Харидор кешбэк ололмаса, қандай йўл тутиш керак

preview

Мижозлар Soliq мобил иловасида кешбэк ололмасликларидан кўп шикоят қиладилар. Сотувчи ёки харидорнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари оқибатида шундай вазият юзага келиши мумкин.

Вuxgalter.uz илтимосига кўра ДСҚ мутахассислари ушбу вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини тушунтириб бердилар.

 

Харидорлар кешбэк олиш учун Soliq мобил иловасида чекларни рўйхатдан ўтказадилар. Бунда улар чекнинг QR-кодини сканердан ўтказадилар ёки фискал модуль рақами ва фискал белгини киритадилар.

Қуйидаги чекларни иловада рўйхатдан ўтказиб бўлмайди :

  • берилган кундан бошлаб 10 календарь кун ўтган;
  • аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган;
  • автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари;
  • шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари.

Эътибор беринг: маркетплейс (тўлов иловаси) ва Soliq иловаси биргина телефон рақамига уланиб рўйхатдан ўтказилган бўлса, маркетплейс шакллантирган чеклар Soliq мобил иловасида автоматик равишда рўйхатга олинади.

Солиқ органи чек бўйича кешбэк тўлаш ҳақида қарор қабул қилаётганда товарлар (хизматлар) харид қилинган ойдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар у ҳақдаги маълумотларни текширади . Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низом рад этишнинг эҳтимолий сабабларини аниқлайди. Улар сотувчи ёки харидорга боғлиқ бўлиши мумкин.

 

Сотувчига нималар боғлиқ

Харидор кешбэк ололмайди (ёки кам миқдорда олади), агар сотувчи :

  • солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этмаса ва (ёки) 1 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлигига эга бўлса;
  • ҳисобга олинмаган, яъни қуйидаги товарларни реализация қилган бўлса:

а) сотиб олинган товарлар номенклатурасида бўлмаган;

ёки

б) уларнинг сони сотиб олинган товарлар сонидан кўп бўлган;

  • онлайн-НКМ чекларида товарнинг МХИК ва штрих-кодларини нотўғри кўрсатса;
  • рўйхатдан ўтказилган чек бўйича товарларни (хизматларни) сотишдан тушган даромад суммаларини солиқ ҳисоботида акс эттирмаса;
  • товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтаришни расмийлаштириш қоидаларини бузса.

Бундан ташқари, Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бобига мувофиқ, сотувчи тузатишлар киритадиган чеклар алоҳида назорат қилинади.

Чекка тузатиш киритиш чоғида қуйидаги тартибга амал қилинади:

  1. Сотувчи my.sоliq.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали чекка тузатиш киритиш учун ариза юборади.
  2. ДСҚ ариза келиб тушган кундан бошлаб 3 кун ичида ўзгартиришларни киритиш имконияти бор ёки йўқлиги тўғрисидаги хулосани сотувчига юборади.
  3. Харидор чекни Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказган бўлса, харидор Soliq иловасида чекда хато борлигини кўрсатса, ундаги хатони тузатиш мумкин.
  4. ДСҚ бундай чек бўйича қуйидагиларни текширади:

– сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг қолган қисми бўйича харидорга кешбэк тўлашнинг;

– сотувчи чекка киритган тузатишларнинг асослилигини.

Улар бўйича кешбэк тўланган чекларга тузатиш киритилмайди!

 

Харидорга нималар боғлиқ

Қуйидаги ҳолларда кешбэк тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин :

  • Харидор шубҳали харидорлар реестрига киритилган бўлса.

Бундай реестрни ДСҚ юритади. Унга қуйидаги жисмоний шахслар киритилади :

– бошқа шахсга тегишли бўлган онлайн-НКТ чекини унинг рухсатисиз олиб қўйиш ёки бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этиш орқали товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариш ва (ёки) тўғридан-тўғри қайтариш ҳуқуқини олган;

– махсус мобил илова орқали 15 та ёки ундан ортиқ шахс айнан улар харидни амалга оширганликлари, ушбу шахс у бўйича кешбэк олганлиги тўғрисида шикоят қилган.

Қуйидаги ҳолларда жисмоний шахслар шубҳали харидорлар реестридан чиқарилади:

– реестрга киритилган кундан бошлаб 12 календарь ой ўтганидан кейин;

ёки

– шахс ўз хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини, шу жумладан суд тартибида исботлаганидан кейин .

  • Харидор чекни Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказмаган бўлса.

 

Муайян шахс ҳақиқатда харидни амалга оширганлиги борасида шубҳа юзага келса, ДСҚ у ҳақиқатда харидни амалга оширганини тасдиқлашини талаб қилишга ҳақли.

Ёдингизда бўлсин:

  1. Харидор Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказилган ва идентификацияланган бўлиши керак. У мазкур иловада рўйхатдан ўтказган чеклардан кешбэк олиш ҳуқуқига эга бўлади .
  2. Харидор Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтказиш учун чекни бошқа шахсга беришга ҳақли.
  3. Кимдир чекини рухсатсиз рўйхатдан ўтказганидан хабар топган харидор шикоят қилиши ва кешбэк тўлашни талаб қилиши мумкин.
  4. Корпоратив карта орқали хариддан кешбэк чекни рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсга тўланади .

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /uz/publish/doc/text186689_haridor_keshbek_ololmasa_qanday_yul_tutish_kerak