Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2023 йил 1 мартдан Е-aktiv да ишлашни қандай бошлаш мумкин
Аввалбошдан ушбу материал етилиб бораётган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Материалда 595-сон ВМҚга мувофиқ 1 мартдан Е-aktiv тизими ишга туширилиши лозим бўлганлиги, лекин бунга регулятор ҳам, солиқ тўловчилар ҳам, тизим ҳам тайёр эмаслиги ҳақида айтилган. Ҳозир фақат амалда ТМЗ бўйича функционал ишлаётганлиги маълум қилиниши керак. Ушбу тизимда қадамма-қадам йўриқнома ёки бошқа бирор-бир йўриқномалар берилмаган.
Бироқ мақола берилганидан кейин – шу куннинг ўзидаёқ кечки пайт – регулятор оқилона қарорни қабул қилишга – тизимни созлаш ва уни бухгалтерларга ўргатиш даврини узайтиришга тайёр эканлиги маълум бўлган.
Биз Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ бўлим бошлиғи Нодир МУХАММАДОВ ва «Норма» эксперти Эльвира ЖИЛЬЦОВА тушунтиришларини ўқувчилар учун очиқ қолдирдик. Тушунтиришлар Е-aktiv билан танишувни бошлашга тайёр шахсларга кўмакдош бўлади:
– Бошланишига my3.soliq.uz даги солиқ тўловчининг шахсий кабинетига киринг ва хизматлар рўйхатидан «Э-актив (Э-омбор)»ни танланг.
Е-aktiv тизимининг асосий саҳифаси очилади:
1-қадам: ташкилот омборини (омборларини) ташкил қилиш
Тегишли реквизитларни тўлдиринг:
- омбор рақами, унинг номи ва манзили;
- омбор мудири – моддий жавобгар шахснинг реквизитлари (ЖШШИР, Ф.И.Ш.);
- омбор майдони.
Бунда маълумотларнинг бир қисми автоматик равишда – E-ijara тизими маълумотлари бўйича тўлдирилади.
E-ijara да ижара шартномасини рўйхатдан ўтказиш тартибини бузганларга қуйидаги чоралар қўлланилиши мумкин:
1) солиқ базасини яширганлик учун жарима. Давлат солиқ хизмати органларида (Е-ijara да) ҳисобга қўйилмаган шартномаларга асосан ижарага бериладиган ёки бепул фойдаланиладиган кўчмас мулк объектларида ТМЗ қолдиқлари :
– инвентаризациядан ўтказилмайди;
– солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчининг омборида мавжуд бўлмаган сифатида баҳоланади.
Ушбу активларнинг ҳар қандай ҳаракати солиқ органлари томонидан расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, фойдаланиш ва реализация қилиш сифатида баҳоланиши ҳамда СКнинг 223-моддаси бўйича ушбу маҳсулотларни реализация қилиш қийматининг 20%и миқдорида жарима солиниши мумкин;
2) ҚҚС тўловчиси сертификатининг амал қилишини тўхтатиб қўйиш. Агар солиқ тўловчида ижара шартномаси Е-ijara да рўйхатдан ўтказилмаган бўлса ва хусусий кўчмас мол-мулк мавжуд бўлмаса, таҳлика-таҳлил тизими буни «хусусий, ижарага олинган ёки бепул фойдаланишдаги мулк жойлашган жойи бўйича мавжуд эмас» деб баҳолайди. Бу эса – солиқ тўловчини юқори хавф гуруҳига киритишга асос бўлади .
Натижада бу иш ҚҚС тўловчи сифатида ҳисобга қўйишни рад этиш ёки бундай рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини тўхтатиб қўйиш билан якунланиши мумкин .
Сиз омборни (омборларни) рўйхатдан ўтказганингиздан кейин Е-aktiv тизимида ТМЗларни кирим қилиш ва харажатларни акс эттиришингиз ва ҳисобга олишингиз мумкин.
Бугунги кунда Е-aktiv тизимида ТМЗларни баҳолаш қийматисиз, фақат миқдорий жиҳатдан ҳисобга олиш назарда тутилган.
Тадбиркорларни омбор биноларини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш қисмида нималар хавотирга солмоқда
- «Бизда – оилавий корхона, табиийки, омбор мавжуд эмас, чунки ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш уйда (хусусий уйда) ташкил қилинган. Хом ашё ва тайёр маҳсулот қолдиқлари қандай кирим қилиниши керак? Агар омбор бўлмаса, тизимга товар қолдиқларини киритиб бўлмайди. Қандай йўл тутиш керак?».
- «Ташкилот бир вақтнинг ўзида улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланади. Дўконнинг ижара шартномаси Е-ijara тизимида рўйхатдан ўтказилган, омбор – контейнерлар эса – рўйхатдан ўтказилмаган. Бундай вазиятда ТМЗ қолдиқларини чакана ва улгуржи савдо учун алоҳида-алоҳида қандай кирим қилиш мумкин?».
- «Ташкилотда виртуал офис бўлганда нима қилиш керак? Биз IT-технологиялар соҳасидаги хизматларни, маслаҳат хизматларини кўрсатамиз. Бунда – ҚҚС тўловчиси ҳисобланамиз ва Е-aktiv тизимида ТМЗлар ҳаракатини (масалан, ёзув-чизув товарлари кирим қилиниши ва сарфланишини) акс эттиришимиз лозим. Буни омборсиз қандай амалга ошириш мумкин?».
Ушбу саволларга жавоблар ҳозирча Е-aktiv тизимида мавжуд эмас. Эҳтимол, яқин кунларда (2023 йил март) тизим мазкур қисм бўйича мукаммал ишлаб чиқилиши мумкин. Ёки – регулятор бундай солиқ тўловчилар қандай йўл тутишлари кераклиги тушунтириб берса керак.
Тизимда қуйидагиларнинг ҳаракати акс эттирилиши лозим:
- ишлаб чиқариш захиралари (1000, 1100, 1500, 1600);
- тугалланмаган ишлаб чиқариш (2000, 2100, 2300, 2700);
- тайёр маҳсулотлар;
- товарлар.
Бунда 4-сон БҲМС ва Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш қоидаларига риоя қилиниши керак.
Е-aktiv тизимида 2023 йил 27 февраль ҳолатига кўра қолдиқларни киритиш ҳамда ҳисобот даври бошида ва охирида сальдони текшириш назарда тутилмаган. Шу боисдан унда моддий ёки товар ҳисоботини шакллантириш имконияти ҳозирча мавжуд эмас.
2-қадам: «Кирим» иловаси
Кирим манбаи қуйидагилар бўлиши мумкин:
- ЭҲФ (ЭҲФдаги маълумотлар бўйича автоматик равишда тўлдирилиши лозим, бироқ ҳозирча ишга туширилмаган);
- БЮД (БЮДдаги маълумотлар бўйича тўлдирилади, бироқ – қўлда тузатиш киритиш имконияти ҳам бор).
- «Жами кирим» (маълумотларни қўлда киритиш орқали тўлдирилади) – қуйидагилар акс эттирилган ҳолда:
– ТМЗ кирим қилиш манбаи (тайёр маҳсулотлар келиб тушиши, бошланғич қолдиқ, ишлаб чиқаришдан келиб тушиши):
– ТМЗни кирим қилиш усули (бепул ёки сотиб олиш):
– кирим асослари (хом ашё, ёқилғи, тайёр маҳсулот):
ТМЗни кирим қилишда айни пайтда қуйидагилар бўйича маълумотларни акс эттириш имконияти мавжуд эмас:
- товар қарзлари;
- давал хом ашё;
- НМА;
- масъул сақлашга берилган ТМЗ;
- мулкка бўлган ҳуқуқнинг ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда импорт операцияларининг ўзига хос жиҳатлари;
- инвентаризация натижалари бўйича аниқланган ортиқчаликлар;
- бепул олинган ТМЗ.
ТМЗ кирим қилишни илгари Excel форматида тузилган файл-шаблон ёрдамида шакллантириш мумкин:
Бунинг учун файл-шаблонни тўлдиринг ва тизимга юкланг:
3-қадам: «Харажат» иловаси
2023 йил 27 февраль ҳолатига кўра E-aktiv да ТМЗ ва АВ харажатлари қисмида қуйидагилар назарда тутилган:
- ТМЗлар ишлаб чиқаришга ўтказилиши;
- омборлар орасида ҳаракатланиши;
- ТМЗлар экспорти;
- лизинг операциялар;
- ТМЗлар ҳисобдан чиқарилиши;
- асосий воситаларнинг яратилиши;
- уларнинг ҳисобдан чиқарилиши.
Бу ерда харажат манбаини танлаш мумкин:
Шунингдек сиз ТМЗ харажати бўйича Excel форматидаги файл-шаблонни шакллантиришингиз ва юклаб олишингиз мумкин:
4-қадам: асосий воситалар мавжуд бўлса
«Асосий воситалар» иловасида дарҳол қуйидаги саволлар юзага келади:
- нимадан бошлаш керак? АВ қолдиқларини 01.03.2023 й. санасида киритиш керакми ёки ишга туширилган санадан бошлаб киритиладими;
- АВ тури кўрсатилиши лозимми? Буни қаерда амалга ошириш керак;
- АВ омборда капитал қўйилма сифатида бўлиши мумкинми. Мазкур ҳолатда қандай қилиб уни амортизация қилмаса бўлади? Тизимда ишга тушириш далолатномаси қаерда шакллантирилиши керак?
Ушбу саволларга жавоблар ҳанузгача тизимда мавжуд эмас.
Бунда Е-aktiv да АВ амортизациясини ҳисоблаш операцияси назарда тутилган. Бунинг учун:
1) асосий ойнада «Таҳрир қилиш» тугмасини босинг. Амортизацияни ҳисоблаш ойнаси очилади;
2) амортизация тури танланг;
3) амортизация ҳисобланиши лозим бўлган АВ гуруҳи номини танланг;
4) «Ҳисоблаш» тугмасини босинг.
2023 йил 1 мартдан нималар қилиш мумкин ва нималар қилиниши керак:
1. Инвентаризация. Ҳақиқатдаги ва ҳисоб маълумотларини мувофиқлаштиринг.
2. 1С ни техник созлашлар: Е-aktiv билан ишларни автоматлаштириб созлаб қўйинг.
3. Корхона бўлимларида (бухгалтерия, омбор, логистика) тушунтириш ишлари. Мажбуриятларни тақсимланг.
4. Активлар ҳаракати йўриқномаси. Уни тузинг ва ҳамкасбларга (таъминот, омбор, цех, савдо) тушунтиринг.
5. Компания раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватлаш. Жамоада йўлга қўйилган ишларнинг муҳимлигини раҳбарият эътиборига етказинг.
Таҳририятдан:
Ишлаб чиқувчилар «Норма»да ўтказилган семинар доирасида айтиб ўтилган масалалар ва таклифлар, Е-aktiv тизимининг барча муаммоли ва «ҳисобга олинмаган» жиҳатларини кўриб чиқишни ваъда қилдилар. Ушбу тизим, масалан, «Электрон солиқ ҳисоботи» ва «ЭҲФ» функционаллари билан нафақат солиқ органлари, балки бухгалтерлар учун ҳам юқори даражада қулай механизмга айланиши лозим.
Семинарда кўйилган саволларга жавобларни биз албатта солиқ органларининг мутахассисларидан ва Е-aktiv тизимининг ишлаб чиқувчиларидан яқин кунларда оламиз. Албатта, уларни эълон қиламиз.
Шунингдек Е-aktiv тизимини йўлга қўйиш ва уни лозим даражада ишлайдиган ҳолатга келтириш даврида бухгалтерларга нисбатан ҳеч қандай жавобгарлик чоралари ва ундиришлар қўлланилмаслигига ишонамиз. Ахир биз ҳозирги кунда – тўғри ташкил қилинган ва адолатли солиқ маъмуриятчилигига эришиш мақсадида электрон коммуникацияларни жорий этиш йўлидан бораётган ягона ишчи гуруҳи ҳисобланамиз.
Татьяна ЛИМАРЕВА тайёрлади.