АВ дивидендлар сифатида қолдиқ қийматидан паст нархда берилса, қандай солиқ оқибатлари юзага келади

preview

“Корхонанинг балансида нотурар жой (кўп қаватли уйнинг I қавати ва ертўласи) мавжуд. Уни таъсисчига дивидендлар ҳисобига қолдиқ қийматидан паст реализация қилмоқчимиз. АВ қолдиқ қийматидан паст ва СКнинг 412-моддасида кўрсатилган 1 кв. метр учун энг кам қийматдан паст реализация қилинган тақдирда корхона ва таъсисчи учун солиқ оқибатлари юзага келадими?”. 

Саволга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

– Амалдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида товарлар таннархидан паст реализация қилинганда солиқ базасини, хусусан ҚҚС, фойда солиғи ва ЖШДС бўйича солиқ базасини таннарх асосида аниқлаш талаби мавжуд эмас.

 

ҚҚС

ҚҚС бўйича солиқ базаси унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади .

Бунда, агар битимнинг нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи эса бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли .

 

Фойда солиғи

2022 йилдан бошлаб фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш мақсадида жами даромадга СКнинг 248-моддасига биноан ҚҚС бўйича солиқ базасига қўшимча солиқ ҳисоблаш ҳолларида товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда тузатиш киритиш натижасида олинган даромад ҳам киритилади .

 

ЖШДС

Солиқ кодексининг ЖШДСни ҳисоб-китоб қилишни регламентловчи моддаларида бозор нархини назорат қилиш бўйича мажбурият белгиланмаган. Бироқ, агар ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолати аниқланса , АВни реализация қилишда қўшимча ЖШДС ҳисоблаш хавфи мавжуд .

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, сиз АВнинг қолдиқ қийматига эмас, балки унинг бозор қийматига эътибор беришингиз керак. Бозор қийматидан паст реализация қилинганда солиқ органлари қўшимча ҚҚС, фойда солиғи ва ЖШДС ҳисоблашга ҳақли.

Тошкент шаҳри бўйича 2,5 млн сўм миқдоридаги энг кам қиймат фақат юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоб-китоб қилишда қўлланилади. У кўчмас мулкни реализация қилишда бозор қиймати ҳисобланмайди. Кўчмас мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун корхона унинг қийматини мустақил баҳолашни амалга ошириши мумкин.