Банклар истеъмол кредитининг тўлиқ қийматини қандай ҳисоблайдилар

preview

Тижорат банклари кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (14.05.2019 йилда 905-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Ҳужжат истеъмол кредитининг (қарзнинг) тўлиқ қийматини ҳисоб-китоб қилиш тартиби билан тўлдирилди. Хусусан, нималар ҳисоб-китобга киритилиши ва киритилмаслиги белгиланди (қуйидаги жадвалга қаранг).


Ҳисоб-китобга киритиладиган қарз олувчининг тўловлари

Ҳисоб-китобга киритилмайдиган тўловлар

асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловлар


қарз олувчининг учинчи шахслар фойдасига амалга ошириладиган тўловлари, чап устунда кўрсатилган тўловлар бундан мустасно

банк фойдасига амалга ошириладиган тўловлар – агар бундай тўловлар шартнома шартларига мувофиқ қарз олувчининг мажбуриятларига кирса ва (ёки) кредит ёки қарз берилиши бундай тўловларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса

қарз олувчининг шартнома шартлари бажарилмаслиги билан боғлиқ тўловлари, шу жумладан неустойка ва бошқа турдаги жарималар


учинчи шахслар фойдасига амалга ошириладиган тўловлар, агар бундай тўловлар шартнома шартларига мувофиқ қарз олувчининг мажбуриятларига кирса, шу жумладан қуйидаги тўловлар:

  • суғурта ташкилоти фойдасига амалга оширилган тўловлар, агар суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юзага келган тақдирда наф олувчи бўлиб банк ҳисобланса;
  • қарз олувчининг мажбуриятлари таъминотига қабул қилинган ва гаровга қўювчининг ихтиёрида қоладиган гаров предметини гаров шартномаси бўйича суғурта қилишда қарз олувчи томонидан суғурта ташкилотининг фойдасига амалга оширилган тўловлар;
  • қарз олувчи томонидан кафолат (кафиллик) олиш учун кафолат берувчига (кафилга), шунингдек гаровга топширилаётган мулкни баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга тўланган тўловлар;
  • мижозларни жалб қилиш, улар томонидан кредит ёки қарз олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни текшириш, ушбу ҳужжатларни банкка топшириш, кредит ёки қарзларни қоплаш ҳисобига банк мижозларидан тўловлар ва пул ўтказмаларини қабул қилиш бўйича банкка хизмат кўрсатадиган ташкилотлар (воситачилар) ҳисобига амалга оширилган тўловлар

банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда берилган кредитлар (қарзлар) бўйича тўловлар, хусусан:

  • валюта ҳисобварағидан (ажратилган кредит валютасидан) фарқли ўлароқ, бошқа валютада амалга оширилган операциялар бўйича ундирилган комиссиялар;
  • банк картасини чиқариш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ комиссиялар;
  • кредит (қарз) суммаларини банкоматлардан фойдаланган ҳолда нақл пулда олганлиги учун тўланган комиссиялар

Банклар иккита ҳолатда истеъмол кредитининг тўлиқ қийматини ҳисоблаб чиқишлари шарт:

1 – шартнома тузилганда;

2 – кредит (қарз) олиш истагини билдирган қарз олувчиларга кредит (қарз) олиш шартлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш вақтида. Агар маълумотлар тақдим этиш вақтида айрим тўловлар миқдорини аниқлаш имкони бўлмаса, у ҳолда банк томонидан унга маълум бўлган шу турдаги тўловларга амал қилиши ҳамда кредит ёки қарз олиш истагини билдирган қарз олувчиларга шу тўловларнинг манбаларини ошкор қилиши лозим (масалан, тарифларидан фойдаланилган суғурта компаниясининг номи).

Агар кредит ёки қарзнинг фоиз ставкаси базавий кўрсаткичларга (МБнинг қайта молиялаштириш ставкаси, инфляция даражаси ва б.) боғланган бўлса, у ҳолда банк тўлиқ қийматни ҳисоблашда шу кундаги базавий кўрсаткичларнинг миқдоридан фойдаланади.

Ҳисоб-китоб қилиш учун дастурий воситалар қўлланилади. Microsoft EXCEL дастурининг ЧИСТВНДОХ (инглиз тилидаги версиясидаXIRR) молиявий функциясидан фойдаланиш тавсия этилади. Вергулдан кейин бир белгигача яхлит қилиб ҳисобланади. Агар вергулдан кейинги иккинчи белги «5»га тенг ва ундан юқори бўлса, у ҳолда иккинчи белги бир бирликка оширилади. Масалан, 18,66% яхлит қилиб ҳисоблангач, 18,7% ҳосил бўлади.

Тўлиқ қийматнинг миқдори қарз олувчилар билан тузиладиган шартномаларда кўрсатилиши шарт – шартноманинг биринчи варағи ўнг юқори бурчагида, квадрат шаклдаги рамка ичига, оқ фонда қора ранг билан, 16 ўлчамдан кам бўлмаган яхши ўқиладиган шрифт билан, рақам ва сўзлар билан ёзилади.

Банклар ўзларининг расмий веб-сайтларида потенциал қарз олувчиларга кредитнинг тўлиқ қийматини мустақил ҳисоблаб чиқиш имкониятини яратиб беришлари лозим. Улар ҳисоб-китоб тартибини ва уни ҳисоблаб чиқишдаги тўловларнинг рўйхатини ошкор қилишлари керак.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.08.2019 йилдан кучга киради.


Олег Заманов.




Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text150823_banklar_istemol_kreditining_tuliq_qiymatini_qanday_hisoblaydilar