига олади.

Хатоликлар аниқланса, ҳисобот «Хатолик мавжуд» бўлимига ўтказилади.

Агар ҳисоботда хатоликлар топилмаса, у «Жўнатилган» бўлимига жойлаштирилади.

Белгиланган муддатларга риоя қилинган ҳолда жўнатилган ҳисоботларга «Ўз вақтида ўтказилган» мақоми берилади. Агар ҳисоботнинг муддати ўтиб жўнатилган бўлса, «Кечиктириб ўтказилган» мақоми берилади.

Ҳисоботни тақдим этиш ва ҚҚСни тўлаш муддатлари 

Солиқ тўловчилар ҚҚС бўйича ҳисоботларни солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этадилар:

  • электрон шаклда хизмат кўрсатадиган чет эл юридик шахслари – ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай . Ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун даври чорак ;
  • бошқа солиқ тўловчилар учун – ўтган солиқ давридан (ойдан) кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай .

ҚҚСни ҳисоботни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўланг.

Эътибор беринг

2028 йил 1 январгача бўлган даврда бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисмини ҳар ойда (25-санагача) қайтариш тартиби жорий этилди :

  • туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига – 2024 йил 1 октябрдан эътиборан бюджетга тўланган солиқ суммасининг 20%и миқдорида ;
  • умумий овқатланиш корхоналарига – 2025 йил 1 январдан бошлаб (ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг (тўлов терминаллари ёки мобиль тўловлар орқали) улушига қараб):

– 60%дан ортиқ – бюджетга тўланган солиқнинг 40%и;
– 60%дан кам бўлса – тўланган солиқнинг 20%и қайтарилади;

  • ишлаб чиқарилган гўшт, сут, парранда гўшти ва тухумни реализация қилишдан олинган тушуми товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган умумий тушумнинг камида 90%ини ташкил этадиган чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига – 2025 йил 1 апрелдан бошлаб тўланган солиқнинг 50%и миқдорида ;
  • заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига – 2026 йил 1 январдан бошлаб тўланган солиқнинг 80%и миқдорида автоматик равишда. Шарти – солиқ даврида (ой) жами олган даромадининг камида 80%ини заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва улар билан чакана савдо қилишдан олинган даромад ташкил этади .
Умумий овқатланиш корхоналари, туроператорлар ва меҳмонхоналарга ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартиби Вақтинчалик низом билан белгиланган.
Чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларига ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш тартибини Вақтинчалик низом тартибга солади .
2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар болалар учун миллий контент, ш.ж. аудиовизуал ва бадиий асарлар, нашриёт ва рақамли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи юридик шахсларга, шунингдек Болалар контентини ривожлантириш марказига улар томонидан яратилган болалар контенти бўйича тўланган ҚҚС солиқ ҳисоботи топширилгандан сўнг тўлиқ ҳажмда қайтарилади .
2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар ҚҚСни қайтаришнинг ушбу тартиби миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқарувчиларига ҳам татбиқ этилади .
Бу ҳақда батафсил тавсияда ўқинг.

ҚҚС тўловчилари бўлмаган солиқ агентлари ҳисоботни солиқ тўланган ўтган солиқ давридан (ойдан) кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этади.

«Божхона» ҚҚС божхона қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда тўланади.

Эслатиб ўтамиз

Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингининг ААА, АА ва А тоифасидаги корхоналар товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш ҳуқуқига эгалар. 2024 йил 11 декабрдан бошлаб ушбу преференция ВВВ тоифасидаги корхоналарга ҳам татбиқ этилади .

Божхона ва солиқ органлари ўртасида солиқни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имконияти муносабати билан БЮДнинг 47-«Божхона тўловларини ҳисоблаш» графасида «ТУ» устунида тўлов усулининг тегишли коди – «ЎҲК» белгиланади  .

Эътибор беринг

Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаслик жарима солиш билан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади :

  • юридик шахснинг мансабдор шахсига БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
  • якка тартибдаги тадбиркорга БҲМнинг 3 баравари миқдорида.
Солиқларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг